Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институтининг бир гуруҳ олимлари томонидна «Биомайрин 600 мг» оригинал препарати яратилди. Ушбу препарат полигалактурон кислотаси (пектин) ва силга қарши препаратлар – изониазид, этамбутол ва рифампитсин асосида олинган.

Таъкидлаш лозим, сил касаллиги инсон соғлиғига хавф солувчи хасталик бўлиб, ўлим билан якунланувчи юқумли касалликлар орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 10 миллионга яқин инсон сил касалига чалинади, шундан 1,5 миллиондан ортиғи ўлим билан якунланади. Бу кўрсаткич COVID-19 пандемияси оқибатида яна ортди. Ўзбекистонда эса ҳар йили 25 мингга яқин киши силга учрайди.

Сил касаллигига қарши янги, самарали дори-дармон мавжуд эмас эди. Ҳозир қўлланаётган препаратларнинг аксарияти ярим аср олдин яратилган ва қатор камчиликларлан холи эмас. Жумладан, ушбу препаратларнинг организмга ножўя таъсири юқори, даволаш жараёнида қўшимча ёндош касалликларни келтириб чиқаради. Организмдаги таъсир вақти қисқа — 3-6 соат бўлган бундай дориларни организмда терапевтик концентрацияни сақлаш мақсадида кунига кўп марта қабул қилиш талаб этмилади. Бу ўз навбатида турли токсико-аллергик ҳолатларни юзага келтиради.

Олимларимиз томонидан яратилган «Биомайрин 600 мг» препарат макромолекуляр табиатга эга бўлиб, табиий полимер полигалактурон кислота макромолекуласига силга қарши изониазид, этамбутол ва рифампицин кимёвий боғлар воситасида боғланган. Бунинг натижасида ушбу касалликка қарши бошқа препаратларга нисбатан организмга ножўя таъсири бир неча марта камайган ҳамда организмдаги самарали таъсир вақти бир неча бор ортган. Препарат патоген ҳужайраларга йўналтирилган таъсир кўрсатади, силнинг турли штаммларига нисбатан юқори фаолликка эга.

Дўстларга улашинг: