Кох шогирдлари Калметт ва Герен инсонларни силга қарши эмлаш учун вакцина таклиф этишди. Бу вакцина Калметт-Геренлар бациллалари (ВСG ёки БЦЖ) деб номланади.

Биринчи марта БЦЖ вакцинаси 1921 йилда қўлланилган. Тажрибалар ва кузатишлар шуни кўрсатдики, вакцинация инсон танаси учун безарар бўлиб,  уни кўпгина ижобий томонлари бор экан, яъни вакцинация қилинган болалар орасида силнинг оғир, деструктив турлари кам учраган, ўлим камайган. Собиқ иттифоқда 1928 йилда сил ўчоғида янги туғилган болаларни эмлаш таклиф этилган. 1935 йилдан бошлаб, эмлаш нафақат қишлоқларда, балки шаҳарларда ҳам амалга оширила бошланган. 1950 йилдан бошлаб, янги туғилган барча чақалоқларни эмлаш йўлга қўйилган. Эмлаш, асосан, оғиз орқали амалга оширилган ва 1962 йилдан бошлаб, эмлаш тери ичига вакцина юбориш йўли билан амалга оширилмоқда.

1985 йилдан бошлаб, эмлашга қарши кўрсатмаларни камайтириш мақсадида БЦЖ-М  зардоби ишлатилди.

БЦЖ нима?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозиргача БЦЖ зидди-заҳари ёки вакцинасини сил касалидан ҳимоя қиладиган энг самарали ва арзон профилактик чора сифатида тавсия қилиб келади.

БЦЖ ҳам бошқа вакциналар каби ишлайди:

  • Соғлом одам танасига кучсизлантирилган касаллик қўзғатувчиси киритилади.
  • Организм эҳтимолий касаллик хавфини илғаб, унга қарши махсус иммунитет ёки ҳимоя ишлаб чиқаради.
  • Махсус ҳимоя — бу фақат аниқ бир вирус ёки бактерияга қарши ҳимоя.
  • Шу боис ҳар бир касалликка қарши ишловчи алоҳида зидди-заҳар ёки вакцина бўлади.
  • БЦЖ ҳам аслида сизни фақат сил (туберкулёз) касалидан ҳимоялаши керак.
  • Яъни бошқа бирон касалликдан муҳофаза қилиши кўзда тутилмаган.

БЦЖ мўъжиза-вакцинами?

Гвинея-Бисауда ишлайдиган даниялик олимлар — Петер Ааби ва Кристина Стабелл зардоб ёки вакциналарнинг қўшимча таъсирини ҳам ўрганиб келишади.

Уларнинг таъкидлашича, БЦЖ амалда бошқа касалликлардан ҳам ҳимоя қилади ва инсон иммунитетини мустаҳкамлайди.

Бу олимларнинг тадқиқотларига ишонилса, БЦЖ олган одамлар илм-фанга маълум барча юқумли касалликларга анча кам чалинадилар.

Қандай вирус, бактерия ё замбуруғ бўлмасин, БЦЖ олган инсонларда уларни юқтириш эҳтимоли 30% кам бўлади.

«БЦЖ ўлимни камайтиради»

«Биздаги маълумотларга асослансак, БЦЖ вакцинаси Covid-19 касалига боғлиқ ўлим ҳолларини сезиларли даражада камайтиради» — хулоса қилади Америкалик тадқиқотчилар.

«Биз яна шуни ҳам аниқладикки, қайси мамлакат БЦЖ қилишни қанчалик эрта бошлаган бўлса, ўша мамлакатда ўлим ҳоллари ҳам анча паст».

Техас университети олимлари эса 178 мамлакатни ўрганиб, янада катта миқёсда тадқиқот олиб бордилар.

И.Абдужабборов тайёрлади.

Дўстларга улашинг: