Янгиер шаҳрида жойлашган Сирдарё вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда ўпка сили билан оғриган беморда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишди.

Бемор эндигина 20 ёшни қарши олган. Янгиер шаҳрининг Абдураҳмон Жомий маҳалласида яшаб, сизу биз каби бахтиёр, соғлиғида муаммоси йўқ, ўйинқароқ шўх йигитча эди. Аммо, 2019 йилда бирозгина тоби йўқлиги боис олдинига шаҳар, вилоят, сўнг Сирдарё вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази шифокорларига мурожаат қилади. Натижада шифокорлар уни зарур текширувлардан ўтказишади. Таҳлиллар ўрганилади. Унга ўнг ўпка юқори бўлаги туберкулёмаси, камқонликни ўрта оғир кечиши ташхиси қўйилиб, фтизиатрия ва пульмонология марказининг даволаш бўлимига ётқизилади.

Даволаш курсидан сўнг беморнинг аҳволи анча яхшиланади. Соғлиғи билан боғлиқ муаммо кузатилмагач, унга жавоб беришади. Шундан сўнг у Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси сил хонаси шифокорлари назоратига ўтказилиб, доимий кузатувга олинади.

Аммо жорий йилда навбатдаги текширув натижаларига кўра, унда ўнг ўпка 6 сигментида фиброз кавернали процесси атрофида кальцинат ва перифокал ўчоқлар пайдо бўлганлиги боис марказнинг жарроҳлик бўлимига ётқизилади.

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари сирдарёлик ҳамкасблари билан бирга ташхис натижасини қайта ўрганиб, унга жарроҳлик амалиёти зарур эканлигини айтишди. Шифокорларнинг маҳорати ва тажрибаси боис унинг ўнг ўпка юқори бўлагида резекция қилиш йўли билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Бугунги кунда беморнинг умумий аҳволи анча яхши. Марказ шифокорлари томонидан консерватив даво муолажалари давом эттирилмоқда.

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

Дўстларга улашинг: