Фарғона вилояти силга қарши курашиш диспансерида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда USAID нинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш бўйича лойиҳаси ҳамкорлигида шифокорлар ва журналистлар иштирокида конференция ўтказилди.

Тадбирда сил касаллигининг олдини олиш, даволаш бўйича амалиётга тадбиқ этилаётган усуллар ҳақида сўз борди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.

Маълумки, бемор дориларни бевосита тиббиёт ходими назоратида қабул қилиши шарт. Ҳар бир дорининг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, уларни фақат шифокор тавсиясига асосан қабул қилиш лозим. Эндиликда касалликка чалинган беморлар шифохонага келишлари шарт эмас. Улар уйларида бўлган ҳолатда шифокорлар билан видеоалоқа орқали суҳбатлашиб, ўз вақтида керакли муолажаларни қўллашлари мумкин.

Ушбу тажрибани илк маротаба Фарғона вилояти сил касаллигига қарши курашиш диспансеридаги даволанаётган беморларда синаб кўрилади. Агар ижобий натижага эришилса, бутун Республика бўйлаб кенг оммалаштирилади.

—  Бундан 10 йил илгари сил касалиги дейилса одамларни ваҳима босарди,- дейди Фарғона вилояти сил касаллигига қарши курашиш диспансери бош врачи Элёр Алиев. —  Бугунги кунга келиб, унга ташхис қўйиш механизми ва даволаш усули ҳам тубдан ўзгарди. Шунинг учун ҳам беморлар сони кўп эмас. Мавжуд беморларда ҳам оғир ҳолатлари кузатилгани йўқ. Шундай бўлсада, биз аҳоли ўртасида  тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришимиз зарур. Ижтимоий тармоқларда ҳам тизимли ишларни йўлга қўйилган. Телеграм тармоғида “Саломатлик сабоқлари” номли саҳифа мавжуд бўлиб, унда барча ўзининг қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкин. Баъзи оила қурмаган беморларимиз “Энди фарзандли бўла олмайманми?” деб, савол беради. Бу хато фикр. Бир қанча беморлаб соғайиб, фарзандли бўлган ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Сил – бедаво дард эмаслигини барчага тушунтириш лозим. Фақат унга вақтида эътибор берилиб, даволанилса албатта ижобий натижаларга эришиш мумкин.

И.Абдужабборов, журналист

 

Дўстларга улашинг: