Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева пандемиянинг иккинчи тўлқини ва республикада сил касаллигига оид вазият ҳақида тўхталди.

– Наргиза Нусратовна, ўтган йили пандемия авжига чиққан пайтларда айнан пульмонолог шифокорлар курашнинг олд қаторларида бўлишди. Ҳозир ҳам вазият жиддийлашмоқда. Шундай пайтда ҳамкасбларингизни яна сафарбар қилиш масаласи кўриб чиқиляптими?

– Covid-19 инфекцияси республикамиз аҳолиси орасида тарқалган муаммоли вазиятда шифокорлар томонидан, шу жумладан, фтизиатр ва пульмонологларнинг кўрсатган жасоратларига бутун халқимиз гувоҳ бўлди. Мен ушбу мутахассислар номидан ваъда бериб айтаманки, давлатимиз равнақи учун ҳар қандай шароитларда ҳам шифокорлар ўзларининг бор куч-ғайратларини фақатгина халқ фаровонлиги учун йўналтирадилар.

Covid-19 инфекциясининг биринчи тўлқини даврида шифокорларимиз керакли тажрибага эга бўлдилар, ҳозирги вақтда, агарда вазият жиддийлашадиган бўлса, ушбу инфекцияга қарши курашиш тадбирларининг ташкиллаштирилишида ва етук мутахассислар жалб қилинишида, ўйлайманки, муаммолар бўлмайди. Бизнинг мутахассисларимиз ҳар қандай шароитда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга доимо тайёр турадилар.

– Сиз, биринчи навбатда, фтизиатр шифокорсиз ва асосий фаолиятингиз сил касаллигига қарши курашдан иборат. Ўтган бир йил давомида сил ва Covid-19 касаллиги аралаш келгани бўйича нечта ҳолат қайд этилди? Бундай ҳолатлар бўйича тадқиқотлар ўтказиляптими?

– 2020 йил давомида бир вақтнинг ўзида сил ва Covid-19 касалликлари билан касалланганлар умумий сил касаллиги билан оғриган беморларнинг 1,5-2,0 фоизини ташкил қилган.

Ҳозирги вақтда ушбу касалликларни ташхислаш, даволаш тадбирларини ўрганиш ҳамда замонавий даволаш усулларни ишлаб чиқиш борасидаги 2021-2023 йилларга белгиланган илмий грантлар лойиҳалари ишлаб чиқилган ва тасдиқлаш учун юқори ташкилотларга тақдим этилган.

– Сил касаллиги бўйича кўрсаткичларимиз яхшиланиб бораётгани тўғрисида маълумотлар бор. Бугунги кунда махсус шифохоналар неча фоизга банд?

– Хақиқатдан ҳам, охирги 10 йил давомида сил касаллигининг 100 000 аҳолига нисбатан касалланиш кўрсаткичи бир меъёрда камайиб бормоқда. Бу ҳолат – президент қарорлари билан тасдиқланган дастурларнинг тўлақонли бажарилиши, ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда сил касаллигининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш борасидаги замонавий, замон талабига жавоб берадиган янги усулларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш натижасидир.

Айниқса, сил касаллигининг енгил турлари, сил микобактериясини ажратмайдиган тури билан касалланган беморлар амбулатор даволашга ўтказилиши натижасида фтизиатрия тизимидаги ташкиллаштирилган ўринлар босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида кенг тарқалган ўпканинг носпецифик турлари билан касалланган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам такомиллаштириш мақсадида ҳудудлардаги фтизиатрия йўналиши бўйича бош муассасаларимизда сил бўлимлари ўрнига ташхислаш ва пульмонология бўлимлари ташкил этилмоқда.

2020 йил давомида илк маротаба сил касаллиги аниқланган беморлар 100 000 аҳолига нисбатан касалланиш кўрсаткичи 32,1 нафарни ташкил қилган ва 2019 йилга нисбатан 5,0 нафарга камайган. Бу ҳолат бир томондан, 2020 йил давомида амалга оширилган карантин ва ниқоб тақиш тизими жорий қилиниши натижаси бўлса, иккинчи томондан, фтизиатрия тизимидаги муассасаларга беморлар мурожаатлари сонининг кескин камайишидир.

– Фикрингизча, вазият оғирлашса, Ўзбекистон тиббиёти яна ўтган йилгидек юкламани кўтара оладими?

– Албатта. Бунинг учун ташкилотчилар ва мутахассисларнинг етарли даражада тажрибалари бор, керакли асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар захираси шакллантирилган.

Масаланинг яна бир томони шундаки, ўтган йили бу касаллик биз учун янги бўлган, унинг патогенези ва кечиши ҳақида маълумотлар жуда кам эди. Бугунги кунга келиб, биз бу борада катта маълумотлар базасига эгамиз ва касаллик бўйича мамлакатимизнинг миллий протоколларини яратганмиз. Касалликни қандай даволаш кераклиги бўйича билимларимиз етарли.

– Covid-19 ҳам асосан ўпкада асорат қолдиряпти. Бугунги кунда бу касалликни даволаш усуллари қай даражада такомиллаштириб борилмоқда?

– Covid-19 нафақат ўпкада, балки юрак-томир, марказий нерв тизимларида, жигар ва буйракларда ҳам ўзгариш қолдиради. Шунинг учун бу инфекциянинг давосига мажмуавий ёндашилади.

Covid-19 пандемияси бошлангандан бери бу касалликни ўрганиш давомида даволар такомиллаштириб борилди, дунё тажрибаси, ЖССТ тавсиялари ўрганилди ва Ўзбекистон шароитига мослаштирилди. Ғурур билан айта оламанки, ўзбекистонлик шифокорлар Covid-19 пандемиясини енгишда етарли билимга, тажриба ва маҳоратга эгадирлар. Ҳозирги кунларда эса бу инфекцияга қарши вакцинани қўллаш янада катта аҳамиятга эга.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Сил — юқумли касаллик ҳисобланиб, унинг тарқалишини асосий сабабларидан бири бу, аҳоли ўртасида касалликни юқиш йўллари, олдини олиш чоралари ва даволаш бўйича маълумотни етишмаслиги ҳамда у ҳақидаги афсоналар ва беморларга нисбатан нотўғри муносабатлар шаклланишидир.
Мақсад юртимизда сил касаллигини даволаш ва унинг профилактикаси ҳамда касалликнинг олдини олиш, аҳолининг сил касаллиги борасидаги хабардорлигини ошириш ва жамиятда бу хасталик билан касалланган беморларга нисбатан бағри кенглик билан муносабатда бўлишни шакллантириш ҳамда шу мавзуга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.


Ушбу веб-сайтдан барча бепул фойдаланишлари мумкин. Агар сизга саҳифа ёрдам берган бўлса, веб-сайт мунтазам ишлаб туриши учун миннатдорчилик ўрнида шу карта рақамига имкон борича маблағ юборишингиз мумкин: 8600 0609 6368 6648

Эътибор учун раҳмат