Оила аъзолари ёки яқин дўст-биродарлардан бирортаси ўпка силига чалинган бўлса, нима қилиш керак? Афсусланиб, беморни яккалаб, надомат чекиб ўтириш керакми? Албатта, йўқ! Тиббиёт ривожланиб боргани сайин ушбу касалликни даволаш имконияти ҳам кенгайиб бормоқда.
Беморнинг яқинларидан талаб этиладиган нарса — қўллаб-қувватлаш, муолажаларни ўз вақтида мунтазам қабул қилишга кўмаклашиш ва албатта, шифокор тавсияларини тўлиқ бажариш. Унутманг, сизнинг қўллаб-қувватлашингиз яқинингизнинг касаллик билан курашида ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин.
Қуйида ўпка сили билан оғриган беморларни парваришлаш борасида маслаҳатлар бериб ўтамиз. Одатда сил билан оғриган бемор сил хасталиклари касалхонасида, шифохона шароитида даволаниш курси якунига етиб, топширилган балғам натижалари атрофдагилар учун хавфсиз, яъни касалликни тарқатмайдиган бўлгунича ётади. Балғам натижалари яхши чиққач, беморга уйга кетишига рухсат берилади. Даволанишнинг кейинги босқичи уйда, яъни яқин бўлган амбулатория-поликлиника муассасида, тиббиёт ходимлари назорати остида амалга оширилади.
Силга чалинган беморга имкони борича яхши шамоллатиладиган хона, кундалик қўлланилувчи буюм ва кийим-кечаклар алоҳида ажратилиши керак.
Бемор фойдаланадиган буюмлар, идиш-товоқлар, сочиқ, кийим-кечаклар осон тозаланувчи бўлиши лозим (юнгдан тикилган кийим-кечакларни ишлатиш тавсия этилмайди).
Юмшоқ жиҳозлар устига ёпинчиқ ташлаб қўйиш лозим. Негаки юмшоқ жиҳозлар, гилам ва пардалар ўзида чанг ва бактерияларни йиғиши мумкин. Шунинг учун сил билан оғриган бемор хонасини чанг йиғувчи буюмлардан халос этиш керак.
Сил билан оғриган инсоннинг ўз шахсий гигиена буюмлари (сочиқ, тиш чёткаси, тароқ, ич кийимлар ва ҳоказо) бўлиши лозим. Шахсий тозалик буюмлари алоҳида шиша идишда бўлиб, бошқа оила аъзоларининг шахсий буюмлари билан бир қаторда туриши керак эмас.
Беморнинг яқинлари унинг хонасини тозалашда, албатта, махсус халат кийишлари, бошга эса рўмол тақишлари, қўлқоп ва албатта, полипропилен ниқоб (Ҳозир ниқобнинг ушбу тури барча дорихоналарда мавжуд. Агарда бу ниқобни топа олмаган бўлсангиз, ўрнига 8 қаватли дока ниқобдан фойдаланиш мумкин) кийишлари мақсадга мувофиқ.
Сил билан оғриган бемор тез-тез йўталади ва бу йўтал балғам ажралиши билан кечади. Атрофдагиларни инфекция билан зарарлашдан сақланиш мақсадида бемор туфлайдиган идиш ҳам алоҳида, оғзи маҳкам бекиладиган бўлиши лозим. Бундай махсус идиш 2 та бўлгани яхши: бири қўлланилганда иккинчиси тозаланган ҳолатда бўлиши лозим (кўп маротаба ишлатиладиган туфдонларни қандай тозалаш кераклиги тўғрисида қуйида айтиб ўтилган). Ҳозирги замонавий тиббиётда бир маротабалик тиббий жиҳозлардан фойдаланишга кўп эътибор берилмоқда. Балғам йиғиш учун ҳам мана шундай пластикдан ясалган туфдонлар мавжуд (бундай пластик туфдонларни дорихонлардан топишингиз мумкин). Балғам пол, дастрўмол ёки ҳамма фойдаланувчи раковинага тушмаслигига эътибор қаратиш жуда зарур. Негаки бу ҳолат касалликнинг тарқалишига замин яратади.
Балғам туфланадиган идиш алоҳида тозаланиши кераклигини унутмаслик жоиз. Бунда идиш 2 фоизли истеъмол содаси солинган қайнаган сувда қайнатилиши керак (1 литр сувга 20 гр сода солинади). Шундан кейин идишга махсус дезинфекцияловчи эритма билан ишлов берилади.
Бемор овқат еб-ичадиган идишлар ҳам ҳар куни белгиланган тартибда тозаланиши керак. Бунинг учун идишлар 30 дақиқа давомида қайнаган сув ёки 2 фоизли истеъмол содаси солинган сувда қайнатилади. Устидан албатта, дезинфекцияловчи эритма билан ишлов берилади.
Бемор кийимлари бошқа оила аъзоларининг кийимлари билан биргаликда сақланмаслиги ва ювилмаслиги лозим. Бунда кирлар 2 фоизли ювувчи восита солинган сувда қайнатилади ва ювилади (1 л сувга 20 гр кир ювиш воситаси). Ювилган кийимлар қизиб турган дазмол ёрдамида дазмолланиши лозим.
Бемор учун мўлжалланган хона ҳар куни дезинфекцияловчи восита солинган сув билан артиб чиқилиши лозим. Намлантирувчи тозалаш ишларидан кейин хона шамоллатилиши керак. Қуёшли иссиқ кунларда хона деразасини кўпроқ очиб қўйинг. Негаки қуёш нури таркибидаги ультрабинафша нурлар сил таёқчаларига ҳалокатли таъсир кўрсатади.
Ювиниш хонаси жиҳозлари, албатта, дезинфекцияловчи махсус воситалар билан тез-тез артилиши керак.
Ўпка сили билан оғриган болаларга ўйинчоқ харид қилишда ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади. Бола ўйинчоқларининг металл, резина ёки пластмасса хом ашёсидан тайёрланганларини танлаган маъқул. Негаки улар ҳам дезинфекцияловчи эритмаларда ювиб турилиши лозим.
Шуни унутманг! Сил билан оғриган инсоннинг оила аъзолари йилига 2 марта фтизиатр кўригидан ўтиб туришлари керак.
Наргиза УТЕПОВА тайёрлади.