Силни барвақт аниқлаш, маълум мақсадга йўналтирилган профилактик текширишларни тақозо этади. Кейинги йилларда бу соҳада ҳам ўзгаришлар рўй берди.

Маълумки, олдинги йилларда оммавий флюорографик кўрик силни барвақт аниқлашнинг асосий усули ҳисобланарди ва жуда қимматга тушарди.

Мутахассисларнинг олиб борган текширишлари  шуни кўрсатдики, кейинги вақтда силга мойиллиги бўлган аҳоли орасида текширишдан ўтиб туришга мажбур шахсларни флюорографик кўрикдан ўтказиб туриш мақсадга мувофиқ экан.

Силга мойил гуруҳлар:

  • қандли диабет;
  • ўпканинг носпецифик касалликлари;
  • руҳий касалликлар, жигар ва ошқозон-ичак касалликлари;
  • сурункали  ичкиликбозлар;
  • гиёҳвандлар; гормонга тобе беморлар;
  • оғир шароитда ишловчилар;
  • узоқ муддат қамоқда бўлганлар;
  • сил беморлар билан мулоқотда бўлганлар.

Флюорографиядан ўтиш лозим бўлган мажбурий гуруҳдагилар:

  • педагоглар;
  • болалар ва ва тиббиёт муассасалари хизматчилари;
  • cилга қарши муассасалар ходимлари;
  • умумий овқатланиш корхоналари;
  • коммунал хўжалик ходимлари;
  • савдо-сотиқ ходимлари;
  • чорвадорлар;
  • харбий хизматга чақирилувчилар ва бошқалар.

Гуруҳларда ўтказилган флюорографик текширишлар натижасида силни аниқлаш 1,5-3 марта кўпайиб, ҳозирги вақтда силга мойил гуруҳларни 0,6-1,2 фоиз, мажбурийларда эса 0,1-0,2  фоиз сил касаллиги топилмоқда.

Флюорография текшириши натижасида,

  • фаол сил бактерияси 10,6 фоиз,
  • фаол бўлмаган сил 3,3 фоиз,
  • ўткир зотилжам 13,1 фоиз,
  • ўпканинг носпецифик сурункали касалликлари 40,0 фоиз,
  • юрак-томир касалликлари 14,9 фоиз,
  • суяк касалликлари 3,5 фоиз,
  • ўпка касаллиги 1,1 фоиз ва
  • бошқа касалликлар 7,1 фоиз ни ташкил қилади.

Бу маълумотлар, флюорографик текширишлар, нафақат сил касаллигини, балки бошқа касалликларни аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди.

Силга мойиллиги бор ва мажбурий гуруҳларни флюорографик текширишни умумий тиббиёт муассасалари, СЭН, флюорография марказлари ва сил диспансерлари ўтказадилар. Силни барвақт аниқлашда балғамни сил таёқчаларига текшириш ҳам муҳим аҳамитга эга.

Балғамни микроскопик текшириш усули (Цил-Нилсен), поликлиника, шифохоналар лабораторияларида силга гумон этилганлар, ўпканинг носпецифик хасталиклари бор, узоқ вақт йўталиб юрадиган (2 ойдан ортиқ) беморлар текширилади. Изланишлар шуни кўрсатдики, балғамни текшириш натижасида 15-20 фоиз сил таёқчалари топилмоқда.

12 ёшгача бўлган беморларда силни текшириш, фақат туберкулин синамаси ва рентгенда текшириш асосида олиб борилади ва умумий педиатрия муассасалари амалга оширади.

12 ёшдан флюорографик текширув ёрдамида аниқланади.

Текширишларнинг кўрсатишича, оммавий туберкулин синамаси ёрдамида 1,5-2,0 фоизда вираж (бирламчи сил инфекцияси), 11,0 фоиз кичик мактаб ёшидагиларда, 25,9 фоиз катта мактаб ўқувчиларда, 32,0 фоиз – ўсмирларда сил билан зарарланиш аниқланмоқда.

Силни аниқлашда бир қанча усуллар мавжудлигига қарамай, афсуски, сил кеч аниқланмоқда. Бу умумий амалиёт шифокорларининг ва бошқа мутахассисларнинг сил соҳасида етарлича маълумотга эга эмасликларидан дарак беради. 60 фоиз беморлар, бевосита мурожаатидан кейин аниқланмоқда.

И.Абдужабборов, журналист.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Академиги, профессор А.УБАЙДУЛЛАЕВ таҳрири остида чоп этилган “Сил касаллиги” қўлланмасидан фойдаланилди.

Дўстларга улашинг: