Латент (яширин) туберкулёз бўйича скрининг текширувлари сони ҳар йили 1 миллионтага, беморларни даволаш қамрови 21 минг нафаргача етказилади. Мутахассислар томонидан ўсмирлар ва катталар рентгенологик, болалар эса иммунологик текширувдан ўтказилади.

Ўзбекистон президентининг 20 январдаги 2023−2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ўпка касалликларининг олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Унга мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили:

  • латент туберкулёз инфекциясига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача;
  • латент туберкулёз инфекциясига чалинган шахсларни даволаш қамрови 21 минг нафаргача;
  • туберкулёз микобактериясини бир вақтнинг ўзида 1- ва 2-қатор туберкулёзга қарши дори воситаларига резистентликни аниқлайдиган тезкор ген-молекуляр ташхислаш қамрови 120 минг нафаргача;
  • туберкулёз билан касалланган 18 минг нафаргача беморларни дори воситалари билан таъминлаш, шу жумладан, 1-қатор (дорига сезувчан туберкулёз билан касалланган беморлар) бўйича — 15 минг нафаргача; 2- ва 3-қаторлар (дорига резистент туберкулёз билан касалланган беморлар) бўйича — 3 минг нафаргача етказилади.

2023 йил 1 мартга қадар туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларига бириктирилган аҳоли орасидан туберкулёз билан касалланишга мойиллиги бўлган хавф гуруҳига мансуб шахслар рўйхати тузилади. Тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан туберкулёз билан касалланиш хавф гуруҳига мансуб шахслар (ўсмирлар ва катталар) рентгенологик текширувдан, болалар иммунологик текширувдан ўтказилади.

Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар билан бевосита алоқада бўлган Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш муассасалари ва қоровул қўшинларининг ходимларида латент туберкулёз инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида йиллик профилактик тиббий кўриклар доирасида тегишли скрининг тадбирлари ўтказилади. Латент туберкулёз инфекцияли шахсларда диагностика жараёнини яхшилашда хавф гуруҳларини скрининг қилиш учун тест-диагностикумлар харид қилинади.

«Ўпка саломатлиги» мобил бригадаси доирасида ҳудудлардаги олис, чекка, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳолига бепул тиббий кўрик ташкил этилади.

Бундан ташқари, тунги уйқу сифати ва нафас олиш функцияси бузилишларини ташхислаш ва даволаш мақсадида «Уйқу апноэ» марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

2022 йил октябрь ойидаги маълумотга кўра, жаҳон миқёсида дориларга мослашувчан сил билан касалланган беморларнинг даволаш самарадорлиги 85 фоиз, Ўзбекистонда эса 91 фоизга тенг. ССВнинг маълум қилишича, мамлакатда хавф гуруҳига кирувчи аҳоли орасида касалланиш 2 марта, хасталик туфайли ўлим ҳолатлари 6 мартага камайган.

Дўстларга улашинг: