“Яқинда телевизорда сил касаллиги қўзғатувчиси, унинг юқиш йўллари ҳақидаги кўрсатувга кўзим тушган эди. Айтишларича, сил инфекциясини жамоат транспорт воситасида ҳам юқтириб олиш мумкин экан. Шу тўғрими” ?

Ҳосила Қобулова, Наманган вилояти, Чуст тумани.

Сиз берган саволга тўлиқ маълумот бериш учун аввалига мазкур касаллик қўзғатувчиси ва унинг атрофдагиларга тарқалиш йўллари ҳақида тушунча бериб ўтишимиз жоиз.

Сил жуда қадимий касалликлардан биридир, яъни у ҳақидаги маълумотлар қадимий қўлёзмаларда ҳам қайд этилган. Ҳусусан, қадимги Вавилонда ушбу касаллик ўпка ҳасталиги сифатида талқин қилинган. бироқ мазкур ҳасталикни пайдо қилувчи  инфекциялар юқумлилиги бир неча йиллар ўтибгина аниқланган. Ҳусусан, унинг атрофдаги инсонларга юқиши ҳақида халқ орасида турли-туман фаразлар мавжуд.

Айримлар бу касалликни ўта юқумли, деб ҳисобласа, яна кимлардир силга чалинган бемор юзингги аксирмаса ёки йўталмаса, касаллик юқмайди, деб ўйлайди. Ўпка сили юқумли, ҳудди грипп каби ҳаво-томчи йўли орқали тарқалиш хусусиятига эга. Бироқ бу барчамиз силни юқтириб оламиз, дегани эмас!

Касаллика чалиниш инсон организмининг умумий ҳолатига (иммунитетнинг кучсиз ёки кучлилиги) ва ўпка сили бор бемор билан қай даражада яқин алоқада бўлишига боғлиқ. Инсоннинг касалликларга қарши курашиш қобилияти, яъни иммунитети суст бўлса, нафақат ўпка силига, балки бошқа касалликларга чалиниш хавфи ҳам юқори бўлади.

ОДАМЛАР ГАВЖУМ ЖОЙДА ИНФЕКЦИЯ ҲАМ “ГАВЖУМ”

Ўпка сили инфекциясини истаган ерда, ҳаттоки жамоат транспорт воситасида ҳам юқтириб олиш мумкин. Хўш бу ҳолатда нима қилиш керак? Ҳеч қаерга чиқмай уйда бекиниб ўтириш керакми? Албатта йўқ!

Тиббиётда ўпки силини юқтириб олишнинг олдини олувчи комплекс чоралар мавжуд бўлиб, улардан бохабарлик касалликни четлаб ўтишингизга ёрдам беради. Бундай чораларнинг энг биринчиси, касалликка қарши эмланишдир. Бундай эмланиш тури бола туғилиши билан туғуруқхонада амалга оширилади.

Қолганлари эса соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш тартибига боғлиқ. Ҳар бир инсон таомномасида иммунитетни мустаҳкамловчи оқсилга бой маҳсулотлар – балиқ, гўшт, сут маҳсулотларига алоҳида жой ажратиш лозим. жамоат жойлари, тарнспорт воситалари, бозорларга бориб келишдан сўнг, албатта, қўлларни совунлаб ювиш жуда муҳимдир. Шунингдек, бундай жойларда қўл билан кўзлар, бурун ёки оғизни, шиллиқ қаватларини ушламасликка ҳаракат қилиш лозим.

Ёнингизда турган инсоннинг қандай касаллиги борлигини билмайсиз. Шунинг учун ёнингизда биров аксирса ёки йўталса, нафасни ушлаб туришга ҳаракат қилиш ўринлидир (рўмолча билан бурун ва оғиз бўшлиғини беркитиш лозим). Касаллик профилактикасида энг самарали усул йилига бир марта флюорография текширувидан ўтишдир.

Биласизми?

Қадимги қўлёзмаларда келтирилишича, Ҳаммурапи қонунларига кўра (милоддан аввалги 1750 йилда), эркак ўпка сили белгилари кузатилган хотинидан ажрашиш ҳуқуқига эга бўлган экан. Улар шу йўсинда касалланган инсонларни назорат остида ушлашга ҳаракат қилишган.

Наргиза Утепова тайёрлади.

Дўстларга улашинг: