Ўпка фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи турли омиллар мавжуд. Улардан бири ўпка плеврасининг яллиғланиши, яъни плевритдир.
Плевра – ўпкани ўраб турадиган юпқа шиллиқ қатлам кўпинча ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли яллиғланади. Шу боис плевритаксар ҳолларда мустақил касал бўлмай, ўпка ёки плевра пардаларига қўшни аъзо (кўкрак қафаси, кўкс оралиғи, диафрагма ва унинг остидаги бўшлиқ)лар касалликлари асорати сифатида ривожланади. Болаларда айниқса хавфли кечади. Чунки ёш бола ўзида қандай жараён кечаётганини айта олмайди. Натижада касаллик белгиларини аниқлаш маҳаллий шароитда бироз қийинчилик туғдиради. Нотўғри ташҳис ёки муолажа турли салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Плевра тўқимасидаги ўзгаришларга қараб плеврит қуруқ (фибриноз) ёки экссудатли бўлади. Клиник хусусиятларига кўра, ўткир, нимўткир ва сурункали ҳамда ўпка плеврасидан ажраладиган суюқлик миқдори, жойлашишига қараб, яна бир қанча турларга таснифланади. Аслида плеврит фақат нафас аъзосига боғлиқ хасталик эмас, балки 60 дан ортиқ касалликларда учрайди. Бироқ амалиётдан маълумки, асосан сил, зотилжам ва ўсма касалликлари асоратидан вужудга келади.
Қуйида қуруқ ва экссудатли плеврит бўйича қисқача маълумот бермоқчимиз. Бу маҳаллий шароитда касаллик белгиларини аниқлашда қўл келади.
Қуруқ плеврит плевра пардалари яллиғланиши, ўпка ёки кўкрак қафаси лимфа тугунчаларидаги сил касаллиги билан боғлиқ. Баъзида ўткир ва сурункали юқумли касалликлар натижасида ривожланади. Касаллик пайтида плевранинг париетал ва висцерал қаватлари яллиғланиб, гиперемия, шиш пайдо бўлади ва қалинлашади. Плеврани ёпиб турадиган мезотелийга зиён етиши натижасида унинг эластик тузилиши кўриниб қолади. Плевра остида сил ўчоғи жойлашганда ёки плевра бўшлиғига ёрилиб, қон орқали тарқалганда, сил касаллигининг дастлабки белгиси сифатида қуруқ плеврит кўзга ташланади.

Касаллик турли клиник белгиларига қараб аниқланади. Масалан, париетал плевранинг қовурға соҳаси шикастланганда, кўкрак қафаси яллиғланган жойида қаттиқ оғриб туради. Плевранинг бошқа қисмлари яллиғланганда, оғриқ кўкрак қафасидан ташқари соҳаларда, плевра гумбази яллиғланса, оғриқ елка мушакларига ўтади ва у қотиб қолади. Диафрагма соҳасидаги плевра шикастланганда, оғриқ тўш суягининг орқасида кузатилади.
Чуқур нафас олганда, йўталганда, сўзлашганда, оғриқ кучаяди. Энг кучли оғриқ касаллик бошланишида бўлади. Висцерал плевранинг шикастланиши оғриқсиз ўтади. Баъзи ҳолларда қуруқ йўтал туради. Тана ҳарорати ўзгармаслиги, гоҳида субфебрил бўлиши мумкин. Нафас олганда кўкрак қафасининг яллиғланган томонидаги ҳаракат нисбатан сустроқ бўлади. Энг муҳим белгиси – бемор кўпроқ соғ томонида ётишга ҳаракат қилади. Узоқ давом этадиган плеврит ўпка ёки лимфа тугунларида фаол сил касаллиги мавжудлигидан далолатдир.
Шифокорлар хасталикни чуқур нафас олиб чиқарганда оғриқ кучайиши ва плевра ишқаланишидан ҳосил бўладиган шовқинга асосланиб аниқлайди. Лекин келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш мураккаброқдир.
Экссудатли плеврит плевра пардалари бўшлиғига яллиғланиш суюқлиги (экссудат) йиғилиши билан кечади. Плевра пардалари яллиғланганда, улардаги томирлар деворининг ўтказувчанлиги ўзгариб, қон босими кўтарилади, висцерал плевранинг коллаген қавати ўзгаради ва плевра бўшлиғи пастки ёнбошларида манфий босим таъсирида экссудат тўпланади. Суюқлик ўпкадаги ҳавони аста-секин сиқиб чиқариб, зичлайди. Унинг миқдори кўпайганда, аъзолар соғ томонга сурилиб, нафас олиш, қон айланиш меъёри бузилади.
Касаллик тана ҳароратининг аста-секин, баъзида тезда кўтарилиши, кўкрак қафасида санчиқли оғриқ, оғир йўтал билан бирданига бошланади. Ҳаво етишмаслиги, кўкариш ҳолатлари кузатилади, ўпканинг шикастланган томони нафас олишда суст қатнашади. Кўкрак қафаси пайпаслаб кўрилганда, зарарланган қисмда товуш зириллаши нисбатан кучсизроқ, перкуссия қилиб кўрилганда эса перкутор товуш бўғиқлашгани кузатилади.
Экссудат қовурға – диафрагма синусида йиғилганда, перкутор товуш бўғиқлашуви камроқ бўлиши ёки сезилмаслиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Суюқлик кўпайган сайин кўкрак қафасининг орқа ёнбош томонларида бўғиқроқ товуш аниқланади. Шундан сўнг экссудатнинг юқори чегараси аста-секин пастлашиб борадиган Дамуазо чизиғи бўйлаб жойлашади. Унинг энг юқори нуқтаси орқа қўлтиқости ёки кўкрак чизиғи, пастки нуқтаси – орқа умуртқа поғонаси, олд томонда эса тўш суяги қисмида бўлади.
Умуртқа поғонаси билан кўтарилиб борадиган Дамуазо чизиғи орасида ҳосил бўладиган Гарлянд учбурчагида суюқлик тўпланиши оқибатида ҳавоси сиқиб чиқарилиб, зичлашган ўпка тўқимаси жойлашади. Перкуссия қилинганда, тимпаник товуш, аускультация қилинганда, бронховезикуляр нафас шовқини эшитилади. Кўкрак қафаси соғ томонининг пастки қисми – умуртқа поғонаси ёнида бўғиқ перкутор товуш пайдо бўлиб, нафас олиш шовқини эшитилмайди.
Суюқлик миқдорини қуйидагича аниқлаш мумкин. Агарда перкуссия қилинганда, бўғиқроқ товуш IV қовурға оралиғига етса, суюқлик миқдори 1500 миллиграмм, III қовурғага етса – 2000 миллиграмм, ўмрон суягигача келса 3000 миллиграммга тенг бўлади.

Рентген қилинганда, зич, юқори чегараси қийиқ бир текис соя кўринади. Суюқлик 300 мл.дан кам бўлганда, беморни олд ва ён томонидан, танасини олдинга бироз энгаштирган ҳолатда текшириш лозим. Юрак қон-томир тизими текширилганда, юракнинг соғ томонга силжигани, тез уриши ва оҳанги сустлашгани, қон босими пасайиши кузатилади. Тана ҳарорати кўтарилганда, сийдикда оқсил ажралади. Экссудатли плеврит асосий касаллик кечишига қараб, 1,5-2 ойга чўзилади. Чекланган плеврит узоқроқ давом этиб, чандиқлар ҳосил қилади. Йирингли плеврит жуда оғир ўтади, қўшни аъзоларга ёрилиши ва оқма ҳосил бўлиши мумкин.
Плевритни даволашда эътибор асосий касаллик (сил, зотилжам, ўпка абсцесси, бошқа)ларни бартараф этишга қаратилади. Шунингдек сезгирликни камайтирувчи, яллиғланиш ва йўталга қарши дорилар қўлланилади. Суюқлик сўрила борган сари нафас олиш гимнастикаси, аъзоларни мустаҳкамлайдиган муолажалар, физиотерапия қўлланилади. Яллиғланиш жараёни тўхтагандан сўнг маҳаллий ёки махсус санаторийларда даволаниш мумкин.
Плеврит оқибати асосий касаллик кечишига, беморнинг жисмоний имконияти, ёши, нафас олиш ва юрак-томир аъзоларининг иш қобилиятига боғлиқ.
Плевритга олиб келувчи ҳолатларга йўл қўймаслик учун ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзи қарор топиши лозим. Демак, мунтазам спорт билан шуғулланиш, дармондори билан бойитилган таомлар кўпроқ тановул қилиш, захдан сақланиш талаб этилади. Агарда шамоллаш ёки бошқа касаллик аломатлари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этишни унутманг.
Гулноза ШАРОПОВА,
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази болалар ўпка сили бўлими бошлиғи.