“Эшитишимча, флюорография текширувидан кўп ўтиш нурланишга сабаб бўлар экан. Мазкур текширув усули ва ундан ўтиш тартиблари ҳақида маълумот беришингизни сўрайман”.

Содиқ Абдуллаев, Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани.

Кўпчилик флюорография ёки рентген текшируви ҳақида гапирилганда дарров нурланишни кўз олдига келтиради. Аслида ҳам шундай, бу каби текширувлардан мутахассиснинг аниқ кўрсатмаси бўлмаса, йилига бир марта ўтиш етарли. Қуйида мазкур текширув усули ҳақидаги саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Флюорография кўкрак қафаси аъзо ва тўқималарини рентген нурлари ёрдамида текширувчи усулдир. Мазкур текширув усулининг тасмали ва рақамли турлари мавжуд бўлиб, иккинчи тури нисбатан кенг қўлланилади.

Ўпка касалликларини вақтида аниқлаш мумкин.

Фото: jazdorov.ru

Флюорография текшируви кўпинча нафас олиш тизими касалликларини ташхислаш мақсадида қўлланилади. Хусусан, ушбу текширув усули ўпка сили, зотилжам, нафас олиш тизимининг инфекцион, онкологик касалликлари каби бир қатор хасталикларни ташхислашда фойдаланилади. Айниқса, ушбу текширув усули ўпка силини эрта аниқлаш ва ташхислаш имконини беради. Масалан, касалликнинг илк босқичларида беморни ҳеч қандай белгилар безовта қилмайди. Мана шундай ҳолатларда флюорография орқалигина зарарланиш ўчоқларини аниқлаш мумкин. Бироқ ўпка силини аниқлашда биргина флюорография текшируви натижасининг ўзи камлик қилади. Мутахассис тавсиясига кўра бошқа текширувлардан ҳам ўтиш мақсадга мувофиқ.

Қандай амалга оширилади?

Мазкур текширув усули кўп вақтни олмайди ва олдиндан тайёргарлик кўришни талаб этмайди. Бунда қурилма ўрнатилган хонага кирилади ва мутахассис тавсия қилган ҳолатда қурилма қаршисида туриб, бир неча сонияга нафас ичда сақлаб турилса бас.

Ҳар қанча вақт ўтиб туриш керак?

Юқорида айтиб ўтилганидек, кўкрак қафаси касалликлари ва махсус кўрсатма мавжуд бўлмаган соғлом инсонлар учун йилига бир марта флюорография текширувидан ўтиш тавсия этилади. Баъзилар йилига 2 марта мазкур текширувдан ўтишлари лозим бўлади.

сил касаллиги бор бемор билан мулоқотда бўлувчилар, оила аъзолари ёки яқин қариндошлари;

ўпка сили каби нафас тизими касалликларидан азият чекаётганлар;

ўпка сили диспансерлари, санаторияларда ишловчи ходимлар;

нафас олиш тизими аъзоларининг сурункали касалликларида.

Қай ҳолларда мумкин эмас?

Мазкур текширув усули 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёллар учун қўлланилмайди. Шунингдек, болани эмизиш даврида бўлган аёлларга ҳам флюорография текширувидан ўтиш тавсия этилмайди.

Наргиза Утепова ёзиб олди.

Дўстларга улашинг: