Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш, ушбу соҳада қонун ҳужжатлари самарали қўлланилишига кўмаклашиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш учун махсус ташкил этилган республика комиссияси иш олиб боряпти. Мазкур комиссия таҳлиллари асосида Қонунчилик палатаси тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитмоқда.

Навбатдаги парламент эшитувида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарларининг ахборотлари тингланди.

Қайд этилдики, фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан жорий йилда жойларга 86 марта чиқиш ташкил этилиб, улар доирасида 2,4 минг нафардан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди. 53 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам ҳар йили 10 минг нафардан зиёд беморга стацио­нар ёрдам кўрсатилмоқда. Марказ мутахассислари томонидан ҳудудларда 76 та жарроҳлик амалиёти бажарилди. Шунингдек, малака ошириш бўйича тренинглар ва лекция машғулотлари ҳам ўтказилиб, 2 минг нафарга яқин шифокор ўз малакасини оширди.

Депутатлар ҳудудларда бўлиб ўтган учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар, ўрганишлар натижалари юзасидан марказ раҳбарларига саволлар билан мурожаат қилди.

 Акмал САИДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси:

— Сил касалига чалинган беморларга тиббий хизматлар кўрсатиш пулликми ёки бепул? Озодликдан маҳрум этилган шахслар орасида бу касалликка чалинган беморлар учун қандай хизмат кўрсатилади?

Наргиза ПАРПИЕВА, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

– Мамлакатимизда бу касаллик билан оғриган беморларга 100 фоиз бепул тиббий хизмат кўрсатилади. марказимиз ва унинг жойлардаги филиалларида пульмонология билан касалланган беморларга ҳам тиббий хизматлар кўрсатилади. Бу хизматларимиз пуллик.

2012 йил 11 июнда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тегишли тартибда қўшма қарор имзоланган. Унга кўра, жазони ўташ муассасаларида сақланаётган шахслар тегишли тиббий кўрикдан ўтказилганда сил касаллиги аниқланса, у алоҳида хонага ўтказилади ва даволанади. Бу жараённи тартибга солувчи меъёрлар ишлаб чиқилган.

Мавлуда ХЎЖАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

— Маълумки, сил ижтимоий хавфи юқори бўлган касалликлардан бири саналади. Мамлакатимизда унинг профилактикаси, айниқса, ёш болаларни бу касалликдан ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар олиб бориляпти?

 

 Наргиза ПАРПИЕВА:

– Чиндан ҳам, сил тез тарқалиши, у билан касалланган киши меҳнат қобилиятини йўқотиши, сил аниқланган оила бутунлай карантин курсидан ўтиши шартлигини инобатга оладиган бўлсак, унинг қанчалик жиддий ижтимоий хавфли экани янада ойдинлашади. Шунинг учун ҳам мутахассисларимиз жойларда узлуксиз тарзда тушунтириш ишларини олиб боряпти.

Бугунги кунда юртимизда туғилаётган чақалоқларнинг 99,7 фоизи силга қарши эмланма (БСЖ) билан қамраб олинган. 2016 йилда ўтказилган тиббий кўриклар натижасида 570 минг нафар болада силга мойиллик аниқланди. Уларга зарур бўладиган Туберкум препарати хориждан олиб келтирилишини инобатга олиб, «Дори-дармон» АЖ билан шартнома имзоладик. Етказилган дори воситалари бу болаларга тарқатилди. Соҳада албатта, дори воситаларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммо бор. Илгари ўзимизда бу дориларни ишлаб чиқарадиган завод бор эди. Аммо тегишли тиббий талабларга жавоб бера олмагани туфайли унинг фаолияти тўхтатилди. Ҳозирда соҳа мутасаддилари томонидан унинг ишини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш устида ҳам иш олиб борил­япти. Бу билан болалар ўртасида профилактика тадбирларини янада кучайтиришга эришамиз.

Мухтабар ҲУСАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Онкологик касалликларни даволаш препаратлари жуда қиммат. Бу аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Марказ томонидан бу   муаммоларни ҳал этиш юзасидан қандай иш олиб бориляпти?

Мирзағолиб ТИЛЛАШАЙХОВ, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

– Бугунги кунда давлатимиз томонидан ажратилган имтиёзли дори воситалари, даволаш курслари асосида онкологик беморларнинг 33 фоизини қамраб оляпмиз, холос. Қолган 67 фоиз беморлар кимёвий терапия дориларини четдан олишга мажбур бўлмоқда.

Марказ тизимида ҳозирги вақтда бор-йўғи 4 та гамма-терапевтик қурилма ишлаб турибди. Жорий йилда 11 та гамма-терапевтик қурилма ҳамда 7 та брахитерапевтик қурилма сотиб олиш режалаштирилган. Бироқ ҳанузгача бундай харид амалга оширилмаган. ­Соғлиқни сақлаш тизимининг бошлан­ғич бўғинларида онкология соҳаси мутахассислари етишмаслиги муаммоси мавжуд.

Олим ИМОМОВ, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича мутахассиси:

– Тиббиёт марказларининг раҳбарлари ўз фаолияти тўғрисида Қонунчилик палатасида ахборот тақдим этиши, шак-шубҳасиз, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Бугунги тадбир давомида ютуқлар билан бир қаторда долзарб муаммолар ҳам ҳар томонлама муҳокама этилди, аниқ таклифлар билдирилди. Парламентнинг қуйи палатаси билан биргаликда олиб бориладиган ишлар кўплаб масалаларни амалда ҳал этиш имконини беради.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Иккита республика тиббиёт маркази фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эшитиш якунларига кўра, бош­қа масалалар билан бир қаторда маҳаллий корхоналар томонидан сил касалликларига қарши препаратлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг кимётерапияга ва таргет дори воситаларига эҳтиёжини қондириш учун ажратилаётган маблағлар ҳажмини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур масалалар парламент назоратига олинди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар, шунингдек, ушбу марказлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси эшитувлар якунлари бўчича қабул қилинган қарорда ўз ифодасини топди.

Мунисхон КАРИМОВА, 

«Жамият» мухбири