Фарғона шаҳрида 24 март — Бутунжаҳон силга қарши кураш куни муносабати билан хайрия тадбири ўтказилди. Тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан нишонланди.
Шу куни сил касаллиги, стигма ва камситишнинг олдини олиш бўйича болалар расмлари кўргазмалари ва аҳолининг сил касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида турли акциялар, концерт шоу дастурлари ташкил этилди.
Хабарингиз бўлса, 24 март куни USAID Соғлиқни сақлаш вазирлигига 16 та GeneXpert диагностика ускунасини совға қилган эди. Ана шундан 5 донаси Фарғона вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказига топширилди. Ҳозирда ушбу замонавий тиббий ускуналар Данғара, Бағдод, Риштон, Қува ҳамда Сўх туманидаги тиббиёт муассасаларига ўрнатилди.
GeneXpert ultra нинг имкониятлари кенг. У бир кун ичида сил касаллигини диагностика қилиш имконини беради, бошқа муқобиллари эса натижаларни 80 кунда чиқариб беради.
GeneXpert нафақат беморда сил касаллиги мавжудлигини, балки туберклёзнинг муайян бир ҳолатини даволаш учун одатда буюриладиган антибиотикларга чидамлилигини ҳам текшириши мумкин, бу эса шифокорларга бемор учун энг самарали дори-дармонларни танлаш имконини беради.
USAID Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Силга қарши кураш миллий дастури доирасида тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, силга қарши дори воситалари, тиббий ва лаборатория жиҳозлари мавжудлигини ошириш, сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш ишларини кучайтириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида USAID 1700 дан ортиқ сил бўйича мутахассисларни ўқитди ва 3000 дан ортиқ хавф гуруҳидаги шахсларни туберкулёзга қарши текширувдан ўтказди.