Марказимиз ходимлари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкиллаштириш ва аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2017 йил давомида 10 та йўналиш бўйича республика, вилоят ва туманларга 240 дан зиёд ташрифлар уюштирилди.

Ташрифлар давомида 3 минг 25 нафардан ортиқ бемор амбулатор шароитида тиббий кўрикдан ўтказилиб, 2 минг 139 нафар беморга зарурий тавсиялар берилди ҳамда юзга яқин жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Эътиборлиси, уларнинг 69 таси юқори технологияли мураккаб операциялар ҳисобланади. Ҳудудлардаги фтизиатрия ва умумий даволаш муассасаларининг мутахассислари иштирокида соҳанинг долзарб масалаларига бағишланган 180 та семинар ташкил этилиб, уларга 3 минг нафардан зиёд мутахассис қамраб олинди. Шунингдек, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фаолият кўрсатаётган лабораториялар халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида молекуляр генетик текширувларни амалга оширишга мўлжалланган замонавий диагностик GeneXpert жиҳозлар билан таъминланди.

Мутахассислар малакасини ошириш мақсадида Германия, Россия, Жанубий Корея, Хитой давлатидан ташриф буюрган 35 нафар хорижий мутахассис томонидан 21 тадан ортиқ маҳорат дарслари ва 20 дан зиёд юқори технологияли жаррооҳлик амалиётлари ўтказилди. 26 нафар маҳаллий мутахассис дунёнинг нуфузли клиникаларида малакасини бойитиб қайтди.

Энг муҳими, 2017 йил май-июнь ойларида Нидерландия ва Швейцарияда бўлиб ўтган сил касалликлари муаммолари ва уларнинг ечими бўйича халқаро саммитда Европа ҳудудида жойлашган 53 давлат ичида Ўзбекистон Республикаси силга қарши кураш дастурининг бажарилиши, эришилган ютуқлари ва сил касаллигини даволаш самарадорлиги бўйича иккинчи ўринни эгаллаганлиги эътироф қилинди. Бу эътироф фтизиатрия ва пульмонология соҳасида аҳолимиз саломатлиги йўлида тинмай ишлаб, изланиб келаётган республикамизнинг барча фтизиатрлар ва пульмонологларига берилган баҳо, деб биламан.

Шунингдек, жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида»ги Фармонига асосан «Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш» номли амалий тадқиқотимиз учун тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов, тиббиёт фанлари номзоди Вера Белоцерковец ва мен фан ва техника соҳасида иккинчи даражали Давлат мукофотини олишга муяссар бўлдик. Албатта, бу каби ютуқларни қўлга киритишда Юртбошимиз томонидан илмий салоҳият йўлида яратилаётган шароит ва имкониятларнинг кенг-лиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу фаолиятлар республикамизда сил ва сурункали носпецифик ўпка касалликларига қарши курашиш, мазкур хасталикларни энг замонавий муолажалар асосида самарали даволашни ривожлантиришга хизмат қилади.

Наргиза ПАРПИЕВА,

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори.

Дўстларга улашинг: