Янгиер шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг силга қарши миллий хизматларини такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Сирдарё вилоятидаги 12 та соғлиқни сақлаш муассасаларига тиббий асбоб-ускуналар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анна Мельтцер хоним, Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мадиримов, Фтизиатрия ва пульмонология миллий маркази ва Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари ҳамда туман, шаҳарлардаги фтизиатрия ва пульмонология шифокорлари иштирок этишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва ҳалқаро шерикларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистонда сил касаллиги ва у билан боғлиқ ўлим кўрсаткичларини камайтириш борасида катта ютуқларга эришиб келинмоқда. Бироқ, кўп дори-дармонларга чидамли сил (MDR-ТВ) турини аниқлаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича маҳаллий ва минтақавий салоҳиятни оширишни устувор мақсадлар сифатида белгилаб қўйилган.

Электрон термометрлар, стетоскоплар, тонометрлар, отоскоплар ва бошқа шу каби тиббий ускуналардан иборат бўлган воситалар минтақадаги тиббий ходимларига самарали ва ўз вақтида ёрдам кўрсатишда, тезкор ташхис қўйиш ва сурункали касалликларга чалинган беморларни даволашда кўмак беради.

Тадбир давомида USAIDнинг соғлиқни сақлаш бўйича гуруҳ раҳбари, Анна Мельтцер шундай деди «Бугун тадбир мамлакатда, шу жумладан Сирдарё вилоятида ҳам соғлиқни сақлаш хизматларини такомиллаштириш бўйича АҚШ ва Ўзбекистон орасида доимий ҳамкорлик ўрнатилганлигини намойиш этади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғи ва фаровонлигини яхшилашда муваффақиятга албатта эришамиз».

АҚШлик ишлаб чиқарувчи «Welch Allyn» томонидан ҳадя қилинган тиббий ускуналар USAIDнинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш бўйича лойиҳаси ёрдамида етказиб берилди.

Ускуналар Сирдарё вилоятидаги сил касаллиги амбулаторияларига (барча туман, шаҳарларига) Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарларидаги силга қарши диспансерлар ва касалхоналарга ҳамда Сирдарё вилоят сил ва ўпка касалликлари марказларига топширилади.

Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати