Бугун, 2021 йил 24 март куни Фарғона шаҳар марказида жойлашган Ислом Каримов номли санъат саройи боғида Бутунжаҳон туберкулезга қарши курашиш куни нишонланди.

Байрам тадбири Фарғона вилояти Хокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят маданият ва жисмоний тарбия бошқармаси, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни қўллаб қувватлаш маркази ҳамда вилоят фтизиатрия диспансери ҳамкорликларида USAID нинг Марказий Осиёда сил касаллигини батамом тугатиш лойиҳаси кўмагида ташкиллаштирилди.

Омма учун спортчи ва санъат ходимлари чиқишлари, аҳоли орасида туберкулёз касаллиги ҳақида нотўғри фикрларни камайтириш, уни олдини олиш, касалланган шахсларни ажратиш ва стигмани бартараф этиш мақсадида саҳна кўринишлари намойиш этилди. «Ассалом тонг» шиори остидаги оммавий юриш, бадантарбия ва жисмоний машқлар мингга яқин Фарғона аҳлини бир майдонда бирлаштирди, болажонлар эса туберкулёзни олдини олиш ҳақидаги тассавурлари билан расмлар мусобақасида иштирок этишди. Шунингдек, аҳоли «Соғлом авлод учун» фонди томонидан ташкил этилган кўчма тиббий кўрик станцияларида ташхисдан ўтдилар, вилоят фтизиатрия диспансери стацияларида туберкулёз ҳақида маълумот олдилар, оилавий поликлиникалар тайёрлаган станцияларда соғлом турмуш тарзи тарғиб этилди.

Бутунжаҳон туберкулёзга қарши курашиш куни ҳар йили 24 март куни жамоатчилик диққатини минглаб инсонларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлаётган касалликка қаратиш мақсадида нишонланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда туберкулёзга қарши курашиш чоралари ўз самарасини бермоқда, аммо у буткул йўқ бўлмади. Фақатгина ҳамжиҳатликда бирлашиб, биз уни батамом тугатишимиз мумкин!

 

Сил — юқумли касаллик ҳисобланиб, унинг тарқалишини асосий сабабларидан бири бу, аҳоли ўртасида касалликни юқиш йўллари, олдини олиш чоралари ва даволаш бўйича маълумотни етишмаслиги ҳамда у ҳақидаги афсоналар ва беморларга нисбатан нотўғри муносабатлар шаклланишидир.
Мақсад юртимизда сил касаллигини даволаш ва унинг профилактикаси ҳамда касалликнинг олдини олиш, аҳолининг сил касаллиги борасидаги хабардорлигини ошириш ва жамиятда бу хасталик билан касалланган беморларга нисбатан бағри кенглик билан муносабатда бўлишни шакллантириш ҳамда шу мавзуга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.


Ушбу веб-сайтдан барча бепул фойдаланишлари мумкин. Агар сизга саҳифа ёрдам берган бўлса, веб-сайт мунтазам ишлаб туриши учун миннатдорчилик ўрнида шу карта рақамига имкон борича маблағ юборишингиз мумкин: 8600 0609 6368 6648

Эътибор учун раҳмат