Эъзозхон Ғуломова: Асосий мақсадимиз касалликни эрта аниқлаб уни даволаш
23.05.2021
Сил касалликларига қарши курашиш мамлакатимиз тиббиётининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда силнинг олдини олиш, касалликни эрта босқичларда аниқлаш ва албатта, хавфли оқибатларини камайтириш мамлакатимиз фтизиатрлари олдидаги асосий вазифа бўлиб турибди. Фарғона вилояти сил касалликларига қарши кураш диспансери ушбу вазифаларни кўнгилдагидек уддалаш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан, беморларнинг юқори сифатли лаборатория ташхисидан ўтишлари ҳамда махсус ёндашув орқали даволанишлари таъминланмоқда. Ана шундай янгиликлар ҳамда бошқа маълумотларни билиш учун диспансернинг 2-ўпка даволаш бўлими мудири, Эъзозхон Қосимовна Ғуломова билан суҳбатлашдик.
— Сўнгги йилларда ушбу касалликка чалинган беморларга қандай янгича даволаш усуллари қўлланмоқда?
— Сил касаллигини янгича усулларда ва эрта аниқлашда молекуляр-генетик ташхис қўйиш GeneXpert экспресс-тестлардан фойдаланиб келмоқдамиз. Натижада силни дориларга турғун формалари ҳамда унга сезувчанлик формалари аниқланяпти. Бизнинг бўлимда дориларга турғун формалари аниқланади. Буларни янгича даволашда қисқа муддатда такомиллашган усулини қўляпмиз. Олдин биз беморларни 24 ойгача даволар эдик. Ҳозирги кунда 6 — 11 ойлик қисқартирилган жараёнларда беморлар даволанаяпти. Авваллари таҳлил натижаларига кўра сил таёқчалари мусбат бўлса, кейин манфийга ўтгунга қадар стационарда даволар эдик. Беморлар баъзан инъекция усулида ҳам даволанар эди. Ойлаб укол олиши беморга ноқулайлик туғдирарди. Ҳозирда улар инъекциясиз яъни таблеткали препаратлар билан даволанмоқдалар.
— Бу усул ошқозон ва ичак касаллиги бор беморларга ёқмасачи?
— Беморларимизнинг ошқозони оғрийдиган бўлса биз уларга даволайдиган препаратлар тайинлаймиз. Сўнгра таблеткалар кукун асосида берилади.
Ҳозирда дори-дармонларга турғун бўлган шаклларини тезкор аниқлашга эришиляпти. Бу усул сўнгги йилларда касалларнинг камайишига олиб келмоқда. Беморларнинг ҳар ойда балғам таҳлили текшириб турилади. Уни экиш усуллари бор. Дориларга сезувчанлигини қўйиб борамиз. Текширувлар натижасига кўра, масалан, беморга 4 хил дорини бердик, олти ой ичиши керак. Бир ойда балғамини олиб текширсак, маълум бир дори воситасига таъсири қолмади деган сигнал беради. Кейин унга бошқа дори воситасини қўшамиз. Барчага маълумки, USAID Ўзбекистонда силга қарши курашга кўмаклашиб келмоқда. Лойиҳа бўйича берилаётган дорилардан муаммо йўқ. Асосий мақсадимиз эса сил касалликлари ва унинг оқибатида юзага келаётган ўлим кўрсаткичларини камайтириш ҳисобланади.
— Уй шароитида, витаминлар қабул қилиб, яхши соғлом овқатланиш режимида, дориларсиз даволаниш мумкинми?
— Дори воситаларсиз даволанишнинг имконияти йўқ. Биз эрта босқичдаги касалликнинг белгиларини аниқлаб, даволашни осонлаштирмоқчимиз. Эрта намоён белгиси билан топиладиган беморларни қандай аниқлаш мумкин деган савол беришингиз мумкин. Улар қачон топилади, ишга қабул қилинаётгандаги ёки никоҳ олдидаги каби тиббий кўрикларда аниқланади. Клиник белгилари, ҳеч қандай шикояти йўқ ўчоқли соя топилиб қолади. Уларни ҳам тезкорлик билан 6 ойлик даволаниш режимига ўтказамиз.
Яна силга мойил гуруҳлар бор. Булар кимлар? Қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари, ОИВ ва ОИТС га чалинганлар, наркоманлар, сурункали спиртли ичимликлар ичадиганлар, ошқозон ичак касалликлари, руҳий касаллиги бор беморлар ҳамда туғиш давридаги аёллардир. Уларни бир йилда бир марта албатта флюорографик аппаратдан ўтишга маслаҳат берамиз.
— Сўнгги йилларда сил касаллигининг қайси тури кенг тарқалмоқда?
— Бундан 6-7 йил олдинги даврларда силнинг турғун формаси аниқланган эди. Бугунги кунга келиб эса бу турғун форма пасайди.
Диагностика лаборатория яхши ишлаяпти. Ташхис бўйича беморларда қайсидир дорига турғунлигини аниқлаб беряпти. Олдин унақа эмас эди. Нечта касал ётса ҳам бир хил дори берилар эди. Унда етарли даражада дорилар бўлмасди. Ҳозир унақа эмас. Ҳамма дорилар бор. Лаборатория вақтида аниқлаб беради, керакли дорини берамиз. Шунинг учун юртимизда 2035 йилгача “Силни йўқ қиламиз” шиори остида ишлаб келмоқдамиз.
— Ҳа, тартибли. Вақтида дориларини қабул қилишади. Аслида дориларни бирданига ичиш керак. Лекин беморларимиз кўтараолмайдида, иккига бўлиб беряпмиз. Бизда амбулатория шароитда даволаётган беморларимиз ҳам бор. Улар ҳам ҳамшираларимизнинг доимий назоратида. Хабарингиз бор, ҳозирда шаҳримизда синов тариқасида масофавий даволаш жараёни давом этмоқда. Уларга телефон ва планшетлар тарқатилган бўлиб, онлайн тарзда беморнинг ҳолатини назорат қилиб турилибди.
Шифохонада овқатланиш тартибига қатъий эътибор берилган. Беморлар кунига 5 маҳал овқатланади. Соғлом турмуш тарзига даъват этамиз. Беморларимиз ўзлари хоҳишига қараб масканимиз ҳовлисидаги ободонлаштириш ишларида ёрдам беришади. Шунингдек, енгил спорт машғулотлари билан ҳам шуғулланиб туришади.
Диспансерга янги қабул қилинган ходимларни иш шароитига кўникишлари, тажрибасини ошириш бўйича ўз устидан ишлашлари ҳамда «Устоз-шогирд» анъаналарига қатьий роия этилишини таъминлаш, иш сифатини яхшилаш ва самарадорлигини оширишга катта эътибор берилмоқда. Суратда: Гулхумор Аъзамова устози Эъзозхон Ғуломова билан иш жараёнида.
Сил касаллиги чегара билмайди ва бу уни умумжаҳон миқёсидаги тиббий муаммога айлантирмоқда. Шу боис сил касаллигига қарши курашни тезкор ва қатъий чоралар билан ҳал этиш зарур. Фарғона вилоятида ушбу йўналишда юқори натижаларга эришилмоқда.