Кимдан қолмабдику бу дунё,

Сени Мендан олмасин дунё.

Ҳақиқатдан унутдикми ё,

Борлигимиз ўзи бир дунё.

Хақиқатсизликка қанчалик бардошингиз етади. Чиндан виқорли тоғлар каби ўктаммисиз. Йиқитишади? Тупроққа қориштиришади. Шунда уст-бошингизни қоқиб туриб кетаверасизми? Бу хақда кейин.

…улар ватанпарварлар! Ўзидан кечиб жонини хатарга қўйган, жабборга берган сафарбарлар. Уларнинг меғҳри дарё тўфонидан ҳайратли.

Шу ҳаёллар билан манзилимга етдим. Шифохона остонасига кирар эканман, маҳобатли, обод, сариштали мўъжазгина бинонинг кўркамлигидан ҳайратим ошди. Вой тавба, адашмадиммикан. Чиндан бу ташкилот мен излаётган Шаҳрисабз туман фтизиатрия диспансерими? Қачонлардир кўздан пана, одам оёғи етмаган ташландиқ,  деворлари нураб, ҳовлиси чангга буланган вайрона иморат остида ишлаган жамоа бугун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, муҳташам кошонада. Ўша пайтда ғамгин, юз-кўзлари хорғин жамоа бугун кўзлари чақнаб қадами илдам.  Куч-ғайратга  энг муҳими кўнгиллари тўлиқ. Мени дарвозадан кўриши биланоқ шифохона ҳамшираси Феруза опа очиқ юзлик билан қаршилайди.

-Эххе, бу иморатгача не-не машаққатлардан ўтмадик дейсиз? – дея  сўз бошлайди катта ҳамшира Феруза Раджабова. — Иш кунларимизни бирида юқори ташкилот томонидан «қисқартириш» келди. Ҳамма ҳайрон. Биз даволайдиган беморларнинг касаллигининг ўта тахликали ҳолатига кўра хавфли бўлгани учун ҳамма бирдай «бўлиши мумкин эмас» дейишди. Юқори ташкилотларнинг буйруқдаги бир нечта тасдиғини кўриб, яна ўйланиб қоламиз. «Ҳудудимиздаги аҳоли сони ҳам 336 мингдан ошганку?! дейдиганлар ҳам топилди. Ахири билиб-билмай  аризани имзоладик. Бор йўғи олти нафаримизга бир штат бирлиги қолган. Ўша вақти 41 нафар МЛУ тоифасидаги беморларимиз бор эди. Бундан ташқари «глобал фонд»дан дори ичадиган беморларимиз ҳам йўқ эмасди. Дард устига чипқондек эски бўлса ҳам биномизни ҳам олиб қўйишди. Жой йўқ, қаерга боришни, кимга мурожаат қилишни билмаймиз. Ишдан бўшаганлар орасида бевосита назорат остидаги дори-дармон билан беморларни таъминлайдиганлари ҳам бор. Энди айтингчи бу вазифани ким бажаради? Қолаверса, дори дармонларимиз (аслида улар очиқ эмас, ёпиқ холатда сақланиши керак эди) бир аҳволда. Вилоятдаги мутахассислар тўғри хулоса бўлмагач, ахири ҳолатни юқори ташкилотга Тошкентга ёзишга мажбур бўлдик. Мурожаатномамиз асосида келиб кўришгач, юқоридаги «қисқартиришлар» англашилмовчилик бўлганини,  вилоят, вазирлик қарорларининг (бизни бўшатиб, «қисқартиши»керак бўлган қарорлар) қарорларнинг фтизиатрия деган жойига  «Белги» (бу дегани деспансер мақоми берилган шифохоналар бундан мустасно) бор экан. Хуллас, икки йиллик сарсон-саргардонлик. Балғамларни аслида уч та хона балғамни йиғиш, ҳамшира, сақлаш хонасини битта хонага йиғишга шунингдек ўзимиз ҳам ҳаётимизни хавфга солиб шу хонада ишлашга  мажбур бўлганмиз.  Текширувчи аппаратларни зим-замбил юк қилиб ҳали ё ёққа кўчирамиз, хали бу ёққа. Ёпиқ ҳолатдаги дориларни ерга, оёқ остига сақланган пайтлари ҳам бўлди. Атайлаб «генпрокуратура» дан ўрганувчи келмагунича бизни ҳеч ким йўқламади. Бизни кўчирган бино билан атрофдаги аҳолининг турар жойи орасида масофа йўқ. (Аслида муассаса билан аҳоли яшайдиган ҳудуд оралиқ масофаси бўлиши керак эди). Ҳаттоки деворимиз  эски бўлса ҳам бошпаналик бўлдикку, деб шукр қилдик. Бироқ кўчиб келганимизни эшитган баъзи аҳоли бизни нотўғри қабул қилди. Ишимиз судгача борди.

Инсон тафтини инсон олади. Ҳарқалай, расмий ишда бўлмаса ҳам уйини, рўзғоридан кечиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳам тану жон бўлган Ферузаопанинг ҳамкасблари оғир, синовли кунларни бошидан ўтказсада тарқалиб кетишмади. Ҳам маошсиз, ҳам ишсиз жамоасига ёрдам қўлини чўзди. Пандимия даврида айниқса, уларнинг бирдамлиги кўпчиликни ҳайратга солди. Йиқилганни турғазишди, хасталарни дарё каби меҳр-саховати билан даволашди. Уларнинг бу меҳнатлари рағбатлантирилди. Тегишли идоралар томонидан янги, мўъжазгина бино қуриб битказилиб , жамоага топширилди.

-Ўша пайтдаги ҳаяжонимни эсаласам, ҳозир ҳам кўзимдан ёш келади, — дейди фтизиатр Хошим Шаропов.  –Мана кўркам бино, саранжом хоналар. Айниқса, ҳаёт учун хавфли балғам текширадиган хоналаримиз алоҳида-алоҳида. Сақлаш хоналаримиз ҳам батартиб. Биномиз алоҳида ўралган, аҳолидан эллик метр масофа сақланган. «Қисқартиришдан» бўшатилганлар ҳам ўз ишига қайтди. Яна расман бир жамоа бўлдик.

Ҳа, фтизиатрия диспансеридан узоқлашар эканман атрофимдаги оппоқ атиргулларга термуламан. Қалби поклик, виждон, иймонли жамоасининг нурли юзини кўргандайман. Улар жамиятимизнинг виждонлари. Улар жамиятимизнинг уйғоқ қалблари. Улар барчамизнинг ўзимиз пайқамаган тиргакларимиз. Йиқилсак суяйди. Йўлимизни ёритгувчи мисоли компос улар . Ахир қачонлардир ўзлари ҳам йиқилишди, Тупроққа беланишди, қоронғу йўлларни босиб ўтишди. Лекин синмади. Орқага қайтмади. Қанча йиқилсалар ҳам иродаси метин.

Хулоса, сўзим аввалида хақиқатсизликка қанчалик бардошингиз етади. Чиндан виқорли тоғлар каби ўктаммисиз. Йиқитишади? Тупроққа қориштиришади. Шунда уст-бошингизни қоқиб туриб кетаверасизми? Дегандим-а!? Энди нима дейсиз?

Ҳулкар ФАРМОН қизи

Дўстларга улашинг: