Бутун дунёда туберкулёз касаллиги, уни йўқ қилиш бўйича соғлиқни сақлаш тизимидаги ютуқларга қарамай, ҳар йили минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Сўнгги ўн йилликлар давомида Ўзбекистонда унинг тарқалишининг олдини олиш, диагностика ва даволаш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, бироқ касалликни, жумладан, унинг стандарт даволашга чидамли шаклларини бартараф этиш бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши зарур. Туберкулёз касаллигига қарши курашда аҳолининг ушбу касаллик ҳақида хабардорлиги, унинг юқиш йўллари, олдини олиш ва ўз вақтида даволашнинг аҳамияти алоҳида аҳамиятга эга.
ЮСАИДнинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш лойиҳаси ушбу минтақадаги муассасаларнинг сил касаллиги бўйича етакчилик, бошқарув, молиялаш ва ахборот тизимлари соҳасидаги салоҳиятини кучайтириш орқали ДЧСни даволаш хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини оширишни кўзлайди. Лойиҳа лабораториялар ва тиббиёт муассасаларини малакали ва интилувчан мутахассислар, шунингдек, дори воситалари, тегишли материаллар ва хизматларни таъминлаш орқали силга қарши курашни амалга ошириш шароитларини яхшилайди. Лойиҳа сил билан боғлиқ стигмани камайтириш ҳамда даволашни муваффақиятли якунлаш учун беморларни комплекс қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоалар билан бирга иш олиб боради.
Туберкулёз касаллиги ривожланишининг олдини олиш профилактика ишларини ўз вақтида ўтказиш биринчи навбатда, флюорография, шунингдек, касалликнинг очиқ шакли бўлган шахсларни аниқлаш ва уларни изоляция қилишдан иборат.
Mycobacterium tuberculosis юққан барча шахсларда ҳам фаол сил ривожланавермайди. ЛТИ (латент туберкулёз инфекцияси) ҳолатининг инсон ҳаёти давомида фаол сил касаллигига ўтиш хавфи 5-10% ни ташкил этиши аниқланган. Мазкур хавф, айниқса, 5 ёшгача бўлган (жумладан 5 ёшдаги) болалар ва иммунитети паст инсонлар орасида юқори.
Туберкулёз болалардаги касаллиги белгилари
Болаликда туберкулёз касаллиги катталарникига қараганда бироз бошқача ривожланади. Бу боланинг иммунитет тизимининг кам ривожланганлиги билан боғлиқ. Касаллик уларда тез тарқалади ва энг дахшатли оқибатларга олиб келади.
Ушбу белгилар ота-оналарни огоҳлантириши керак:
- заифлик;
- вазн олишни тўхтатиш;
- асабийлашиш;
- мактаб вақтида тез чарчаш;
- бепарволик;
- ўқишда тенгдошларидан орқада қолиш;
- тана ҳарорати — 37,5 ° С гача кўтарилиши;
- катталашган лимфа тугунлари;
- терлаш;
- титроқ.
Умуман олганда, болаларда туберкулёз касаллигининг белгилари, катталардаги каби касалликнинг шаклига ва юқумли жараённинг локализациясига боғлиқ.
Туберкулёз касаллиги билан касалланмаслик учун қуйидаги профилактика чораларига риоя қилиш керак:
- мунтазам равишда профилактик флюорография текширувлардан ўтинг.
- болаларни силга қарши эмлашдан қочманг (силга қарши эмланган болалар эмланмаганларга қараганда 15 баравар камроқ касал бўлишади).
- чекманг, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилманг, чунки улар тананинг ҳимоя кучларини сезиларли даражада камайтиради
- жисмоний тарбия, спорт ва қаттиқлашув билан шуғулланинг, бу тананинг туберкулёз ва бошқа касалликларга чидамлилигини сезиларли даражада оширади
- яхши овқатланинг
- асабий стрессдан қочишга ҳаракат қилинг
- уйда, кўчада, мактабда, ишда гигиена қоидаларига риоя қилинг
Соғлиғингизга беэътибор бўлманг!
Зайнаб ТЎРАЕВА,
Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети, Медиа ва коммуникация факультети, 2105-гуруҳ талабаси.
Фото: infosmi.net