Ҳиёбондаги дарахтлар майин шаббодада охиста тебранади. Улардан тўкилаётган барглар шивирида қандайдир сир бордек гўё. Барглар ерга тушар экан, дардларини ўз тилларида она табиатга сўзлаётгандек.

Шу атрофдаги ўриндиқларнинг бирида атрофни кузатиб турган Аброр бу ҳолатни кўриб ўтган умри кўз ўнгидан ҳудди кинофильм тасмасидек ўта бошлади. У ҳам сал бўлмаса шу ҳазонлар каби тўкилиб, унутилиб кетиши ҳеч гап эмасди. Унинг ҳаётига оғир ва азобли кунларни олиб кирган хасталик ва уни енга олгани энг катта омади эди.

Ҳаммаси ўзи нимадан бошланди. Ҳорижга иш излаб бориб, фирибгарларнинг қўлига тушиб қолганиданми ёки ер тўлада маълум вақт қамалиб оғир ишларни қилишга мажбур бўлганидами балки бу мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ота-онасидан яшириб ўртоқлари билан тамаки чекиб юрганидан бошлангандир. Ўзи ҳам яхши англолмайди. Нима бўлса ҳам, алал оқибат азобга гирифтор бўлди. Тинимсмиз йўтал унга эрта кеч тинчлик бермади. На кундузи ва на тунда ҳаловат бор. Йўталавериб мадори қуриди. Истимага куйиб ёнса ҳам қаро терга ботиб ишлашга мажбур. Акси ҳолда берахм бошлиқларидан калтак ейди. Ҳа, унинг муҳожирликдаги куни шундай ўтади. Касаллик охири ғолиб чиқди. У мадорсизланиб ҳушини йўқотаёзганида уни ўрмон чеккасидаги анҳор бўйига ташлаб кетишди. Умридан бор экан, шу яқин атрофда юрган одамлардан бири уни кўриб қолиб мусофирга ёрдам берди. Дунёда турли миллат эгаси бўлсада яхши одамлар кўп. Узоқ йиллардан буён шу ҳудудда яшовчи Максим исмли инсон кўмаги билан у ўзини тиклади. Қувватга кириб аста секин соғая бошласада, бироқ йўтал уни тарк этмади. Қисқа вақт давомида  энг яқин инсонга айланиб қолган Аброрга қўлидан келган барча ёрдамни беришни истаган Максим, ўзбек йигитининг Ватанига қайтишига ёрдам беришини айтди. -Фақат соғайиб кетганингдан сўнг бу ерларга келиб турасан. Биз ака-ука бўламиз, деган таклифни билдирди. Орадан биро оз вақт ўтиб Аброр Максимнинг ёрдами билан поездда она юрти томон йўл олди.

Аброрнинг узоқ вақт йўқ бўлиб кетиши ота-онасини чуқур қайғуга солганди. Унинг қайтиб келиши эса барча яқинларини бирдек қувонтириб юборди. Фақат, бу қувонч  ўрни бир зумда ота-онасининг кўнглида қайғу билан алмашди. Аброрнинг тинмай йўталиши, кечалари билан бедор бўлиб чиқиши Сарви ҳоланинг кўнглида шубҳа уйғотди. У бир зумда ҳаёлига келган ўйлардан қўрқиб кетди. Эртаси куни Аброр онаси билан шифокор кўригига боришди.Тиббий кўриклардан ўтган Аброрда афсуски, Сил касаллиги борлиги аниқланди. Бу нохуш хабарни эшитган Сарвиҳола хушини йўқотаёзди. -Наҳотки менинг болам Сил касаллигига дучор бўлган бўлса. Кўзимни оқу қораси, жигар порам наҳот мангу азобга дучор бўлса. Ўзи энди топганимда, бағримга келганида, энди ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлаганимдаям шунақа ишлар содир бўладими. Эй Оллоҳим боламга ўзинг шифо бер дея Яратганга нола қилар экан, ўғлининг соғайиб кетишига чин дилдан ишонгиси келарди.

Доктордан нохуш янгиликни эшитган Аброр ҳам бир неча кун ўзига келолмай юрди. Шифокорнинг -бу касалликнинг давоси бор. Фақат яхшилаб даволансангиз, берилган дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилсангиз яна соғайиб бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетасиз деган, сўзларига қарамай Аброр тушкунликка туша бошлади. -Энди ҳаётим тугар эканда, одамлар юқумли касаликка чалинди деб мендан йироқлаша бошлашади, мен энди ҳеч кимга керак эмасман фақат бир чора бор, дея маҳалла чекасидан оқиб ўтадиган канал томон йўл олди. Канал бўйида яна у қўрқинчили хаёллар суриб эндигина ўзини шу сойга отаман деб турганида қўлидан кимдир тутганини сезди.

-Асло ундай қила кўрманг. Ҳали ҳаёт олдинда. Тақдир қийинчиликларидан безор бўлиб, жонимга қасд қилиб кейин унданда оғир азобларни тортган бир мен бўлдим. Сиз ундай қилманг дея, уни қирғоққа тортган қизга кўзи тушди-ю ўз қилмишидан уялиб кетди. Канал яқинидаги ўриндиқларга келиб ўтириб икки ёш дардлашишди. Қиз бошидан ўтган воқеаларни йигитга сўзлаб берди. Севган  инсони унга берган вадасига вафо қилмай ўзга бир қизга уйланиб кетгани, уни деб чеккан азоблари ҳақида кўзида ёш билан сўзларкан, ширин жонига қасд қилгани ҳеч нарсани ўзгартирмагани, аксинча, ота-онасини ва ўзини баттар азобга қўйганини куйиниб гапирарди. Энди булардан нима фойда. Барибир ҳаёт давом этяпти.Севган инсоним ҳеч нарса бўлмагандек ўзга ёр билан бахтли турмуш кечирмоқда, дея сўзини якунлади. Аброр ҳам ўз бошидан кечирганларини қизга ҳикоя қила кетди. Оилавий шароити тўкис бўлишига қарамай нотаниш кишиларнинг ёлғон вадасига ишониб ҳорижга кетганини,у ерда бир гуруҳ фирибгарларнинг қўлига тушгани, заҳ босган ертўлада яшаб соғлигидан айрилганинини, яхши одамлар кўмаги билан юртига қайтиб келганини, бироқ у ортирган касаллик энг оғир ҳасталик эканини, у билан фақат яқинларига зиён келтиришини айтиб шу сабабли жонига қасд қилмоқчи бўлганини тушунтирди.Қиз йигитнинг гапини жимгина эшитар экан, бу иши умуман нотўғри эканини таъкидлади. Ҳозирги тиббиёт ҳар қандай бедаво касалликларга ҳам шифо топиб, қанчадан-қанча беморларнинг ҳаётини асраб қоляпти. Сиз чалинган касалликни ҳам ишонаманки, шифоси бор дея, йигитга тасалли берди. Аброр бу сўзларни эшитиб тиббий кўрикда шифокор айтган гапларни эслади. Силни давоси бор. Фақат дори дармонларни ўз вақтида қабул қилсангиз. Тартиб қоидага амал қилсангиз, асосийси, бу дардни енгишга ишониб астойдил ҳаракат қилсангиз, албатта соғайиб кетасиз.

Аброрнинг нотаниш қиз билан қилган суҳбатидан кейин ҳаёти бутунлай ўзгариб кетди. У шу куниёқ шифокор ҳузурига шошилди. Докторнинг маслаҳатлари, муолажалари сабаб йигит соғая бошлади. Тинимсиз уни безовта қиладиган йўтал ҳам камайиб охир оқибат бу азобдан ҳам қутулди. Қувватга тўлиб отасининг ишларига ёрдамлашадиган бўлди. Бундан албатта, унинг ота-онаси, яқинлари бениҳоя ҳурсанд бўлишди. Охирги марта тиббий- кўрикка борганида шифокор уни сил касаллигидан батамом фориғ бўлганини айтиб табриклади.

Хиёбондаги ўриндиқларнинг бирида хаёл суриб ўтирган Аброр бошидан кечирган ана шу воқеаларни эслаб ўтираркан, ногоҳ қўл телефони овозидан хаёли бўлинди. Телефонда ўша таниш овоз янграрди.

-Ало, ало дадаси тушликка сиз ёқтирган таомни тайёрлаб қўйгандим. Болалар ҳам кутиб қолишди. Тезроқ келсангиз бирга овқатланамиз.

Ҳа, бу унинг ҳаётини асраб қолган, қалбида яшашга бўлган умид чироқларини ёққан турмуш ўртоғи Насиба эди.

Фотима ЎКТАМОВА

Дўстларга улашинг: