Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳудудий бюроси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Силга қарши кураш бўйича Дастури (Project HOPE) томонидан Бутунжаҳон силга қарши кураш куни муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фтизиатрия ва пульмонология соҳасига ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари мутахассислари, олимлар, шифокорлар, журналистлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Матбуот анжуманида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда замонавий талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, хирургия, кардиология, урология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, терапия ва тиббий реабилитация, фтизиатрия ва пульмонология каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказлар тармоғи яратилгани фахр билан эътироф этилди. Жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, юқумли касалликлар тарқалишини олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли сўнгги йилларда юртимизда сил, гепатит ва шу каби эпидемиологик хасталиклар билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада камайгани таъкидланди.
-Сил касаллиги бутун дунёда жиддий муаммолигича қолмоқда. Масалан Европа ҳудудида 2016 йилда сил касаллиги билан 290 минг нафар одам касалланган ва 26 минг нафарга яқин бемор вафот этган. Сўнгги 10 йил ичида ҳудудда сил билан касалланиш йилига 4,9%га камайган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг “2015 йилдан кейинги халқаро силга қарши кураш сратегиясида” илгари сурилган “Cилдан ҳоли дунё” ғояси борасида АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятнинг қарашлари муштарак. 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида USAID Ўзбекистонда силга қарши курашга кўмаклашиб келди ва ўз навбатида сил билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда сил туфайли юзага келган ўлимлар сонининг камайишга ҳисса қўшди, — дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги директори Гэри Роббинс.
Тадбирда мутахассислар тақдим этган маълумотларга кўра, ЮСАИДнинг Силга қарши кураш Дастури мамлакатимизнинг 4 та ҳудудида, яъни Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида самарали фаолият олиб бормоқда. Мазкур дастур 2014-2019 йилларга мўлжалланган бўлиб, дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистонда сил билан боғлиқ муаммоларни камайтириш ва сил касаллигининг кўп дориларга турғун турлари ривожланишининг олдини олишдан иборат. Шунингдек Дастур доирасида соғлиқни сақлаш тизимини кучайтириш мақсадида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, муассасалараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни янада яхшилаш, сил касаллиги диагностикаси ва даволаш имкониятларини кенгайтиришга ҳам асосий эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудлардаги силга қарши кураш диспансерларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланмоқда.
— Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонолгия илмий-амалий тиббиёт марказининг фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда, — дейди марказ директори, профессор Наргиза Парпиева. Марказ республикада сил, сурункали носпецифик ўпка касалликларини энг замонавий муолажалар асосида самарали даволаш, хасталиклар кенг тарқалишининг олдини олишга катта ҳисса қўшаётган етакчи илмий муассаса ҳисобланади. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин юртимизда фуқаролар соғлигини сақлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аниқ мақсадга йўналтирилган босқичма-босқич чора-тадбирлар натижасида республикамизда полиомиелит, бўғма, безгак ва бошқа касалликларнинг тугатилишига, қатор юқумли касалликларнинг аҳоли орасида тарқалишини камайтиришга эришилди. Сил касаллиги бўйича ҳам республикада катта тадбирлар амалга ошириляпти. Касалликни даволаш ва профилактика қилиш бўйича Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатлар қаторида етакчи ўринни эгаллайди. Бугунги кунда республикамиздаги барча ихтисослаштирилган муассасалар янги замонавий ускуналар, лаборатория анжомлари билан таъминланган, малакали шифокорлар аҳолига малакали хизмат кўрсатмоқда. Уларни ўқитиш, тажрибасини ошириш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тўғри, ушбу касаллик қулоққа эшитилганда давосиз дарддек туюлади. Лекин бугун тиббиёт соҳасидаги замонавий янгиликлар жадал ривожланиши жараёнида ушбу касалликни аниқлаш усуллари тез ва сифатли йўлга қўйилганлиги, тиббий хизматлар давлат томонидан бепул амалга оширилиши ҳамда касалликни даволашда янги тиббий техника ва услублардан фойдаланилаётгани нафақат, бемор учун, балки унинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ва атрофдагилар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Интерактив ва очиқ мулоқот шаклида олиб борилган анжуманда иштирок этган журналистлар соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари билан биргаликда, ўзаро фикр алмашиш ва соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдириш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
-Бугунги тадбирда ижодий фаолиятим учун керак бўлган кўпгина маълумотларга эга бўлдим, -дейди Хоразм тедерадиокомпанияси катта муҳаррири Сайёра Ҳасанова. – Узоқ йиллардан буён мазкур мавзуда таҳлилий кўрсатувлар, информацион хабарлар ҳамда радио дастурлар тайёрлаб келмоқдаман. Бугун ЮСАИДнинг Силга қарши кураш Дастури ёрдами билан ҳудудий ОАВ вакилларининг сил касаллиги мавзусини ёритишда касбий маҳорати ва кўникмалари ошди. Бу каби лойиҳаларни амалга оширишда журналистлар кўмагидан фойдаланиш ҳам соҳа ходимлари ҳам аҳолимиз учун жуда муҳим деб ўйлайман. Бугунги анжуманда фтизиатор-шифокорлардан олган маълумотларим асосида янги ижодий материаллар тайёрлашни режалаштирдим.
Анжуманда соҳа мутахассислари, олимлар ва тадқиқотчилар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.
Тадбир сўнггида республикамизнинг барча ҳудудларида силга қарши курашда фаоллик кўрсатган шифокорлар, ҳамширалар, аутрич ходимлар, фаоллар ташкилотчилар ҳамда волонтёрлар АҚШ халқаро тараққиёт дастури USAIDнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
USAIDнинг силга қарши кураш бўйича беш йиллик дастури Ўзбекистонда сил касаллигининг олдини олиш ва уни даволаш бўйича хизматларни яхшилаш борасидаги АҚШ Ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ёрдамнинг асосий таркибий қисмидир. USAIDнинг силга қарши кураш бўйича дастури ҳимоя қилинмаган гуруҳлар ташхисдан ўтишлари ва даволанишлари учун имкониятларни кенгайтириш борасида техник ёрдам кўрсатади, шунингдек Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги беморларнинг юқори сифатли лаборатория ташхисидан ўтишларини ҳамда махсус ёндашув орқали даволанишларини таъминлайди.
USAIDнинг силга қарши кураш бўйича дастури техник соҳаларнинг кенг кўламини қамраб олади, жумладан сил билан касалланган шахсларга нисбатан халқаро андазаларга мувофиқ муомала қилиш, соғлиқни сақлаш тизимининг инсоний ва институционал салоҳиятини кучайтириш, идоралараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни яхшилаш, шунингдек электрон маълумотлар базасидан фойдаланишни кўпайтириш. USAIDнинг силга қарши кураш бўйича дастури аёллар, муҳожирлар, собиқ маҳбуслар ва бошқа ҳимоя қилинмаган гуруҳлар вакиллари орасида сил ҳақида хабардорликни ошириш бўйича иш олиб боради.
Дилрабо КУРЯЗОВА,
журналист