Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, сил касаллиги ҳозирда дунёдаги энг кенг тарқалган ўлим сабабларининг 10 тасидан бири ҳисобланади. Сил касаллиги юққанини эрта аниқлашнинг энг яхши усули — ҳар йили ўпкани флюорография текшируви ёки Манту тери синамасини ўтказиш ҳисобланади. Ундан ташқари сил касаллигининг эрта клиник аломатлари мавжуд бўлиб қуйида улар хақида гапирилади.

Шифокорлар сил касаллигини икки шаклга ажратадилар.

1. Яширин (латент) шакл

Кох таёқчасини юқтирган одамларнинг ҳаммаси ҳам касал бўлиб қолмайди. Кўпгина одамларнинг иммун тизими сил касаллиги бактерияларининг фаоллигини бостириш учун етарлича кучли. Яъни, организмда Кох бактерияси бўлса хам сил касаллиги ривожланмайди. Дунё бўйлаб тахминан икки миллиард одамда сил касаллиги латент кечади. ВОЗ маълумотларига кўра яширин шакл фаол шаклга ўтиш эҳтимоли 5-15% ни ташкил қилади ва бу иммунитет кескин тушиб кетганда кузатилади, масалан ҳомиладорлик, жигар ва буйрак касалликлари, қандли диабет, тўйиб овқатланмаслик (қаттиқ пархез тутиш), чекиш, саратон ёки ОИВ инфекцияси пайтида.

2. Фаол (актив) шакл

Бунда иммун тизими бактериялар сонининг кўпайишини назора қила олмайди. Касалликнинг ушбу шаклига эга бўлган одам нафақат ўз соғлиғига хавф солади, балки бошқаларни ҳам фаол юқтиради.

Сил касаллигининг 7 та дастлабки белгилари.

Силнинг яширин шакли симптомсиз кечиб, соғлиққа путур етказмайди. Фаол шаклида эса бир қатор белгилар кузатилиб улар аса-секин ривожланади.

1. 3 ҳафта ёки ундан кўпроқ давом этадиган йўтал.

Агар сиз сабабсиз ва тинимсиз йўталишни бошлаган бўлсангиз, албатта терапевт билан боғланинг ёки флюорография қилинг. Бу ўпка билан боғлиқ муаммоларининг энг аниқ ва дастлабки белгисидир. Ёдда тутинг, йўталнинг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин — масалан, мавсумий аллергия ёки чангга аллергия, сурункали бронхит, хонада намлигини пасайиши.

2. Кўкракдаги дискомфорт (нохушлик).

Оғриқ бўлиши шарт эмас. Йўталаётганда ёки нафас олаётганда кўкрак қафасидаги ёқимсиз хиссиётлар кузатилса терапевтга учранг.

3. Субфебрил ҳарорат.

Кўринишидан тана харорати йўқдек бўлса хам термометр доим 37-37,5 °С ни кўрсатади. Узоқ давом этувчи йўтал каби субфебрил иситма хам сил касаллиги хақида сигнал беради.

4. Сабабсиз тана вазнини тушиши.

Инсон турмуш тарзини ўзгартирмаса хам, қатъий пархезга риоя килмаса хам, спорт залида ортиқча шуғулланмаса хам озиб кетиши нафақат сил касаллиги балки бошқа бир қатор хавфли касалликлар аломати хисобланади. Масалан, ўсма касаллиги, ички яллиғланиш, ичак қуртлари ва паразитлар бўлиши мумкин.

5. Жунжикиш ва кўп терлаш.

Гох совуқ қотиш, гох қизиб кетиш ва терлаш климакс давридаги аёллар хос шикоят. Аммо Сизга климаксгача узоқ бўлса, ёки бу холат ортда қолган бўлса, ёки сиз эркак киши бўлсангиз — қизиб кетишни эътиборсиз қолдирманг. Айниқса тунда уйқуда терлаб уйиб кетсангиз —  сил касаллигига гумон қилиш керак.

6. Иштаҳани пасайиши

Сиз касаллик ҳақида ҳали тахмин қилмаслигингиз мумкин, аммо организм аллақачон у билан курашаётган бўлиши ва бунинг учун катта энергия сарф қилаётган бўлиши мумкин. Бунинг учун бир қатор системалар жалб қилинади. Биринчи навбатда овқат ҳазм қилиш тизими зўриқади. Овқат ҳазм қилишга қимматли энергияни сарфламаслик учун организм озроқ овқатланишни бошлайди, иштаҳа йўқолади. Бу терапевтга мурожаат қилишингиз учун яхши сабаб бўлади.

7. Бўшашиш ва тез толиқиш.

Бу шикоят бир қатор касалликларнинг кенг тарқалган аломати хисобланади. Масалан, юрак-қон томир касалликлари, ривожланаётган саратон ва метаболизмнинг жиддий бузилишлари, суст депрессия ва сил касаллиги шу тарзда намоён бўлади. Агар дангасалик сизнинг иккинчи исмингизга айланган бўлса, зудлик билан терапевтингизга учранг.

Агар сил касаллигининг аломатларини сезсангиз нима қилиш керак?

Яна такрорлаймиз, дарҳол терапевт кўригига ёзилинг. Мутахассис сизнинг шикоятларингизни тинглайди, касаллик тарихини кўриб чиқади ва дастлабки ташхисни тасдиқлайдиган ёки рад этадиган тестларни ўтказишни таклиф қилади.

Манба: gepamed.uz 

Сил — юқумли касаллик ҳисобланиб, унинг тарқалишини асосий сабабларидан бири бу, аҳоли ўртасида касалликни юқиш йўллари, олдини олиш чоралари ва даволаш бўйича маълумотни етишмаслиги ҳамда у ҳақидаги афсоналар ва беморларга нисбатан нотўғри муносабатлар шаклланишидир.
Мақсад юртимизда сил касаллигини даволаш ва унинг профилактикаси ҳамда касалликнинг олдини олиш, аҳолининг сил касаллиги борасидаги хабардорлигини ошириш ва жамиятда бу хасталик билан касалланган беморларга нисбатан бағри кенглик билан муносабатда бўлишни шакллантириш ҳамда шу мавзуга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.


Ушбу веб-сайтдан барча бепул фойдаланишлари мумкин. Агар сизга саҳифа ёрдам берган бўлса, веб-сайт мунтазам ишлаб туриши учун миннатдорчилик ўрнида шу карта рақамига имкон борича маблағ юборишингиз мумкин: 8600 0609 6368 6648

Эътибор учун раҳмат