2021 йил 17-18 феврал кунлари ЮСАИД Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш лойиҳаси доираси журналистлар учун «Оммавий ахборот воситаларида Сил касаллиги тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш» мавзусида икки кунлик онлайн семинар ўтказилди.

Журналистлар Ўзбекистонда сил касаллигига қарши кураш бўйича маълумотни Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Наргиза Парпиева, Рeспублика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий амалий тиббиёт маркази ва ЮСАИДнинг Марказий Осиёдаги сил касаллигини бартараф этиш лойиҳаси мутахассислари маърузалар қилдилар. Онлайн семинарда Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Туберкулёз (Сил) дунёдаги энг кенг тарқалган юқумли касалликлардан биридир. Сил касаллигини олдини олиш ва даволаш мумкин бўлса-да, бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимлари учун катта қийинчилик туғдирмоқда. Кенг жамоатчиликнинг мавжуд профилактика ва даволаш усуллари тўғрисида хабардорлиги йўқлиги сил касаллиги тарқалишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Оммавий ахборот воситалари сил касаллигининг тарқалишига қарши курашишда ва жамиятда сил касаллигига чалинган одамларга нисбатан бағрикенг муносабатни тарғиб қилишда, шунингдек, ижтимоий стигма, камситиш ва касаллик ҳақидаги сохта стереотипларни йўқ қилишда муҳим рол ўйнайди.

Семинарда журналистлар Ўзбекистондаги сил касаллигига қарши кураш бўйича долзарб маълумотлар ҳақида, ушбу мавзуни ёритиш билан боғлиқ бир қатор масалаларни муҳокама қилдилар.