АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Фарғона вилояти тиббиёт муассасаларига туберкулёз касаллиги билан курашишга кўмаклашиш мақсадида қиймати қарийб 150 минг АҚШ долларига тенг бўлган тиббиёт асбоб-ускуналарини топширди. Фарғона вилояти фтизиатрия и пульмонология тиббиёт марказида ўтказилган маросимда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари иштирок этди. Тақдим этилган асбоб-ускуналар, шу жумладан электрон термометрлар, стетоскоплар ҳамда отоскоплар вилоят тиббиёт муассасаларида сурункали касалликлари бўлган беморларга ўз вақтида ва самарали ёрдам кўрсатиш, тезда ташхис қўйиш, даволаш имконини беради.

—Бугунги тадбир АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида ҳудудлар, шу жумладан Фарғона вилоятидаги тиббиёт хизматларини яхшилаш мақсадида давом этаётган шерикликнинг ёрқин мисолидир. Ҳамкорлигимиз Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади, — дейди USAIDнинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўлими раҳбари Черри Гумапас.

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ Ҳукумати ва халқаро шерикларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида, Ўзбекистон туберкуёз ва у билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайтириш борасида катта муваффақиятларга эришди. Шу билан бирга, касалликнинг дориларга чидамли турлари Ўзбекистонда ҳали-ҳамон жиддий муаммо бўлиб турибди. USAID туберкулёзнинг дориларга чидамли шаклларини аниқлаш ва даволаш борасидаги маҳаллий ва минтақавий салоҳиятни юксалтириш орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёда унинг юкини камайтириш йўлида фаол ишларни амалга оширмоқда.

—Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сил инфекциясидан ҳимоялаш, сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишининг олдини олиш, барқарор санитария-эпидемиологик ҳолатни сақлаб туриш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар бажарилмоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. — Фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича қилинган ишлар натижасида мамлакатимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 давлат орасида 3­-ўринни эгаллаб, халқаро миқёсда эътироф этилди. Авваллари силни аниқлашга 3­4 ой вақт талаб этиларди. Диагностика ва даволашнинг янги усуллари татбиқ этилиши натижасида бугунги кунда касалликка ген­молекуляр усулида бор ­йўғи 70 дақиқада аниқ ташхис қўйилмоқда. Даволашнинг замонавий ва илғор ютуқларини қўллаш туфайли юртимизда туберкулёз билан касалланиш кўрсаткичи 2,5 баробар, ўлим кўрсаткичи 6­8 баробар қисқарди ҳамда даволаш самарадорлиги бугун 91,2 фоизга етди. Айни пайтда олимларимиз туберкулёзга чалинган беморларнинг даволаниш курсини яна олти ойга қисқартириш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Тиббий асбоб-ускуналар АҚШнинг Welch Allyn ишлаб чиқарувчи компанияси томонидан USAIDнинг “Марказиё Осиёда туберкулёзни тугатиш бўйича” лойиҳаси доирасида ҳадя этилган бўлиб, Фарғона вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази, вилоятдаги туберкулёз диспансерлари, касалхона ва поликлиникаларига тарқатилади.

Дўстларга улашинг: