Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборотига кўра ҳар йили 10 миллион киши туберкулёз билан касалланади. Олдини олиш ва даволаш мумкин бўлган  касаллик бўлишига қарамай, йилига  1.7 миллион одам туберкулёз касаллигидан вафот этади. Бунинг сабаби нимада? Туберкулёзни аниқлаш ва даволаш борасида юртимиз ҳамда хорижда қандай илғор тажриба, ёндашувлардан фойдаланилмоқда? Биринчи тоифали врач-фтизиатр Омон Кураков шу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Туберкулёз  касаллиги ҳақида маълумот берсангиз.

— Туберкулёз – бактерияларнинг  организмга кириши орқали ривожланиб борувчи юқумли касаллик ҳисобланади. Асосан, 99 фоиз ҳаво томчи йўли билан юқади ва уни Кох таёқчалари қўзғатади. Кох таёқчаси ҳар қандай шароитга чидамли бўлиб, иссиқда ҳам совуқда ҳам  15-20 соатгача  кўпая олиш хусусиятини йўқотмайди. Яна шуни айтиб ўтиш керакки,  сил таёқчалари  80-90 фоиз да ўпкани шикастлайди. Сабаби, биз бевосита ташқи муҳит билан мулоқотда бўлганимизда бактерия ҳаво орқали ўпкага тушади. Сўнгги вақтларда  Ўзбекистонда ўпкадан ташқари кўпроқ зарарланадиган аъзолардан суяк сили, буйрак аъзолари сили, жинсий аъзолар сили, кейинги босқичларда  кўз, ичак силлари кенг тарқалган. Ўпкадан кейин мен шуни очиғини айтаманки, умуртқа сили яъни суяк сили жуда кўп учрайди.

—Касалликни қандай ўзига хос белгилари мавжуд, ўпка ва ўпкадан ташқари турлари бўйича асосий белгиларини кўрсатинг.

—Бу касалликни ўзига хос белгиларидан бири – узоқ вақт яъни икки ҳафтадан кўпроқ муддатда давом этувчи йўтал ҳисобланади. Иштаҳасизлик натижасида вазн йўқотиш, тунда  ортиқча терлаш ҳам касалликдан дарак берувчи омиллардир. Мен санаб ўтган ҳозирги симптомлар асосан, ўпка туберкулёзи билан боғлиқ, лекин  суб фебрил (37.1-38.0) температура  ўпкадан ташқари бошқа органлар силидаям учраб туради. Ҳар қайси аъзо силининг ўзига хослиги мавжуд, масалан, суяк силида травматологик, неврологик белгилар пайдо бўлади, бу асосан умуртқа қисмида учрайди. Сабаби энг кўп юк умуртқа поғонасига тушганлигидир. Лекин кўпчилик ҳайрон бўлиб савол беришади, қандай қилиб умуртқа туберкулёз бўлиб қолади? Ўпка механизми шундай бўладики, инсон сил таёқчасини ҳаво орқали ютгандан сўнг у ўпкага жойлашади ва  қон  ёки лимфа  йўллари орқали заиф нуқтани зарарлайди. Бундан ташқари, жинсий аъзолар, кўз ҳамда  тери туберкулёзлари ҳам жойлашган ўрнига қараб  ўзига хос белгиларни намоён қилади.

Бефарзандлик муаммоси билан кўплаб гинеколог, андрологларга мурожаат қилишади, қайта- қайта даволанишади. Лекин, туберкулёз эмасмикан? деган савол четда қолади. Туберкулёз текширувидан ўтганларидан кейин, касаллик аниқланиб, муолажа қилганларидан сўнг фарзандли бўлишади. Яна пешоб йўллари сили билан ҳам шундай, кўп урологларга  мурожаат қилишади, охири текширувдан ўтишса, туберкулёз касаллиги чиқиб келади. Туберкулёз касаллигини 2 хил яъни дорига сезгир ҳамда дорига турғун турларга бўлиб даволаймиз. Дорига сезгир турини халқ тилида “енгил форма” деб айтилади. Бунда 6 ойдан 8 ойгача 4 хил компонентли дори қабул қилинади. Дорига турғун шакли эса нисбатан оғир кечади, лекин бу давосиз дегани эмас. Оғир турида 8 ойдан 24 ойгача 6 – 8 компонентли дорилар ичилади.

—Айтинг-чи,  сил касаллигини аниқлаш учун ҳозирда қандай лаборатор ва инструментал усуллар қўлланилмоқда?

—Инструментал усулдан бошласам, асосан роентген, флюорография, компьютер томографиядан фойдаланилади. Шифокорларга ташхис учун энг қулайи компьютер томография ҳисобланади. Лаборатор текширув бўйича сўнгги йилларда анча замонавийлашишга эришилган, жумладан, май ойида  ЮСАИДнинг “Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш” лойиҳаси асосида мамлакатимизга  Gene Xpert молекуляр-генетик усулда туберкулёз таёқчасини аниқлайдиган ва дорига сезувчанлигини текширадиган аппаратлари олиб келинди. Бу аппаратлар ҳам шифокорларга, ҳам беморларга жудаям қулай. Сабаби бир ярим соатга қолмасдан  бемор ўзида сил касаллиги мавжуд ё мавжуд эмаслигини аниқлаштириб олиши мумкин. Яна маълумот ўрнида айтмоқчиман, ёш болаларда манту синамалари, диаскинтест ва квантиферон текширув усуллари орқали туберкулёз таёқчаларига фаоллик бор ёки йўқлиги текширилади.

— Хасталикни даволаш муддатлари нималарга боғлиқ ва ундан буткул соғайиш мумкинми?

— Хасталикни даволаш муддатлари лаборатор текширув усулларига асосланган.  Аввало, касалликни дорига сезгир ёки турғунлигини аниқлаб олиш зарур ва шунга қараб туберкулёз препаратлари танланади. Даволаш муддатлари нималарга боғлиқ? деган савол ҳозирги кунда оғриқли нуқталардан биттаси бўлиб келмоқда. Шу ўринда беморларнинг ўзига хос психологиясини ҳам тушуниш мумкин. Масалан, шамоллаб қолсак, дорини бир ҳафталик қилиб шифокорга ёздирдик. Температура 38-39 градусга чиққан. Дориларни 2 кун қабул қиламиз, ҳарорат тушиши билан уларни эсдан чиқариб, юриб кетамиз. Бу шамоллаш, туберкулёз бўлмагани боис ҳеч қандай асорат бермайди. Агар туберкулёз препаратларини камида 3 кун ёки бир ҳафта ичишни тўхтатиб қўйса, ўша дорилар  организм  учун турғун бўлишни бошлайди. Яъни кетма-кет “ўлдирувчи” препаратлар организмга тушмагандан кейин туберкулёз таёқчаларида дорига нисбатан иммунитет ҳосил бўлиб қолади. Шу ҳолда бемор дорини қабул қилса, таъсир қилмай қўяди ва ўз-ўзидан, сунъий равишда касалликни турғун шаклга ўтқазиб қўяди. Силни тузалиш муддати узайишида беморнинг ўзи билан боғлиқ муаммоларга ҳар хил шикоятлар бўлган пайтда шифокорга  мурожаат қилмаслик, вақтида овқатланмаслик ва юқорида айтилганидек, ўзбошимчалик билан дориларни ичишни тўхтатиш киради. Беморда дорига нисбатан таъсирчанлик ёки бошқа ёмон сифат, белгилар бўлганда ўз вақтида керакли чора тадбирни – кўрмаслик ёки ҳамширалар томонидан бемор дори ичишини назорат қилмаслик бевосита тиббиёт ходимлари билан боғлиқ ҳолатлардир. Агар шифокор йўриқномаларига риоя қилинса, ўз вақтида овқатланилса, дориларни тўхтатмасдан ичиб борилса, доимий шифокор назоратида бўлинса, албатта туберкулёзни давоси бор!

—Туберкулёз ҳам Ковид каби мутацияга учрайдими?

—Бу  саволингизга  юқорида қисман жавоб бериб ўтдим, яна қўшимча қилмоқчиман. Касалликни сезгирдан турғун формага ғтишини мутация деб олсак ҳам бўлади, яъни оддий шаклдан мураккаб шаклга айланиб,  аввалги дори таъсир қилмайдиган даражага келиши касаллик мутацияга учраганидан дарак беради.

— Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Сил касаллигига  барҳам бериш стратегияси доирасида қандай  ютуқларга эришиш кўзда тутилган?

— 2016 йилда бу стратегияга кўра 2035 йилга келиб нафақат Ўзбекистонда, умуман бутун дунёда  туберкулёз касаллигидан ўлим кўрсаткичини пасайтириш,  касаллик тарқалиш даражасини 90-95 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Энди бунга қандай эришиш мумкин? Силни эрта аниқлаш, яна инструментал, лаборатор текширувлар мукаммал тарзда таъминланган, фақат шифокорнинг билим доираси кенг бўлиши, беморларга тўг`ри ташхис қўя олиши керак. Аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, туберкулёз касаллигига оид  тарғибот-ташвиқот ишларини  телевидение, радио, ОАВ орқали кўпайтириш йўли билан коронавирусни енгган каби бу хасталикдан ҳам қутулиш мумкин.

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети талабаси Зайнаб Тўраева суҳбатлашди.

Фото: bitoflife.ru

Дўстларга улашинг: