Шифокор Зарифжон Раҳимов Фарғона водийсидаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлган Риштон шаҳрида туғилган. Бир вақтлар Риштон Хитойдан Европага олиб борадиган асосий савдо йўли – Буюк Ипак йўлидаги бекат бўлиб, асрлар давомида маҳаллий ҳунармандлар маданият, тажриба ва билимларни авлоддан-авлодга, устоздан шогирдга етказиб беришлари билан фахрланиб келганлар. Ҳатто бугунги кунда ҳам Риштон ўзининг Марказий Осиё уста кулоллари билан машҳур. Шифокор Зарифжон анънага кўра, ҳунармандчилик соҳасини ҳам ўзлаштирган.

З.Раҳимов 20 йил давомида халқ орасида Фарғона туберкулёз касаллиги шифохонаси дея номланадиган вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази лабораториясида ишлаб келмоқда.
Тиббиёт йўналиши бўйича талаба бўлган илк кунлариданоқ у сил касаллигига чалинганларга ёрдам беришни истарди. Тиббиёт институтида ўқиб юрган чоғида шифохонада тунги сменада ишлаб, суяк жарроҳлиги бўлимидаги беморларни парваришлар эди. Зарифжоннинг сил касаллигидан ташқари лаборатория ишларига ҳам иштиёқи бор эди.
2003 йилда Зарифжон тиббиёт институтини тамомлаб, шифохонада лаборант лавозимига, кейинчалик бактериологик лабораторияси бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди. Ҳозирда Зарифжон марказий лабораториядаги 10 нафар лаборант ва шаҳар ва туманлар лабораторияларидаги 42 кишидан иборат жамоага раҳбарлик қилмоқда. Зарифжон уларнинг барчасининг устозидир.
Туберкулёзга қарши курашишда лаборатор текширувлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Улар беморда туберкулёз касаллигининг фаол шакли бор ёки йўқлигини аниқлайди ва дори-дармонларга сезувчанлик ҳақида маълумот беради. Ушбу маълумот шифокорларга одатда туберкулёз касаллигига қарши тайинланадиган дориларнинг қайси бири аниқ бир ҳолатда самарали бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида маълумот беради. Ўзбекистон каби дори-дармонга чидамли туберкулёз касаллиги билан касалланиш даражаси юқори бўлган мамлакатларда сезувчанлик таҳлили беморни даволаш натижаларининг кутилаётган самарадорлигини оширади ва беморнинг жамиятда дори-дармонга чидамли туберкулёз касаллигини юқтириш хавфини камайтиради.
Унинг лабораторияси томонидан ўтказиладиган сил касаллигини аниқлаш таҳлилларининг тури ва мураккаблик даражаси доимий равишда ўзгариб, ривожланиб борди. Зарифжоннинг асосий вазифаларидан бири лаборатория ходимларининг билим ва касбий имкониятларини касалликни даволаш соҳасидаги ютуқларга ҳамда таҳлилларни ўтказиш амалиётидаги сўнгги ютуқларга мос келишини таъминлашдан иборат. У 52 нафар лаборантнинг ҳар бирини янги кўникма ва билимларни кундалик ишларига жорий этишда қўллаб-қувватлашга интилади. У шунингдек, шогирдларида ўз олдига туберкулёз касаллиги тарқалишини камайтириш ва беморларни даволаш каби якуний мақсадлар қўйиш иштиёқини уйғотади.

Жамоасининг малакасини ошириш мақсадида Зарифжон USAIDнинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш бўйича лойиҳаси билан ҳамкорлик қилади. USAID Ўзбекистоннинг Сил касаллигига қарши курашиш Миллий дастурини қўллаб-қувватлаб, маҳаллий мутахассисларнинг дори-дармонга чидамли сил касаллигини аниқлаш ва уни даволаш амалиётини яхшилаш бўйича билим ва малакасини оширишга ёрдам беради. Сўнгги икки йил давомида USAID Фарғона вилоятида 20 нафар лаборантни GeneXpert молекуляр синов аппаратларида ишлашга ўргатди. Бу аппаратлар лабораторияда бир соатдан камроқ вақт ичида сўлак, балғам намунасида туберкулёз бактерияси бор-йўқлигини ва туберкулёзга қарши кўпинча тайинланадиган дорилардан бири бўлган рифампицинга чидамлилигини аниқлаш имконини беради. Gene Xpert аппаратлари Ўзбекистонга келгунига қадар таҳлилларни ўтказиш ва диагностика жараёни икки ҳафтагача давом этган. USAID шунингдек, юқори сифатли лаборатория диагностикаси хизматларидан умумий кенг фойдаланишни таъминлаш учун халқаро миқёсда тан олинган сифатни бошқариш тизимини жорий этиш бўйича тўрт нафар лаборатория мутахассисини ўқитди.

Тиббиёт ходимларини лаборатор таҳлиллар натижаларининг сифатини яхшилашда янги ёндашувларни қўллашга ўргатиш мақсадида USAID жорий йилда Ўзбекистондаги лабораториялар ўртасида тажриба алмашиш ташрифларини ташкил этди. Иштирокчилар, шу жумладан, Зарифжон бошқа вилоят лабораториялар иш тажрибасини, хусусан, лаборатория ахборот тизимлари; намуналарни ташиш, олиш ва рўйхатдан ўтказиш амалиёти, GeneXpert усули воситасида бирламчи диагностикага ўтиш, туберкулёз бактерияларининг дори воситаларига чидамлилик даражасини аниқлаш учун таҳлиллар ўтказиш борасидаги амалиётини ўрганишга муваффақ бўлди.
- 20 йиллик касбий тажрибамда мен ҳеч қачон лаборатория мутахассисларининг малакасини оширишга, уларга катта ҳажмда қимматли маълумотларни тақдим этишга ва улар бу маълумотларни тушунишлари ва улардан фойдаланишларини таъминлашга қаратилган ёндашувни кўрмаганман, — дейди у. — Бу ишларнинг барчасини USAID билан бирга муваффаққиятли олиб боряпмиз. Мен энди нима қилиш кераклигини, Фарғона бактериологик лабораториясининг фаолияти ва ривожланиши қайси йўналишда ва қандай ҳаракат қилиши кераклигини аниқ биламан”.
