Сил (туберкулёз) ҳақида нималарни биламиз? Уни енгиб ўтиб, соғайиб кетиш мумкинми? Сил билан хасталанган инсоннинг жамиятдаги кейинги тақдири нима бўлади?

Бугунги мақоламизда силга йўлиққан, аммо, уни енгиб ўтиб, тўлиқ соғайиб кетишга муваффақ бўлган, кейинги фаолиятида эса сил билан хасталанганларга ёрдам қўлини чўзишни ўз мақсадига айлантирган инсон, Сарвар Отажонов ҳақида суҳбатлашамиз.

Сарвар Отажонов Хоразм вилояти, Хонқа туманида истиқомат қилади. Оилалик, икки нафар қизини тарбияламоқда. Икки йил олдин у оила боқиш, рўзғор тебратиш илинжида Россияга ишлагани кетади. У ерда жуда мураккаб шароитларда меҳнат қилиб, оғир хасталик — силга чалинади.

«Мен қисқа муддат давомида Россияда ишладим. Меҳнат шароитим жуда оғир эди. Ҳатто зах ертўлада яшашга мажбур бўлдим. Натижада, соғлигим ёмонлашди. Дастлаб қисқа йўтал, ҳолсизланиш, иситмамнинг кўтарилиши мени хавотирга сола бошлади. Ишсиз қолишимдан қўрқиб, соғлигимга аҳамият бермадим. 1 ой ичида йўталим кучайиб, иштаҳам йўқолди. Тез-тез иситмалаб, мадорсизлана бошладим. Натижада, уйга қайтишга мажбур бўлдим» — дейди Сарвар.

Ўзбекистонга қайтиб келгач, Сарвар сил касаллигига чалинганини аниқлайди. Бу эса уни даҳшатга солади.

«Уйга қайтиб келгач, шифокорларнинг кўрсатмаси билан анализ топширдим ва менда сил касаллиги борлигини билдим. Бу мени қаттиқ руҳий тушкунликка солди. Энди нима бўлади, оила-аъзоларим, турмуш ўртоғим менга қандай муносабатда бўлади, айниқса қўшнилар нима дейди, деган саволлар хаёлимда айланаверди».

Шундан сўнг, Сарвар шифохонада 2 ой даволанди. Даволаниш асносида у деярли ҳар кунида ўзининг ҳолатини назорат қилар, шифокор тавсия қилган дориларни мунтазам ичиш натижасида ўзидаги содир бўлаётган ўзгаришларни ён дафтарчасига қайд қилиб борар эди. Ниҳоят, чеҳрасида ўзгариш бўлиб, иштаҳаси очилиб, кун сайин аҳволи яхшиланаётганлигини ҳис қилди. Сарварни даволовчи шифокор 57-куни унинг олдига кириб, бу касалликдан бутунлай тузалганлигини айтади. Буни эшитган Сарварнинг кўзларида ёш қалқиди…

Сил касалининг азобларини ўз бошидан ўтказган, бу касалликка қарши курашиб, уни енгиб ўтган Сарвар бошқаларга ҳам ёрдам қўлини чўзишга қарор қилди.

«Бу касалликни даволаш учун ҳар бир фурсат ғанимат. Демак, янги келган беморларга ҳам бу касалликнинг давоси борлиги ҳақида тушунтириб, бошқаларга ҳам ёрдам беришим керак», деган хулосага борди.

Бугунги кунда Сарвар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) силга қарши кураш бўйича дастурининг Хоразм вилояти Мультидисциплинар командасида (МДК) аутрич бўлиб ишламоқда.

У хорижга чиқиб келган фуқаролар, меҳнат мигрантлари билан учрашиб, уларни тиббий кўрикдан ўтишга, анализ топширишга тарғибот қилмоқда, тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

«Ҳозир МДК таркибида аутрич бўлиб ишлайман, вазифам — хорижда ишлаб келган меҳнат мигрантлари билан учрашиш, улар билан суҳбатлашиш, аҳволини ўрганиш ҳисобланади.

Хорижда бўлиб келган шахслар уч кун ичида ўз ихтиёри билан тиббий кўрикдан ўтиши керак. Аммо, кўпчилик бу тавсияга эътиборсизлик қилади. Мен маҳалла қўмитаси аъзоларидан хориждан қайтганларнинг рўйхатини оламан. Кейин, уларнинг уйига бориб, суҳбатлашаман. Хавфли касалликлар борлиги, уларни аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтиш лозимлигини, акс ҳолда, касалликни оила аъзолари ҳам юқтириб олишини, улар ҳам жабрланишини тушунтираман. Кўп ҳолларда бу ўз самарасини беради».

Сарвар Отажонов сўзларига кўра, учрашув чоғида у меҳнат мигрантининг аҳволи, яшаш тарзини ўрганади. Ташқи кўринишидан сил касали аломатлари бор-йўқлигига эътибор қаратади.

«Учрашув чоғида хорижда бўлиб келган ҳамюртимизнинг аҳволига эътибор қаратаман. Баъзан, оддий савол-жавоблар орқали сил аломатларини аниқлаш мумкин бўлади. Узоқ давом этаётган йўтал, балғам ажратиш, иситманинг кўтарилиши, тунги терлаш, ҳолсизланиш, иштаҳа сусайиши, вазн йўқотиш, кўкрак қафасда оғриқ, қон туфлаш — мана шулар силнинг аломатларидир. Уни дарҳол тиббий кўрикдан ўтиши, анализ топшириб, рентгенга тушишга кўндираман.

Баъзи ҳолларда ташқи кўринишидан силни аниқлашнинг имкони бўлмайди. Сил касаллигининг жуда кўп турлари мавжуд. Уларнинг баъзилари ҳеч қандай аломат кўрсатмайди. Одам соппа-соғдек юраверади, аммо, оиласи, атрофдагиларга сил касаллигини юқтираверади. Шунинг учун ҳам, хорижга чиқиб келганларнинг барчасига тиббий кўрикдан ўтиш тавсия қилинади».

Айни пайтда, Хоразм вилоятининг барча туманлари поликлиникаларида махсус силга қарши кураш кабинетлари бор. У ерда фуқаролар бепул анализ топшириши, рентгенга тушиши мумкин. Бунда фуқаронинг шахси сир сақланади ва ҳеч кимга ошкор қилинмайди.

Сарвар Отажонов сўзларига кўра, сил бедаво касаллик эмас, уни вақтида аниқлаб, тегишли муолажалардан тўлиқ ўтиш даркор. Шунда силни енгиб ўтиш мумкин бўлади, бунда инсон тўлиқ соғайиб кетади.

«Асосий муаммолардан бири — одамларнинг дунёқарашидир. Халқимиз орасида силга йўлиққан одамларга нисбатан муносабат ўзгача бўлган. Бу эса сил касаллигига чалинганларга руҳан ёмон таъсир қилади. Ўзим гувоҳи бўлганман, силга чалинган ота даволанишдан бош тортди. Уч қизим бор, уларни узатишим керак ахир, сил диспансерига бормайман, деб туриб олди. Агар сил эканимни билишса, ҳеч ким мен билан алоқа қилмайди, деб қўрқди.

Ёки 20 ёшли йигитча. Сил диспансерида даволансам, ҳеч ким менга қизини бермайди, деб куюнди. Оилада сил касали аниқланган келиндан воз кечиб юборилмоқчи бўлган ҳолатларни кўрдик. Ёш оиланинг турмуши бузилишига сал қолди. Ёки бўлмаса, оила боқувчиси ҳисобланган ота. У диспансерда даволансам, оиламга ким қарайди, ким уларни боқади, деб бош тортишга ҳаракат қилди.

Мана шуларнинг ҳаммаси билан ишлаймиз, уларга тушунтирамиз. Ҳар томонлама ёрдам берамиз. Психологимиз улар билан суҳбатлашади, муаммоларини ҳал этишга ёрдамлашади.

Энг муҳими шуки, силни енгиб ўтиш мумкин. Диспансерда 2 ой давомида даволаниб, кейинчалик 4 ой давомида дориларни ўз вақтида қабул қилган одам мутлақо соғайиб кетади. Оиласи, қариндошлари, дўст-ёрлари, жамият учун мутлақо хавфсиз шахсга айланади. Даволаниш ва дорилар беморлар учун мутлақо бепул».

Айни пайтда МДК таркибида фтизиатр ва инфекционист шифокорлар, психолог, тиббий ҳамшира, ижтимоий масалалар бўйича ходим ва аутричлар фаолият юритмоқда. Гуруҳга Силга қарши курашиш диспансери бош врачи координаторлик қилади.

МДК гуруҳида ижтимоий масалалар бўйича ходим Феруза Саипова сўзларига кўра, бугунги кунда улар сил касаллигига чалиниш эҳтимоли юқори бўлган қатлам билан фаол иш олиб боришмоқда.

«Командамиз меҳнат мигрантлари, ОИТСга чалинганлар, собиқ маҳкумлар, гиёҳвандлар билан фаол ишлайди. Маҳалла қўмитаси аъзолари, тиббий ҳамширалар билан ҳамкорликда уларнинг аҳволини ўрганади. Уларни тиббий кўрикдан ўтишга, агар сил касаллиги аниқланса, даволанишга ундайди. Муаммоларини ечишга ёрдамлашади. Уларни даволанишга рағбатлантириш мақсадида, баъзан мотивацион пакетлар, яъни озиқ-овқатлар, гигиеник воситалар билан рағбатлантиради».

МДК психологи Шаҳло Қурбонова сил касалига чалинганларга руҳий ёрдам бериш, уларни тушкунликка тушиб қолишини олдини олиш, ҳаётга бўлган қизиқишини сўндирмасликка ҳаракат қилиш билан шуғулланади.

«Сил касаллигига чалинганини билган инсон жуда катта руҳий зарбага учрайди. Биз унга ҳар томонлама психологик ёрдам берамиз. Қаттиқ тушкунликка тушиб қолишининг олдини олишга кўмаклашамиз. Касаллик билан юзма-юз, ёлғиз қолишига йўл қўймаймиз. Бундан ташқари, уларда дори билан даволанишга содиқликни шакллантиришга ҳаракат қиламиз. Чунки, силни енгиб ўтишдаги муҳим омил — дорини ўз вақтида, кечиктирмасдан қабул қилишдир».

Сил касаллигини бошидан ўтказган, уни енгиб ўтган 31 ёшли Сарвар Отажонов унга чалинган беморларни барвақт аниқлаш, уларни даволанишга таклиф қилиш ва бу касалликнинг давоси борлигига ишонтириш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланмоқда. Чунки Сарвар бу касалликни ўз бошидан ўтказган. У бундай беморлар қанчалик меҳр-мурувватга, эътиборга муҳтожлигини билади, бутун вужуди билан ҳис қилади.

Сарвар хорижда бўлиб қайтган меҳнат мигрантларига, ўзида сил касаллиги аломатларини сезган, аммо нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб турган ҳар қандай инсонга ёрдам қўлини чўзиш, уларга маслаҳат беришга тайёр (телефон рақами +998 99 964 0809).

Эсда тутайлик, сил фақат ўзимизга эмас, балки оила аъзоларимизга, яқин қариндошларимизга, дўстларимизга ҳам хавф солиши мумкин. Уни ўз вақтида аниқлаб, зудлик билан даволаниш — касалликка ҳеч қандай имконият қолдирмайди.

Нурмуҳаммад Саид

Сил — юқумли касаллик ҳисобланиб, унинг тарқалишини асосий сабабларидан бири бу, аҳоли ўртасида касалликни юқиш йўллари, олдини олиш чоралари ва даволаш бўйича маълумотни етишмаслиги ҳамда у ҳақидаги афсоналар ва беморларга нисбатан нотўғри муносабатлар шаклланишидир.
Мақсад юртимизда сил касаллигини даволаш ва унинг профилактикаси ҳамда касалликнинг олдини олиш, аҳолининг сил касаллиги борасидаги хабардорлигини ошириш ва жамиятда бу хасталик билан касалланган беморларга нисбатан бағри кенглик билан муносабатда бўлишни шакллантириш ҳамда шу мавзуга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.


Ушбу веб-сайтдан барча бепул фойдаланишлари мумкин. Агар сизга саҳифа ёрдам берган бўлса, веб-сайт мунтазам ишлаб туриши учун миннатдорчилик ўрнида шу карта рақамига имкон борича маблағ юборишингиз мумкин: 8600 0609 6368 6648

Эътибор учун раҳмат