Таниш тиббиёт бирлашмасининг акушерлик комплексида чақалоқ дунёга келди. Унинг туғилишини онаси қаторида интиқлик билан кутган шифокор опа гўдакни қўлига олиб онасига узатди. Унинг саъй-ҳаракати билан яна бир гўдак соғлом туғилди.

Шифокорга бу иш олам-олам қувонч бағишлади. Яна бир шифокорлар борки, уларнинг меҳнатлари туфайли неча минглаб инсонлар ҳаётга умид билан қарайди.

УЛАР ФТИЗИАТРЛАРДИР

-Беморларимизнинг тузалиб кетганини эшитгач, акушерлардан икки хисса кўпроқ қувонамиз, — дейди Қарши шаҳар сил касалликлар деспансери бош шифокор ўринбосари, фтизиатр Ноиба Иноятова.

Диспансерда саккиз йилдан буён фаолиятини бошлаган Ноиба Иноятованинг иш усули ана шундай хайрли ва эсда қоларли кечади. Дардига малҳам топиб, тузалиб кетганларнинг эшигимизни тақиллатиб “раҳмат” айтиб яхши кунларида бирга бўлишимизни таклиф қилиб келганларида ушбу соҳани танлаганимдан афсусланмайман.

Ноиба Иноятова шифокорликнинг бу турига институтнинг тўртинчи босқичида таҳсил олаётган кезлари қизиқиб қолган.

СИЛ НАСЛ СУРМАЙДИ

-Тўртинчи босқичга ўтганимда биринчи фарзандим дунёга келганди, — дейди илк қизиқишларини эслаб Ноиба опа. -Фарзандим туғилганига ўн тўққиз кун бўлишига қарамай, дарсга қатнашиш мақсадида курсдошларим билан “Фтизиатрия ва пульманология илмий-амалий маркази”ни қидириб бордик. Ўқитувчимиз Шулпаной Маннонова курсдошларимдан, туққанимни эшитгач, мени ёнига чақириб “Қизим, яқиндагина кўзингиз ёрибди, ўзингизни тиклаб куч йиғмасангиз, касалликни юқтириб олишингиз мумкин” деб маслаҳат бердилар. Сўнг бу ҳақда марказ директори Наргиза Парпиевани ҳам огоҳлантирди. Устозимнинг маслаҳати билан амалиёт дарсларига эмас “лекция”га қатнашдим. Аммо, нега устозимиз мени бу дарсга қатнаштирмади?, “Бу қандай касаллик?” деган саволлар ўй-хаёлларимни банд қилганди ўшанда. Хуллас, мен дарсга иштирок этмадим. Аммо сил касаллигига оид адабиётларни ўқиб чиқиб, мавзуни пухта ўзлаштирдим. Имтиҳон куни менга берган саволларга тутилмасдан жавоб бердим. Комиссия аъзолари рентген плёнкага қараб касаллик номини айтишимни сўраганларида Наргиза опа “цепротик сил” деб жавобини менга секингина айтди, ёрдам қилди. Мен бу синовдан ҳам ўтиб имтиҳондан “беш” олдим. Институтни тугатиб, Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига иш сўраб бордим. У ерда иш берувчилар Қарши шаҳар сил касалликлар  диспансерида иш ўрни борлигини айтишди. Йўл-йўлакай кўпчиликдан касалликнинг юқиш хавфи ҳақидаги фикрларни эшитдим. Айниқса, уйдагиларим-ота-онам(фарзанди касал бўлишини қайси ота-она хоҳлайди, дейсиз) у ерда ишлашимга қарши чиқди. Бир вақтлар қайнонам ҳам шу йўналишда ишлаганликларини ва бу касалликка қарши иммунитет ҳосил қилинганда юқмаслигини айтди. У кишининг қўллаб-қувватлашлари, қолаверса, устозларим Дилрабо Хаджиеванинг панд-насиҳатлари, тажрибаларини беминнат ўргатишлари сабабли соҳани мукаммал ўрганишга киришдим. Соҳага қизиқишимни кўриб ота-онам ҳам кўникишди.

ОИЛА АЪЗОЛАРИМИЗ ҲАМ  МИННАТДОР!

Халқимизга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган соҳа жонкуярлари қаторида  Ноиба Иноятованинг ҳиссаси катта. Ёш бўлишига қарамасдан, унинг эришаётган олий бахти – нажот истаб келган беморлар дардига шифо бўлиб, қалбларига умид бағишлаб, элнинг дуосини олаётгани тахсинга сазовор.

-Касб тақозоси билан инсонлар ҳаётига кириб бориш, улар тақдирига даҳл­дорлик ҳисси билан яшаш шифокорлар зиммасига улкан масъулият юклайди, -дейди Н.Иноятова.

Силга чалинган беморлардан тез соғайиши учун нималарга эътибор қилиш талаб этилади?

— Сил касаллиги билан оғриб келганимда, умид билан унга мурожаат қилган эдим, -дейди унинг беморларидан бири А. исмли аёл. — Мана, ҳозир аҳволим яхши. Ўз вақтида тўғри ташхис қўйиб, аввало, ширин сўз билан даволаётган тажрибали шифокордан наинки мен, оила аъзолари ҳам миннатдор.  Ноиба опани камтар, мулоҳазали ва қўли енгил шифокор сифатида ҳурмат қиламан. Бирор муаммоли ҳолатлар бўлса, дарҳол ўзининг оқилона маслаҳатларини беради. Қабулига келган беморлар, албатта, тузалиб ва яхши кайфиятда унга раҳмат айтиб кетишади. Шифокор учун бундан ортиқ эътибор ва бундан зиёда бахт бўлмаса керак.

САЛОМАТЛИК – ТУМАН БОЙЛИК!

-Мен беморларга касални даволагандан кўра, вақтида унинг олдини олиш лозимлигини, организмни чиниқтириб боришни ва соғлом турмуш тарзига доимий амал қилишларини маслаҳат бераман, – дейди Н.Иноятова. – Кейинги йилларда масканимизда сил касаллигининг турларига тўғри ташхис қўйиб, даволаш ишлари учун барча шароитлар яратилди, зарур анжомлар билан жиҳозланди. Бу биз учун ҳам бир қатор қулайликларни яратди. Шу боисдан бўлса керак, айни вақтда марказимизда замонавий тиббий ускуналар билан аҳолига хизмат кўрсатиб келаётганимиз ишимиз самарадорлигини янада оширмоқда.

“БЕМОРНИ ТУЗАЛИБ КЕТИШИГА ИШОНТИРИШИМ КЕРАК”

Сил-давоси йўқ касаллик эмас!

Касбга бўлган қизиқишим туфайли шу ерда ишлайман дейишдан тортинмайман. Кўпчилик шу касалхонада ишлаб, касаллик юқтириб олишдан қўрқмайсизми деб сўрашади. Йўқ, агар бу касалликка қарши иммунитет шаклланса юқмайди, дейман уларга қатъий. Биласизми, қандли диабет, неврологик касалликларни йиллаб даволаса ҳам натижаси тезда намоён бўлмайди. Бу касалликни даволасангиз ишингиз тезда юзага чиқади. Баъзан касаллик ташхиси қўйилган беморларда тушкунликка тушиш ҳоллари кузатилади. Бир куни 53 ёшдаги бир онахон ҳам тушкунликка тушиб, мени эшитишни ҳам хоҳламади. Шунда улуғ бобокалонимиз Ибн Синонинг ҳикматини эслатдим:

“Биз уч кишимиз- мен(шифокор), бемор, касаллик. Агар бемор мен томонга ўтса, биз касалликни енгамиз. Агар бемор касаллик томонга ўтса бунинг иложи йўқ”. Кейин дорилар бепул тарқатилиши, шифокорлар назоратида бўлишини айтдим. Онахон текширувдан вақтида ўтиб, тузалиб кетди.

Беморнинг кўнглига йўл топиш шифокорга катта масъулият юклайди. Ҳаётдаги шиорим ҳам шу: “Беморни тузалиб кетишига ишонтиришим керак. Ишонтираман ҳам”

Ҳулкар ФАРМОН қизи, 

Иқболжон АБДУЖАББОРОВ.