Юртимизда сил касаллигининг олдини олиш бўйича президент қарорлари дастурларининг тўлақонли бажарилиши, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, ташхислаш ва даволаш борасидаги замонавий, замон талабига жавоб берадиган янги усулларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш натижасида, охирги 10 йил давомида сил касаллигининг 100 000 аҳолига нисбатан касалланиш кўрсаткичи бир меъёрда камайиб бормоқда.
Айниқса, сил касаллигининг енгил турлари, сил микобактериясини ажратмайдиган тури билан касалланган беморлар амбулатор даволашга ўтказилиши натижасида фтизиатрия тизимидаги ташкиллаштирилган ўринлар босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида кенг тарқалган ўпканинг носпецифик турлари билан касалланган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам такомиллаштириш мақсадида ҳудудлардаги фтизиатрия йўналиши бўйича бош муассасаларимизда сил бўлимлари ўрнига ташхислаш ва пульмонология бўлимлари ташкил этилмоқда.
2020 йил давомида илк маротаба сил касаллиги аниқланган беморлар 100 000 аҳолига нисбатан касалланиш кўрсаткичи 32,1 нафарни ташкил қилган ва 2019 йилга нисбатан 5,0 нафарга камайган. Бу ҳолат бир томондан, 2020 йил давомида амалга оширилган карантин ва ниқоб тақиш тизими жорий қилиниши натижаси бўлса, иккинчи томондан, фтизиатрия тизимидаги муассасаларга беморлар мурожаатлари сонининг кескин камайишидир.
Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда ер юзида ҳар йили 8-10 миллион киши силнинг юқумли турлари билан касалланади ва қарийб 3 миллион киши вафот этади.