Сил касаллиги юқумли касаллик бўлиб, бунда асосан 85-90 фоиз ўпка, 10-15 фоиз суяк, бўғимлар, буйрак, мия пардалари, жинсий аъзолар, тери, кўз, ичакларни шикастлайди. Касалликни асосий тарқатувчиси бу ўпка силини очиқ шакли билан оғриган бемордир. У бир йилда ўртача 10-15 кишини зарарлайди. Касаллик ҳаво-томчи йўли билан юқади. Сил касаллиги билан касалланган бемор йўталганда, аксирганда ҳавога сил таёқчалари бўлган майда томчилар ажралади ва улар яқин атрофдаги инсонларнинг нафас йўлларига тушади.
Микобактериялар атроф муҳитда узоқ муддат сақланиб туриши ҳисобига ҳар қандай жойда зарарланган ҳаводан нафас олиш орқали бошқалар ҳам юқтириб олишлари мумкин, лекин ҳамма ҳам сил билан оғримайди. Сифатсиз овқатланиш, зарарли одатлар (чекиш, ичиш, гиёҳвандлик), сурункали носпецифик ўпка касалликлари (сурункали бронхит, бронхиал астма), қандли диабет, ошқозон ичак ва яра касалликлари, узоқ вақт гармон қабул қилувчилар, ОИТС инфекцияси сил касаллигига мойилликни оширади.
Икки ҳафтадан ортиқ йўтал, балғам ташлаш, кўкрак қафасидаги оғриқ, қон тупуриш, озиш, тана ҳароратининг кўтарилиши (37-37.50С), кечалари кўп терлаш, инжиқлик, беҳоллик, иштаҳасизлик аломатлари рўй беради.
Касалликнинг кеч аниқланишига сабаб, беморлар касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилмаганлиги, тиббий кўрикдан вақтида ўтмаганлиги яъни флюорографиядан ўтмаганлиги, бу касалликка текширувларга оила аъзоларининг лоқайд бўлганлигидир.
Мавзуга оид:
- Сил касаллиги бедаво эмас
- Силни юқтирмаслик учун 10 та зарур тавсиялар
- Cилга чалинганларга ёрдам қўлини чўзаётган инсон қиссаси
Силни тўғри даволаш бу касалликка қарши курашишни асосий воситаси ҳисобланади. Замонавий тиббиёт силни даволашда катта имкониятларга эга. Бемор касалликни дастлабки белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга мурожаат қилиши, шифокорнинг барча кўрсатмаларига риоя қилиши керак. Белгиланган дориларнинг барча дозаларини доимий равишда узлуксиз назорат остида қабул қилсагина, гигиена қоидаларига риоя этганда тузалиб кетиши мумкин. Беморнинг гигиена қоидаларига амал қилмаслиги эса қайталаниш ва иккиламчи дори-дармонларга чидамлилик формасига ўтиши кузатилади.
Ҳозирда дориларга чидамлилик формасидаги беморларни даволашда қисқа муддатли даволаш стандартларидан фойдаланилмоқда. Авваллари 20-24 ойгача беморлар силга қарши препаратларни қабул қилишган бўлса (8 ой давомида мускул орасига инъекцион препаратлар ҳам қабул қилишган), ҳозирда 9 ойда фақат таблеткаларни ўзи билан даво курси тугатилмоқда. Қисқа муддатли даво курси беморларга анча қулай бўлмоқда. Инъекцион препаратлар эшитиш ва буйрак аъзоларига ножўя таъсирларни келтириб чиқарган бўлса, таблеткаларни узоқ вақт қабул қилиш эса, ошқозон — ичак ва жигар аъзоларига салбий таъсир қилаётган эди. Юқоридаги салбий ҳолатлар ҳам сезиларли камайди. Шундай экан сил касаллигининг олдини олишга, барвақт аниқлашга, касаллик аниқланганда тезроқ шифокор ҳузурига боришга ҳаракат қилинг.
А. Эшматов,
Фарғона вилояти 2-сонли фтизиатрия диспансери 2-фтизиотерапия бўлими мудири.
Фото: kartinkin.net