Сил касаллиги ва унинг турлари дунё миқёсидаги муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ўпкадан бошқа аъзолар сили, гўё, нафас аъзолари силининг соясида қолиб кетаётгандек. Шунингдек, аҳоли орасида кўз сили касаллиги хусусидаги билимларнинг етишмаслиги ҳам кўп ҳолларда хасталикка қарши ўз вақтида даво чоралари кўрилмаслигига олиб келмоқда.

Бугунги суҳбатимиз кўз сили ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш учун Фарғона вилоят 3-сонли сил касалликларига қарши курашиш диспансери фтизиатри А. Эшматов билан бўлди.

-Кўз сили организмнинг умумий инфекцион касаллиги ҳисобланади. Ушбу касалликни сил таёқчалари келтириб чиқаради. Кўрув аъзоларининг сил касаллиги узоқ давом этадиган, тез-тез қайталаниб, кўриш ўткирлигининг пасайиши ва айрим ҳолатларда кўрмасликка олиб келувчи касалликдир.

Кўз сили ўпкадан ташқари аъзолар сили касалликлари ичида олтинчи ўринда бўлиб, 5-16% ни ташкил қилади. Касаллик кўзда асосан 3 та йўл билан ривожланиши кузатилган. Яъни биринчи йўл – гемато-лимфоген бўлиб, шу йўл энг кўп учрайди. Гематоген тарқалишда сил микобактериялари кўз тўқималарига организмнинг бошқа сил ўчоқларидан ўтади. Иккинчи йўл экзоген деб номланади. Ушбу йўл кўзнинг бирламчи сили ҳисобланиб, у кўзнинг шиллиқ қавати бўшлиғи орқали ривожланади. Учинчи йўл — контакт йўл. Бунда сил касаллигининг кўзга тарқалиши, юз териси, кўз косаси остеомиелити ва бурун бўшлиғи орқали ривожланади.

Бундан ташқари, 1956 йил А.C.Wооdс касалликнинг клиник — морфологик тартибига асосланиб, қуйидаги таснифни таклиф қилган. Улар гранулёматоз ва ногранулематоз. Гранулёматоз касаллик пайдо қилувчи (патоген) микро-организмлар, гематогенли метастаз натижасида томирли парда қаватида перифокал яллиғланишга эга гранулёма ҳосил қилади. Ногранулематоз яллиғланиш жараёни носпецифик кечиб, кўз тўқималарининг ҳар хил аллергенларга қарши сенсибилизацияланган реакцияси билан намоён бўлади.

Тиббиётда кўз сили касаллигининг бир қанча турлари аниқланган. Улар кўз атрофи тўқималарининг сили, кўзнинг олд қисми сили ва кўз орқа қисмининг сил касаллигидан иборат.

-Кўз сили касаллигига қандай ташхис қўйилади?

-Кўз сили ташхиси бирмунча қийинчиликлар туғдиради ва беморни комплекс равишда текширишни талаб қилади.

Кўз силига шубҳа бўлганида беморларни текшириш учун қуйидаги схема қабул қилинган:

  1. Анамнезни мақсадга мувофиқ ойдинлаштириш (сил касаллиги билан мулоқот борлиги, илгари кўз силини ўтказганлиги ва бошқалар.)
  2. Кўкрак қафаси флюорографияси, кўрсатма бўлганда, кўкрак ички лимфа безларида ва ўпкадаги сил ўзгаришларининг фаоллигини аниқлаш мақсадида рентгенологик текширув ўтказилади.
  3. Ўпка, кўкрак ичи лимфа тугунлар, аниқланган суякли ўзгаришлар фаоллигини рентгенологик аниқлаб бўлмаса, томография текшируви ўтказилади.
  4. Кўкрак ичи лимфа безларининг катталашуви ва катта петрификатларни аниқлашда бронхоскопия текшируви ўтказилади.
  5. Периферик лимфа тугунларининг ҳолатини текшириш
  6. Кўрсатма бўлганида, қорин бўшлиғини рентгенологик текшируви, уролог ва гинеколог маслаҳатлари.
  7. Сийдик ва бронхлар чайиндиси, сил бактерияларини аниқлаш учун балғамни экиш.
  8. Бошқа сурункали инфекцияларни инкор этиш: захм (сифилис), токсоплазмоз, бруцеллёз, ревматизм, саркоидоз, вирусли касалликлар.

Туберкулин-диагностика. Кератит, склерит, увеитлар этиологиясини аниқлашда катта аҳамиятга эга. Кўз силини аниқлашда терида туберкулин синовлари ўтказилади: тери ичи Манту синамаси, Диаскинтест.

-Кўз сили касаллиги қандай даволанади?

-Кўз сили касалликларини даволаш, нафақат, кўриш функцияларини иложи борича асли ҳолига келтириш ёки сақлаб қолишга, кўз олмасидаги яллиғланиш жараёнларини бартараф этишга, балки сил таёқчаларининг фаоллигини сусайтиришга, организм ҳимоя кучларини оширишга ҳам қаратилган бўлиши лозим.

Фтизиатриянинг умумий тамойилларига кўра, антибактериал кимётерапия, давонинг асосий қисми касалликнинг шакли ва оғирлигига қараб ўтказилади. Қон қўйилишлар билан кечувчи геморрагик хориоретинитлар ва перифлебитларда бирданига кимётерапия қўлланилмайди, чунки силга қарши препаратлар қон томир деворларини кучсизлантиради.

Сўнги йилларда лазерли коагуляция муваффақият билан қўлланилмоқда. Кўрув функцияларини сақлаб қолишнинг асосий шартларидан бири, кўз сили асоратларининг олдини олиш ва ўз вақтида даволашдан иборатдир.

-Аҳолига шифокор сифатида қандай маслаҳатлар берасиз?

-Кўз сили касаллиги ҳам сил касаллигининг бошқа турлари каби инсонларнинг яшаш тарзи, ҳаёти, соғлиғига доимий равишда тўсиқ бўла оладиган юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон нафақат ўз саломатлиги учун, балки соғлом турмуш тарзи ва жамият соғлиги йўлида ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриши, шифокор назоратида бўлиши ва ўз соғлиги учун эътиборли бўлиши лозим.

Суҳбатдош И.Абдужабборов

Дўстларга улашинг: