Мамлакатимизда тиббиёт тизимидаги силга қарши курашнинг янги, такомиллашган, аҳоли учун ҳар томонлама қулай бўлган йўналишлари ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу долзарб муаммо ҳар бир давлатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий, тиббиёт ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бутун дунё олимлари хавотирига сабаб бўлаётган сил касаллигининг тарқалиши ўз-ўзидан ижтимоий аҳамият касб этиб, барча давлат ва ҳамкор ташкилотларнинг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Глобал муаммо тусини олган мазкур касаллик мамлакатимиз тиббиёт мутахассисларининг ҳам янгича ёндашув ва даволаш тизими асосида иш тутишларини тақозо этмоқда.

Сўнгги ўн йил ичида сил касаллиги ҳар йили ўртача 5 фоизга қисқарсада, ОИТС касаллигидан кейин иккинчи ўринда туради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, йилига 8,6 млн. киши ушбу хасталикка чалиниб, 1,43 млн. бемор силнинг ҳар хил асоратларидан вафот этади. Юртимизда сил касаллигининг олдини олиш, ташхислаш, даволаш ва эпидемиологик кузатув тадбирларини такомиллаштириш босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. 1998 йилдан бошлаб халқаро стандартларга жавоб берадиган силга қарши курашиш Дастури амалиётга жорий этилди. 2001 йил 11 май куни «Аҳолини силдан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекис-тон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ижтимоий-тиббий, санитар-гигиеник, эпидемиологик ва касалликнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, даволаш, диспансер кузатуви ва реабилитация каби тадбирларни ўтказиш жараёнининг ҳуқуқий меъёрларини белгилаб берди.

Амалий тадқиқот ҳақида

«Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 22 июнь куни чоп этилган сонида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари кенгаши 2017 йилда бериладиган Давлат мукофотлари танловига кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш эълон қилинган. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан «Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш» бўйича амалий тадқиқотнинг ўрин олганлиги албатта, муассасанинг бу борада олиб бораётган изланишларининг ёрқин ифодаси деб биламиз. Ушбу илмий дастур тажрибали олимлар – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош фтизиатри, тиббиёт фанлари доктори Н. Парпиева, тиббиёт фанлари доктори, профессор М. Тиллашайхов, тиббиёт фанлари номзоди В. Белоцерковецлар томонидан ишлаб чиқилган. Шу ўринда ушбу илмий-амалий йўналишдаги долзарб мавзуни амалга ошириш давридаги мавжуд муаммо, хорижий давлатларда мазкур муаммонинг ечими, Ўзбекистонда муаммонинг ечими қандай ҳал қилинганлиги ва унинг самарадорлиги тўғрисида изланиш жараёнлари ва ютуқлари хусусида фикрлар билдириб ўтилган.

Республикада фтизиатрия хизматини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 62-сонли қарори асосида силга қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланган ва ушбу дастурда фтизиатрия хизматидаги муассасаларнинг биринчи навбатда моддий-техник базасини яхшилаш кўзда тутилган, юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва бу борадаги тадбирларни такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича янги, замонавий усулларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тўлиқ татбиқ этиш каби масалалар ҳам эътиборга олинган. Дастурнинг бажарилиши ва амалиётга татбиқ қилиниши натижасида республика фтизиатрия хизмати муассасалари ходимларига, улар томонидан бажарилаётган тадбирлар ва белгиланган вазифаларнинг специфик хусусиятларини инобатга олиб, 2011 йил 1 апрелидан бошлаб асосий ойлик маошига 50 фоиз миқдорда қўшимча хақ белгиланди. Шунингдек, 2015 йилнинг 15 ноябридаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 345-сонли буйруғига асосан фтизиатрия хизматига жалб қилинадиган мутахассисларни ихтисослаштириш бўйича 6 ойлик ўқиш жараёнлари давлат бюджети томонидан бепул белгилаб берилди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида 2015 йилга келиб силга қарши муассасаларнинг мутахассислар билан таъминланиш кўрсаткичи 2010 йилга нисбатан 34,2 фоизга ошди ва 2015 йилнинг якуни бўйича 1500 нафардан зиёд мутахассис, 6800 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими фтизиатрия хизматидаги муассасаларда фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2015 йилнинг ўзида 300 нафардан зиёд мутахассис фтизиатр хизматига жалб қилинди, 720 нафардан ортиқ мутахассис ўз малакасини оширди.

2014 йилнинг 24 октябрида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ўзбекистон Республикасида силга қарши тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруғи ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ушбу буйруқ билан сил ва силнинг резистент турларига чалинган беморларни ташхислаш ва даволашдан универсал фойдаланиш усуллари юридик ҳужжатлар билан тасдиқланди. Бугунги кун талабига жавоб бермайдиган, эскирган бир қатор буйруқлар бекор қилинди.

Шунингдек, Республикада ОИТС ва силга қарши курашиш хизматларининг ҳамкорликдаги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2013 йилнинг 29 ноябрида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «ОИТС ва силга қарши курашиш хизматларининг ҳамкорликдаги фаолиятининг самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 402-сонли, 2014 йил 4 февралда «Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши рухсат этилмайдиган ишлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 38-сонли буйруқлари ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди. Ушбу буйруқлар билан беморларнинг касаллик турига қараб, ишга рухсат берилмайдиган касблар рўйхати белгиланди.

«Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2013 йил 15 июлдаги 2003-сонли «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив- ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори ҳамда силнинг резистент турлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2013 йил 30 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида силнинг олдини олиш ва даволаш тартиблари такомиллашганлиги туфайли айрим қонуний далолатномаларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиришлар киритилди ва ўзгартиришларга асосан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 389-сонли (2014 йил 24 октябрь) бўйруғи ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ушбу буйруққа асосан силнинг юқумли тури билан касалланган ва даволанишдан бош тортган беморлар учун мажбурий даволаш тадбирларини ташкиллаштириш мақсадида республиканинг 6 та регионида (Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида 20 тадан, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида 10 тадан, жами 90 ўрин) фтизиатрия хизматидаги муассасаларнинг ихтисослаштирилган бўлимларида мажбурий даволаш ўринлари очилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари томонидан тасдиқланган муассасалараро режа мажмуасига асосан жазони ижро этиш жойларида жазо муддатини ўтаётганларга, жазони ижро этиш жойларидан озод қилинганларга, Ички ишлар вазирлигининг бошланғич тизимида вақтинчалик ушлаб турилган шахсларга ихтисослаштирилган фтизиатрия хизмати ташкиллаштирилган. Ушбу режага асосан жазони ижро этиш жойларидан озод қилинган шахслар соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади ва касаллиги аниқланган шахсларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади. Амалга оширилган тадбирлар натижасида 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Амнистия тўғрисида»ги Қарорига асосан озод қилинган шахслар орасида сил билан касалланиш 2014 йилга нисбатан 73,3 фоизга камайган, жумладан, 2014 йилда амнистия бўйича озод қилинган 3240 нафар шахс орасида сил билан касалланганлар 195 нафар бўлса, 2015 йилга келиб 3259 нафар шахс орасида ушбу кўрсаткич 51 нафарни ташкил қилган. Касаллиги аниқланган барча беморларга стационар ва амбулатор ҳолатида ихтисослаштирилган фтизиатрия хизмати ташкиллаштирилган. Шунингдек, жазони ижро этиш жойларидан касаллиги туфайли озод қилинган шахслар ҳам тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. 2015 йилнинг ўзида жазони ўташ жойларидан касаллиги туфайли озод қилинган 32 нафар шахсга ихтисослаштирилган фтизиатрия хизмати ташкил қилинди, озод қилинган шахсларнинг 65,6 фоизи диспансер назоратига олинган ва даволаниш амбулатор ва стационар ҳолатида давом эттирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 911-сонли қарори ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 25 августдаги 345-сонли бўйруғининг бажарилиши натижасида 3 ойдан зиёд муддатда хориж давлатларида бўлиб қайтган шахсларнинг тўла тиббий кўриги амалиётга жорий этилди. 2015 йилнинг ўзида амалга оширилган тадбирлар натижасида хорижда бўлиб қайтган шахслар орасидан 701 нафарида сил касаллиги билан оғриган беморлар аниқланган ва диспансер назоратига олиниб, стационар ва амбулатор ҳолатда даволанган.

Ҳайвонларда сил касаллигининг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида алоқадор ташкилотлар (Ўзбекистон Республикасининг Илмий Академияси, республика фермер ва ветеринария хўжаликлари) билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжаликлари вазирликларининг ҳамкорикдаги қарори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Сил ва силнинг резистент турларининг тарқалиши, шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш, беморлар учун касалхоналар, амбулатор даволаниш вақтидаги шароитларни такомиллаштириш ва тиббий ходимлар орасида сил билан касалланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2014 йилда силга қарши муассасаларнинг янги, ҳозирги талабга жавоб берадиган замонавий санитария нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди.

Ушбу қарор билан тасдиқланган Давлат дастурида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида тиббиёт муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 91-сонли қарорида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш ва республикада аҳолига кўрсатилаётган фтизиатрия хизматини такомиллаштириш, тиббий хизмат савиясини ошириш ва қулайликлар яратиш мақсадида кам қувватга эга, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган фтизиатрия хизматидаги 45 та муассасанинг фаолияти тўхтатилган, шунингдек, уларнинг ўрнига моддий-техник базаси етарли бўлган, талабга жавоб берадиган 2 та силга қарши курашиш муассасаси янгидан қурилиб, халқ хизматига топширилган, бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 39 та муассасада капитал таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилган. Вазирлар Маҳкамаси қошида ташкиллаштирилган 2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллигига қарши курашиш дастурини амалга ошириш Махсус комиссиясининг 2014 йил 24 октябрда ўтказилган йиғилишининг 215-сонли баённомасига асосан 4 та фтизиатрия хизматидаги муассасада (Жиззах вилояти болалар сил касалликлари шифохонаси, Сирдарё вилояти Гулистон тумани силга қарши курашиш диспансери, Тошкент шаҳридаги 2-сонли сил касалликлари шифохонаси ва Самарқанд вилояти суяк-бўғин сил шифохонаси) ўтказиладиган қайта таъмирлаш тадбирлари бекор қилинган ва 2 та муассасада (Тошкент шаҳар болалар сил шифохонаси, Хоразм вилояти силга қарши курашиш диспансери) ушбу тадбирлар амалга оширилмади. 2011-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги 62-сонли қарори билан тасдиқланган қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш тадбирлари 91,1 фоизга бажарилди. 2011-2015 йиллар давомида фтизиатрия тизимида фаолият кўрсатаётган муассасаларни қуриш, қайта қуриш ва капитал таъмирлаш тадбирлари учун давлат бюджетидан 176,0 млрд. сўм миқдорида маблағ сарфланди, шунингдек, 2011 йилда қисқа муддатда РИФваПИАТМ капитал таъмирланган. Ҳозирги даврда ушбу илмий марказ нафақат МДҲ орасида, балки дунёда энг яхши марказлардан бири ҳисобланади.

Айтиш муҳимки, силга қарши курашиш муассасаларининг моддий-техник базасини ва сил касаллигини эрта аниқлаш борасидаги тадбирларни такомиллаштириш мақсадида республиканинг даволаш муассасалари «Саломатлик-3» лойиҳаси бўйича 116 та рентгенологик жиҳоз билан таъминланди ва ушбу тадбирлар учун 8,192 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди, жумладан, 53 та вилоят марказий касалхонаси Flexavision русумли стационар рентген жиҳозлари, 58 та туман марказий поликлиникаси Японияда ишлаб чиқарилган SHUMADZU русумли флюорографик жиҳозлар билан таъминланган. Ушбу жиҳозлардан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланиш ва улар учун етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида республиканинг 5 та ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Самарқанд вилоятлари, Тошкент шаҳрида РОИМ ва РИПИАТМ) ўқув-амалиёт марказлари ташкиллаштирилди. Фтизиатрия хизматидаги муассасалар 2011-2015 йиллар давомида 13 та «Титан 2000» русумли рентгенологик ва 14 та сунъий ўпка вентиляцияси жиҳозлари билан таъминланган.

Ўзбекистон Республикасида фтизиатрия хизматини такомиллаштириш, сил касаллиги ва унинг резистент турларининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш йўналишлари бўйича замонавий, ҳозирги талабга жавоб берадиган усулларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда Давлат дастурининг бажарилишини таъминлаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қуйидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди:

  •  «Ўзбекистон Республикасида 2012-2015 йиллар давомида силнинг резистент турининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича янгиланган Миллий дастур»;
  •  «Силга қарши курашиш муассасаларида инфекцион назорат бўйича қўлланма»;
  • «ОИВ/Сил билан касалланган беморларни олиб бориш тактикаси тўғрисида»ги клиник протокол;
  • «Ўзбекистон Республикасида силнинг резистент тури менежменти дастури бўйича Миллий дастур»;
  • Ўзбекистон Республикасида сил билан касалланган бемор болаларни аниқлаш ва даволаш борасида Миллий қўлланма»;
  • «Ўзбекистон Республикаси силга қарши курашиш хизматининг мониторинги ва баҳолаш қўлланмаси»;
  • «Ўзбекистон Республикасида силнинг лаборатор диагностикасининг сифат менежменти тизими қўлланмаси»;
  • 2014 йил 4 февралдаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши рухсат этилмайдиган ишлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 38-сонли буйруғи;
  • 2014 йил 24 октябрдаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ўзбекистон Республикасида силга қарши тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида»ги 383-сонли буйруғи;
  • 2014 йилдаги «Силга қарши муассасаларни ташкиллаштиришда санитария нормалари ва қоидалари» (№ 0314-14).

Охирги иккита меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг дунёда аналоглари йуқ.

Ҳаёт давом этиши учун берилаётган ёрдам ёки яна бир бор сил касаллиги хусусида

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва ихтисослаштирилган тиббий хизматни такомиллаштириш борасидаги вазифалар бажарилишини таъминлаш мақсадида республикада аҳолига кўрсатиладиган ихтисослаштирилган фтизиатрия хизматининг вертикал бошқарув тизими ташкиллаштирилди ва фаолият кўрсатаётган республика, шаҳар ва вилоятлар силга қарши курашиш диспансерлари, республика, шаҳар ва вилоят сил касалликлари шифохоналари, туман ва туманлараро диспансерлар, ҳудудлараро сил касалликлари шифохоналари, туман тиббиёт бирлашмаси таркибида фаолият кўрсатадиган сил бўлимлари ушбу тизим таркибига мужассамлаштирилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи муассасаларида (туман поликлиникалари, қишлоқ шифокорлик амбулаториялари) беморларни даволаш жараёнини бевосита назорат қилувчи хоналар ташкиллаштирилиб, ушбу хоналар ҳам вертикал бошқарув тизимининг бир бўлаги этиб белгиланди. Аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган фтизиатрия хизмати фаолиятига Ички ишлар (жазони ижро этиш жойларида ташкил қилинган касалхоналар) ва бошқа алоқадор вазирликларнинг тиббиёт бошқармалари ҳам жалб қилинган. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг бош муассасаси этиб белгиланди ва унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлашни ривожлантириш Давлат дастурининг бажарилишини келгусида ривожлантириш ва ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари тўғрисида»ги Фармойиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан белгиланган.

2015 йилнинг якуни бўйича республиканинг фтизиатрия хизматида 236 та силга қарши курашиш муассасаси фаолият кўрсатиб келган, шулардан биттаси илмий марказ, 46 та силга қарши курашиш диспансери (муассасалар умумий сонининг 19,5 фоизи), 15 та сил шифохонаси (6,4 фоиз), 23 та сил сиҳатгоҳи (9,7 фоиз) ва умумий даволаш тизими таркибида фаолият кўрсатаётган 129 та сил бўлими (54,7 фоиз) ва 22 та сил хонаси (9,3 фоиз) ташкил қилган. Силга қарши курашиш диспансерларининг 26 тасида беморлар учун ўринлар ташкиллаштирилган. Сил сиҳатгоҳларининг 17 таси болалар учун белгиланган. Аҳолига кўрсатиладиган фтизиатрия хизматини такомиллаштириш мақсадида Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 100 ўринли, Тошкент вилоятининг силга қарши курашиш диспансерининг болалар бўлими ўрнига 60 ўринли болалар сил шифохоналари ташкиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги 62-сонли ва 2012 йил 12 апрелдаги 91-сонли қарорларида белгиланган тадбирларнинг бажарилиши натижасида фтизиатрия хизматида фаолият кўрсатаётган силга қарши курашиш муассасаларининг умумий сони 4,8 фоизга камайган, жумладан, ушбу диспансерларнинг сони 41,0 фоизга, стационар бўлимлари бўлган диспансерлар сони 49,0 фоизга камайган, шунингдек, умумий даволаш тармоқларида фаолият кўрсатаётган сил бў-лимлари ва хоналар сони эса 13,9 фоизга кўпайган.

Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг асосий вазифаларидан бири сил касаллиги тарқалишининг олдини олиш борасидаги тадбирларнинг мақсадга мувофиқ бажарилишини таъминлашдан иборат. Ушбу ишлар бажарилишини таъминлаш мақсадида 2014 йилда тасдиқланган СанҚваН 0314-14 асосланиб туғруқхоналарда янги туғилган болаларда туғилгандан сўнг 3-5 кун ичида БЦЖ препарати билан силга қарши эмлаш тадбирлари ўтказилади ва янги туғилган болаларни эмлаш билан қамраб олиш кўрсаткичи ҳар йили 98-99 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, сил ўчоқларидаги тадбирлар, жумладан, сил билан мулоқотда бўлган болаларни изоляция қилиш, уларда химиопрофилактика тадбирларининг амалга оширилиши катта аҳамиятга эгадир. Сил микобактерияси аниқланган беморлар билан мулоқотда бўлган болаларнинг 90 фоизи сил сиҳатгоҳларига ётқизиш йўли билан изоляция қилинган ва 93,6 фоизи химиопрофилактика тадбирлари билан қамраб олинган. Республика фтизиатрия хизмати мутахассислари томонидан кенг миқёсда олиб борилган силга қарши тадбирларнинг сифатли ва мақсадга мувофиқ равишда амалга оширилиши натижасида оилавий ўчоқларнинг рўйхатга олиниши 2010 йилга нисбатан 30,1 фоизга, болалар орасида сил билан касалланиш кўрсаткичи эса 23,3 фоизга камайган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг меъёрий ҳужжатларига асосан хавфли гуруҳдаги болалар орасида сил касаллигини аниқлаш туберкулин ташхислаш усули билан амалга оширилади. Республикада 2009 йилдан бери туберкулин препарати келтирилмаганлиги сабабли ушбу тадбирлар ўтказилмаган. 2015 йилга келиб ушбу муаммо ижобий тарафга ҳал қилинди ва хавфли гуруҳга кирувчи 165 минг нафар болада туберкулин ташхисини ўтказиш мақсадида 33 литр туберкулин препаратига давлат бюджетидан маблағ ажратилди. Шунингдек, 2016-2018 йиллар давомида туберкулин препаратини Ўзбекис-тонда ишлаб чиқариш корхонасини ташкиллаштириш режалаштирилди. Сил касаллигини эрта аниқлаш ва мақсадли даволаш тадбирлари бажарилишини таъминлаш мақсадида 5 табақали лаборатория тизими жорий этилди ва ушбу лаборатория тизимида 32 та талабга жавоб берадиган, сил ва силнинг резистент тури билан оғриган беморларни 2 соат давомида аниқлайдиган, Францияда ишлаб чиқарилган G-Xpert диагностик жиҳозлари фаолият кўрсатмоқда. Қайд этиш лозимки, ушбу лаборатория тизими Европа ҳудудидаги давлатлар орасида биринчи бўлиб бизнинг республикамизда амалиётга татбиқ этилган. Шунингдек, ташхислаш жараёнини такомиллаштириш мақсадида халқаро ташкилотлар ёрдамида республикамизга келтирилган 11 та HAIN, 9 та MGIT диагностик жиҳозлари ҳам муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда.

Аҳолига кўрсатиладиган фтизиатрия хизматини такомиллаштириш мақсадида ҳудудлараро бактериологик лабораториялар (Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятлари) ташкиллаштирилиб, хизмат кўрсатиш доиралари аниқланган. Республика фтизиатрия хизматидаги муассасаларда халқаро сертификатга эга бўлган, жаҳондаги кучли ўнта лабораториялар сафига кирган Миллий референс лаборатория (Тошкент шаҳри) ва Нукус шаҳридаги Референс лабораториялар фаолият кўрсатмоқда. Касалликни эрта аниқлаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида 325 та микроскопик лаборатория ташкиллаштирилган ва ушбу усул билан умумий даволаш тизимида касалликни аниқлаш кўрсаткичи 6,6 фоизни ташкил қилган.

Юқорида кўрсатилган диагностик жиҳозлар ва ташкиллаштирилган ҳудудлараро бактериологик лабораториялар ёрдамида ҳозирга келиб 10000 дан зиёд силнинг резистент тури билан оғриган беморлар аниқланиб, мақсадли даволаш усуллари билан қамраб олинган ва йилига 4000 дан зиёд бемор даволанмоқда. Таъкидлаш жоизки, илмий марказ мутахассисларининг текширувлари натижасида бирламчи сил билан касалланган беморлар орасида силнинг резистент турига чалинган беморлар 6,5 фоизни, қайта касалланган беморлар орасида эса 32,7 фоизни ташкил қилган. Дастурда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши, жумладан, силга қарши муассасаларда қуриш, қайта қуриш ва капитал таъмирлаш тадбирларининг амалга оширилиши, силнинг резистент тури билан касалланган беморлар учун касалхоналарда 1130 та СанҚваН 0314-14 талабларига тўла жавоб берадиган ўринларнинг ташкиллаштирилиши ва силга қарши замонавий дори воситаларининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида силнинг резистент тури билан касалланиш кўрсаткичи 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 41,3 фоизга камайган ва 100 минг аҳолига нисбатан 6,8 фоизни ташкил қилган (2014 йил – 11,9).

Республикада сил ва силнинг резистент тури билан касалланган беморларни даволаш жараёни бепул амалга оширилади ва ушбу беморлар дори воситалари билан таъминланиши юз фоизни ташкил қилиб, барча дори воситалари билан Глобал жамғарма (сил компоненти) томонидан амалга ошириб келинган. 2016 йилдан бошлаб биринчи қатор силга қарши дори воситаларининг юз фоизи (568931,0 АҚШ доллари) ва иккинчи қатор силга қарши дори воситаларининг йиллик эҳтиёжидан 20 фоиз (1291938,57 АҚШ доллари) давлат бюджети томонидан қопланиши режалаштирилган, шунингдек, республика ҳудудида силга қарши дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ташкиллаштирилиши ҳам 2016-2020 йилларга белгиланган режалар мажмуасига киритилган.

Аҳоли орасида сил касаллигининг олдини олиш ва касалликнинг илк босқичида аниқлаш тадбирларини такомиллаштириш борасида асосий диагностик усуллардан бири ҳисобланган флюорографик усулидан унумли фойдаланиш мақсадида фтизиатрия хизматидаги муассасаларда жами 343 та флюороаппарат фаолият кўрсатмоқда. Ушбу жиҳозларнинг 33 таси ҳаракатдаги, 309 таси эса стационарлардаги флюороаппаратларидир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Давлат дастури асосида республика фтизиатрия хизматининг вилоят миқёсидаги барча муассасалари замон талабига жавоб берадиган рақамли флюорожиҳозлар билан таъминланган. Республикада тадбирларни мақсадга мувофиқ равишда ўтказилишини таъминлаш мақсадида Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази қошида Республика флюоромаркази очилган. Шунингдек, аҳоли орасида силни эрта аниқлаш мақсадида ўтказиладиган оммавий флюорографик текширувлар ўрнига мақсадли флюорографик текширувлар амалиётга татбиқ этилди, яъни аҳоли орасидан сил касаллиги ривожланиши хавфи бўлган мажбурий ва хавфли гуруҳларга кирувчи табақалар ажратиб олинди. Ушбу ҳолат сил касаллигининг олдини олиш ва эрта аниқлаш тадбирларига ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишига олиб келди ҳамда флюорографик усул билан аниқланган беморлар сони 0,1 фоиздан 0,6 га кўпайди. 1994 йилдан бошлаб собиқ иттифоқнинг парчаланиши туфайли вужудга келган ижтимоий-иқтисодий муаммолар натижасида сил касаллиги ривожланиб, 2002 йилда ўзининг энг юқори даражасига етган.

«Аҳолини силдан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 62-сонли қарорида белгиланган тадбирларнинг бажарилиши, давлат ва халқаро ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилиши ва фтизиатрия хизматининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолияти ҳамда бир қанча кенг миқёсда амалга оширилган тадбирлар натижасида республикада силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичларининг барқарорлиги вужудга келди. 2016 йил якунига келиб, силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичлари ҳисобланган касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари 100 минг аҳолига нисбатан 2 ва 3,5 баробар камайган.

Республикада аниқланган барча сил ва силнинг резистент тури билан касалланган беморлар универсал даволаниш усули билан тўла қамраб олинган, шунингдек, даволаш усулининг замонавий, ҳозирги талабга жавоб берадиган даволаш схемалари, амбулатор даволаниш ва жарроҳлик амалиётининг замонавий усуллари амалиётга татбиқ этилган, силнинг резистент тури билан касалланган беморларни самарали даволаш мақсадида янги дори воситалари республиканинг фтизиатрия хизматида синовдан ўтказилган. Амалга оширилган тадбирлар натижасида сил касаллигининг даволаниш самарадорлиги кўрсаткичи 81 фоиздан ошган ва 2015 йил якунига келиб сил микобактерияси ажралишининг тугаши (абацилирование) илк маротаба аниқланган беморларнинг 87,7 фоиз (ЖССТ тавсиясига кўра 85 фоиз бўлиши керак), парчаланиш бўшлиғининг ёпилиш жараёни эса 82,7 фоиз беморларда кузатилган.

Сил ва силнинг резистент тури билан касалланган беморларни даволаш ва самарадорлигини юқори кўрсаткичларига эришишда, касалликнинг туридан қатъи назар, жарроҳлик йўли билан даволаш катта аҳамиятга эга бўлди. РИФваПИАТМ мутахассислари томонидан ўпка ва ўпкадан ташқари органлар сили билан касалланган беморларда қўлланиладиган замонавий юқори технологияга эга жарроҳлик йўли билан даволаш усули амалиётга жорий этилган. Капитал таъмирланиш ва қайта ташкиллаштириш тадбирлари ўтказилмасдан олдин илмий марказда ҳафтасига 4 дона жарроҳлик йўли билан даволаш усули ўтказилар эди, ҳозирги вақтда эса илмий марказнинг клиникасида ҳафтасига 30 дан зиёд жарроҳлик амалиёти қўлланиб, жарроҳлик фаоллиги 2015 йилнинг якуни бўйича 2010 йилга нисбатан 82,7 фоизга, 2005 йилга нисбатан эса 118,4 фоизга кўтарилган ва республика бўйича ушбу кўрсаткич 55,9 фоизни ташкил қилган. Амалга оширилаётган жарроҳлик даволаш усулларининг 60 фоиздан зиёдини юқори технологияли даволаш усуллари ташкил қилади. Илмий марказда сил ва силнинг резистент турига чалинган беморларни даволаш мақсадида ўпка, плевра, суяк ва бўғин, тери ва юмшоқ тўқималарга ўтказиладиган замонавий жарроҳлик даволаш усуллари амалга оширилмоқда, шунингдек, янги ва амалда қўлланиб келаётган ўпка ва плеврага ўтказиладиган, суяк-бўғин ва сийдик-таносил органларининг сил касаллигини эрта аниқлаш ва қайта тиклаш жарроҳлик усуллари, анестезиологик таъминоти, операциядан олдинги ва кейинги даврлардаги беморларга кўрсатиладиган тиббий хизмат тартиблари такомиллаштирилди ва ушбу тадбирлар сил асоратлари мавжуд бўлган ёки касаллик ривожланиб бораётган беморларда ҳам кенг қўлланилмоқда.

Шунингдек, юқори технологияли замонавий жарроҳлик даволаш усули деб тан олинган бош бронхнинг трансстернал ва трансмедиастинал окклюзияси, бронхларнинг пластик операциялари, ВАТС (видео ассистирлашган торакопластикаси), йўғон ичакдан сунъий сийдик қопини яратиш ва чаноқ сон бўғимининг тотал эндопротезлаш жарроҳлик даволаш усуллари ҳам амалиётга тўла татбиқ этилган. Марказнинг илмий фаолияти, республикада сил касаллигининг эпидемиологик ҳолатини инобатга олган ҳолда сил ва нафас органлари касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Шунингдек, силнинг резистент турлари ва ОИВ қўшма инфекцияларининг олдини олиш, эрта ташхислаш, даволаш йўналишлари бўйича фундаментал ва инновацион илмий тадқиқотларга, жарроҳлик даволаш усулларини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият берилган. Фтизиатрия хизмати фалиятини такомиллаштириш борасидаги тадбирлар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг илк давридан бошлаб БМТ ва уларнинг турли йўналишдаги ихтисослаштирилган муассасалари билан узвий боғлиқликда сиёсий ва ижтимоий йўналишлари бўйича биргаликда фаолият кўрсатиб келмоқда. Республика фтизиатрия хизмати ва ЖССТнинг ҳамкорликдаги фаолиятлари сил, айниқса, силнинг резистент турларининг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш йўналишлари бўйича замонавий, ҳозирги талабга тўла жавоб берадиган усулларни амалиётга татбиқ этиш ва республика фтизиатрия хизматини такомиллаштиришга йўналтирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ОИТС, сил ва безгакга қарши Глобал Жамғарма халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади ва ушбу ташкилот республикада сил ва силнинг резистент тури билан касалланган беморларни силга қарши дори воситалари билан таъминлаш, лаборатория тизимида фаолият кўрсатаётган замонавий диагностик жиҳозлар учун зарур бўлган реактивлар ва картрижлар, индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланиш борасидаги тадбирларни амалга оширган. Ўзбекистон Республикаси 2000 йилдан бошлаб АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда силга қарши лойиҳаларини ишлаб чиққан ва амалиётга татбиқ этган. Вазирлик ва РИФваПМАТМ билан ҳамкорликда ушбу халқаро ташкилот «Stop TB!» стратегияси асосида ишлаб чиқилган силга қарши Давлат дастурларида белгиланган тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, республиканинг миллий фтизиатрия хизмати ўз фаолиятини Европа (Париж, Франция) ва Евроосиё Респиратор Жамиятлари, сил ва ўпка касалликларининг Халқаро иттифоқи (Париж), Россия пульмонологларининг илмий жамиятлари билан узвий боғлиқликда давом эттирмоқда. Республика фтизиатрия хизматининг бош муассасаси ҳисобланган РИФваПИАТМ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфида бўлган даволаш-профилактик ва силга қарши курашиш муассасаларига мониторинг тадбирлари, кўчма конференциялар, семинарлар, илмий кенгашлар, индивидуал равишда хизмат сафарлари ташкиллаштирилиши, телевидение ва радиолардаги чиқишлар ҳамда илмий мақолаларнинг чоп этилиши йўллари билан доимий равишда ташкилий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

2011-2015 йиллар давомида амалга оширилган тадбирлар якуни бўйича шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 62-сонли қарори билан тасдиқланган Силга қарши курашиш Давлат дастурида белгиланган натижаларга батафсил эришилди, шу жумладан:Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 4 апрелдаги 10-5/114-сонли хатига асосан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида силни ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида маҳорат дарслари ташкиллаштирилган. Ушбу тадбирларда илмий марказ мутахассислари томонидан ҳар йили 70-100 дан ортиқ юқори технологияли жарроҳлик даволаш усуллари амалга оширилган, 8000 дан зиёд бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли даволаш муолажалари белгиланган, замон талабига жавоб берадиган замонавий диагностик жиҳозларда 1500 дан ортиқ ташхислаш усуллари қўлланилган, молекуляр генетик (G/Xpert, HAIN) ва бактериологик (MGIT) каби замонавий диагностик усуллар амалиётга кенг жорий этилган. 2014 йилда Бухоро шаҳрида «Фтизиатрия ва пульмонологиянинг долзарб масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилган, 2014 ва 2015 йилларда халқаро мутахассислар иштирокида (Россия, Жанубий Корея) РИФваПИАТМда кўкрак қафасида ўтказиладиган жарроҳлик даволаш усулларининг онлайн трансляцияси билан боғлиқ маҳорат дарслари ташкил этилган. 2015 йилнинг май ойида республика фтизиатр ва пульмонологларининг VIII съезди ўтказилган ва ушбу анжуманда 17 мамлакатдан 90 нафардан зиёд мутахассис иштирок этган. Съезд давомида РИФваПИАТМнинг клиникасида халқаро мутахассислар иштирокида ўпка сили ва ўпкадан ташқари сил касаллигига чалинган беморларда онлайн трансляцияси орқали жарроҳлик даволаш усуллари ўтказилган, ушбу амалиётдан 6 тасини юқори технологияли даволаш усуллари ташкил қилган. Шунингдек, республикада илк маротаба беморларни руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва туберкулин ташхислаш борасида ўрта тиббиёт ходимлари учун маҳорат дарслари ташкиллаштирилган.

  • сил билан 100000 аҳолига нисбатан касалланишнинг интенсив кўрсаткичини 50 фоизгача камайтириш белгиланган бўлса, амалга оширилган тадбирлар натижасида 2016 йилнинг якуни бўйича ушбу кўрсаткич 100000 аҳолига нисбатан 44,9 фоизни ташкил қилди;
  • даволаш самарадорлиги белгиланган кўрсаткичга эришилди, микобактериялар ажралишининг тўхташ кўрсаткичи белгиланган 85 фоизга етказилди;
  • сил касаллигидан 100000 аҳолига нисбатан ўлимнинг интенсив кўрсаткичи белгиланган 4,0 ўрнига 2016 йилнинг якуни бўйича 2,7 фоизни ташкил қилди.

ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида фахрий учинчи ўринни эгаллагани мақтовга сазовордир.

Хулоса шуки, сил касаллиги профилактикаси, диагностикаси ва даволаш ишларини янада такомиллаштириш, силнинг дориларга турғун шаклларини самарали даволашнинг янги, замонавий услубларини жорий этиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш вазифалари бундан кейин ҳам касалликка қарши кураш жараёнидаги устувор мақсад бўлиб қолаверади.

Ибодат СОАТОВА, журналист.

Сил — юқумли касаллик ҳисобланиб, унинг тарқалишини асосий сабабларидан бири бу, аҳоли ўртасида касалликни юқиш йўллари, олдини олиш чоралари ва даволаш бўйича маълумотни етишмаслиги ҳамда у ҳақидаги афсоналар ва беморларга нисбатан нотўғри муносабатлар шаклланишидир.
Мақсад юртимизда сил касаллигини даволаш ва унинг профилактикаси ҳамда касалликнинг олдини олиш, аҳолининг сил касаллиги борасидаги хабардорлигини ошириш ва жамиятда бу хасталик билан касалланган беморларга нисбатан бағри кенглик билан муносабатда бўлишни шакллантириш ҳамда шу мавзуга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.


Ушбу веб-сайтдан барча бепул фойдаланишлари мумкин. Агар сизга саҳифа ёрдам берган бўлса, веб-сайт мунтазам ишлаб туриши учун миннатдорчилик ўрнида шу карта рақамига имкон борича маблағ юборишингиз мумкин: 8600 0609 6368 6648

Эътибор учун раҳмат