Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги фармони билан республикадаги бир гуруҳ етакчи мутахассислар қаторида тиббиёт ходимлари ҳам мукофотланди.

Президентимиз фармонига кўра, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош физиатри, тиббиёт фанлари доктори Наргиза Парпиева, тиббиёт фанлари номзоди Вера Белоцерковец “Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш” амалий тадқиқоти учун фан ва техника соҳасида иккинчи даражали Давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бутун дунё олимлари хавотирига сабаб бўлаётган сил касаллигининг тарқалиши катта ижтимоий аҳамият касб этиб, барча давлат ва ҳамкор ташкилотларнинг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Глобал муаммо тусини олган мазкур касаллик Ўзбекистон тиббиёт мутахассисларининг ҳам янгича ёндашув ва даволаш тизими асосида иш тутишларини тақозо этмоқда.

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, йилига 8,6 миллион киши ушбу хасталикка чалиниб, 1,43 миллион бемор силнинг турли асоратлари туфайли вафот этади, — дейди тиббиёт фанлари доктори Наргиза Парпиева. — Юртимизда сил касаллигининг олдини олиш, ташхислаш, даволаш ва эпидемиологик кузатув тадбирларини такомиллаштириш босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Илгари марказимизда ҳафтасига 4 дона жарроҳлик йўли билан даволаш усули ўтказилар эди. Бу рақам мавжуд эҳтиёжга нисбатан жуда кам эди. Ҳозирги кунга келиб, эса илмий марказ клиникасида ҳафтасига 30 дан зиёд жарроҳлик амалиёти қўлланилмоқда. Амалга оширилаётган жарроҳлик усулларининг 60 фоиздан зиёдини юқори технологияли даволаш усуллари ташкил қилаётгани, айниқса, эътиборли. Бунинг натижасида 2016 йил якунига келиб, силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичлари ҳисобланган касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари 100 минг аҳолига нисбатан 2 ва 3,5 баробар камайди. Аммо бу рақам биз кўзлаган натижа эмас. Олдимизда бажарилиши лозим бўлган вазифалар бисёр. Айниқса вилоятлар, чекка туманлар кесимида бажариладиган даволаш-профилактика ишлари сифатини оширишим лозим.

МАВЗУГА ОИД: Аҳолига кўрсатиладиган фтизиатрия хизматининг фундаментал асосини ташкиллаштиришда янгича ёндашув

— Ҳамкасбларимиз билан аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш бўйича олиб борган амалий тадқиқотимиз бугун дунё тиббиётини ўйлантираётган долзарб муаммолар ечимига қаратилган, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов. — Ушбу илмий иш Президентимиз томонидан юқори баҳоланиб, Давлат мукофотига лойиқ кўрилгани бизга билдирилган катта ишончдир. Айтиш ўринли, мамлакатимизда сил касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, даволаш самарадорлиги бугун 87 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яхшироқ англашилади. Яна бир эътироф этишга арзирли ютуғимиз, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида кучли учталикдан ўрин олгани бўлди. Мамлакатимизда халқ саломатлиги йўлида чин юракдан меҳнат қилган шифокор эл назарида, Президентимиз эътиборида бўлишини бугун  яна бир карра ҳис этдик. Ўз фаолиятимизни ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда давом эттирамиз.

Энг муҳими, ана шундай ижобий ўзгаришлар асосида одамларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда, уларнинг ҳаётга, меҳнатга, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисларга муносабати тубдан ўзгармоқда, ўз кучи ва имкониятларига, эртанги кунига бўлган ишонч тобора мустаҳкамланмоқда.

Манба: kun.uz

 

Сил — юқумли касаллик ҳисобланиб, унинг тарқалишини асосий сабабларидан бири бу, аҳоли ўртасида касалликни юқиш йўллари, олдини олиш чоралари ва даволаш бўйича маълумотни етишмаслиги ҳамда у ҳақидаги афсоналар ва беморларга нисбатан нотўғри муносабатлар шаклланишидир.
Мақсад юртимизда сил касаллигини даволаш ва унинг профилактикаси ҳамда касалликнинг олдини олиш, аҳолининг сил касаллиги борасидаги хабардорлигини ошириш ва жамиятда бу хасталик билан касалланган беморларга нисбатан бағри кенглик билан муносабатда бўлишни шакллантириш ҳамда шу мавзуга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.


Ушбу веб-сайтдан барча бепул фойдаланишлари мумкин. Агар сизга саҳифа ёрдам берган бўлса, веб-сайт мунтазам ишлаб туриши учун миннатдорчилик ўрнида шу карта рақамига имкон борича маблағ юборишингиз мумкин: 8600 0609 6368 6648

Эътибор учун раҳмат