Эндигина 3 ёшни қаршилаган жияним негадир тез-тез шамолларди. Ўша лаҳзаларда кўзларида биз маҳаллий тилда айтадиган “кўзмунча” тошиб кетарди. Аям бу касаллик нималигини яхши билгани боис, аввалига ўзлари билган усулда даволаб турардилар. Аммо касаллик ҳадеганда қайталаверарди. Жияним эса ёруғликдан азият чекиб, инжиқлик қиларди.

Ўшанда ҳам ёз ойлари эди. Аямнинг хавотирли қўнғироғидан менинг ҳам бироз тинчим йўқолди. Тез-тез хаста бўлиб турадиган жиянимни бу сафар шифокорлар пойтахтга олиб бориб текширтиришни маслаҳат беришибди. Ҳали ҳеч нарса маълум бўлмаса-да, аямнинг сўзларидаги таҳликани ич-ичимдан ҳис қилиб турардим. Шундай бўлса-да, ҳаммаси яхши бўлишини, бемалол бориб малакали шифокорларга кўрсатишлари мумкинлигини таъкидладим.

Аям жиянимни йўлга олиб чиқаркан, ҳар дақиқада қўнғироқлашиб турдим. ТошМИ даги дастлабки текширувлардан сўнг шифокорлар сил касаллиги бўйича ҳам кўрикдан ўтишларини маслаҳат беришибди. Ҳаммаси ана шундан сўнг бошланди.

Таҳлил натижалари жиянимда камдан-кам ҳолатда учрайдиган кўз сили аломатлари борилигини кўрсатди. Сил деган сўзни эшитибоқ аям бечоранинг кўз олди қоронғулашди. Ёшлари катта эмасми, касалликнинг нима эканлигини яхши тушунганлари боис телефонда йиғидан бўшамадилар. Ўшанда биринчи бор нима дейишимни, аям ва укамга қандай тасалли беришимни билмай донг қотдим.

Аслида кимгадир ёрдам қўлини чўзиш, оғир кунида далда бўлишдан оғир иш бўлмаса керак. Мен АҚШ нинг халқаро ривожлантириш Агентлиги (USAID) силга қарши кураш бўйича USAID дастури доирасида бир неча лойиҳаларда иштирок этганман. Ҳатто силга чалинган ва соғайган инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлганман. Ўқиганларим, ўрганганларим ҳосиласида силнинг бедаво касаллик эмаслигини ақлан тушуниб етганман. Ёзаётган мақолаларимда, мулоҳазаларимда одамларнинг кўнглига таскин берадиган фикрларни қўллашга ҳаракат қилганман. Ниятим шуларни ўқиганда кимнидир кўнглида умид чироқлари ёнишини, кўнгли кўтарилишини, соғайиб кетишига бўлган ишончни орттириш эди. Аммо бегоналарга гапириш осон экан. Ўзинг шу аҳволга тушиб қолсанг тилинг калимага келмай қоларкан. Бечора жияним. Энг ширин, ўйнаб кўнгилларни чароғон қиладиган ёшда шундай касалликка чалинганидан ич-ичимдан эзилдим. Очиғи, ўшанда ўқиб-ўрганганларимга ҳам ишонмай қўйдим. Хаёлимда тузалмасачи, деган ўй чарх уриб, бир зум тинчлик бермай қўйди. Бу ҳам етмаганидек шифокорларнинг дарҳол қаттиқ режимда даволаниш курсларига ўтказиш тўғрисидаги гап-сўзлари хавотиримни баттар оширди. Аям бечора карахт бир аҳволда мендан нажот истаб, сўзимга илҳақ бўлиб турарди. Энг ёмони, вилоятимизда касалликнинг бу турини даволайдиган шифокор йўқ экан. (Ҳар ҳолда мен билан телефонда гаплашган шифокор шундай деганди).

Гўшакни қўйдиму, интернетга кириб касаллик тўғрисидаги маълумотларни излай бошладим. Вақтида даволанмаса қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хабар топгач, жиянимни пойтахтда даволашга қарор қилдим. Қароримни аямга билдирарканман, пойтахтда уларнинг холидан хабар оладиган одам йўқлигидан эзилдим. Шуниси аниқ эдики, аям эсини таниб улгурмаган набирасини салкам 500 километр узоқда ташлаб кела олмасди. Шифохона қоидаларига кўра катталарнинг у ерда ётиши мумкин эмас экан.

Илтимослар, тушунтиришлар натижасида жияним билан аям пойтахтда, шифохонада  қоладиган бўлишди. Шифокорлар аям учун ҳам жой тайёрлаб беришди. Энди шифохонада ўтадиган 2 ойни сабр билан кутиш қолганди.

Буни қарангки, кузнинг биринчи ойида менга “Силнинг давоси бор!” мавзуида эълон қилинган танловда ғолиб бўлганимни билдиришди. Тадбирдан чиқибоқ, аямнинг ёнига югурдим. Орадан бир ярим ой ўтган, жияним шифохона ҳовлисида болалар билан ўйнаб ўтирарди. Мени кўриши билан қучоғимга отилди. Бир ярим ойлик уйдан узоқда бўлиш аямга ҳам, жиянимга ҳам қаттиқ таъсир кўрсатганди. Жиянимни бағримга босарканман, осмонга қарадим. Қуёш чарақлаб турарди. Жиянимдан осмонга қарай оляпсанми, дея сўрадим эркалаб. Унинг, амаки кўзим яхши бўлибди, энди укамнинг олдига кетарканман, деган гапларини эшитгач, кўнглим таскин топгандек бўлди. Аямнинг ёлғизликдан эзилган нигоҳларида набирасининг тузалаётганидаги шукроналикни кўриб янаям хотиржам бўлдим. Қаршиларида турарканман, касалликнинг бедаво эмаслигини, даволанишни тартиб билан олиб борса ҳеч бир асорат қолмаслигини таъкидлашдан чарчамасдим. Камига айнан шу касаллик бўйича ўқиганимни, семинарларда иштирок этганимни ва натижада ғолиб бўлганимни айтиб, совғамни кўрсатиб мақтандим. Аям гапларимни жимгина эшитиб тураркан, ишонқирамай асорати чиндан қолмайдими, деб сўрашдан эринмасдилар. Ўшанда аямга касалликнинг турлари, уни тезроқ даволаниши ўз қўлимизда эканилиги, дориларнинг бепуллиги тўғрисида гапириб кўнгилларига анчагина таскин берганимдан руҳим бироз енгиллашгандек бўлди…

Пойтахтдан қайтганимдан сўнг бир ойча вақт ўтгач шифокорлар жиянимга уйга кетишга рухсат беришди. Уларни пойтахтдан олиб қайтарканман, жиянимнинг амаки қаранг,  қуёшга қарай оламан дея бижирлашидан кўнглим яйраб келди. Аямнинг қўлидаги қоғозларни кўргач, даволаниш курсининг ҳали узоқ давом этишини тушундим. Шундан сўнг уларга дориларни ўз вақтида ичиришларини тайинлаб, ишимга қайтдим.

Мен стигма ҳақида жуда кўп мақола ёзганман. Нафақат сил касаллиги, балки ҳаётда йўлдан адашганларнинг жамиятга қўшилиш омиллари хусусида ўз мулоҳазаларимни билдирганман. Буни қарангки, ана шу ваҳимага биз ҳам дуч келдик.

Туманимиздаги диспансер шифокорларининг таҳдидона ташрифи уйдагиларнинг ваҳимасини ошириб юборади. Фаросатда тенгсиз шифокор пойтахтдан келганига уч кун ҳам бўлмаган аямнинг тепасига келганича, жиянимни махсус уйда, бошқалардан холи қили қилиб ҳеч кимга қўшмасдан даволашни, у махсус рўйхатда туришини айтиб қўрқитибди. Қишлоқ жой эмасми, аям бечора бу гап тарқалгудек бўлса, қўни-қўшниларнинг муносабатидан қаттиқ хавотирга тушадилар. Шу ондаёқ мен берган барча тасалли ҳавога совурилади. Аям шу заҳоти қўнғироқ қилиб, мен бошқача гап айтганимни, жиянимни бошқа набиралари қатори тарбиялашини, уни ажратмаслигини, фақатгина дориларни ўз вақтида беришларини айтганимни таъкидлаганча, шифокорнинг сўзларини айтиб, кўз ёш тўкдилар. Рости ўшанда ноқулай аҳволга тушдим. Аямни қандай овутишни билмасдан шифокорнинг ёнига бориб, менга қўнғироқ қилишларини тайинладим. Журналистлигимни билган шифокор аямдан узр сўраб, мен билан гаплашишдан бош тортди.

Шу йилнинг баҳорида уйимизда сумалак пиширдик. Ўша куни жияним дориларнинг сўнгисини ичди. Икки кундан сўнг аям набирасини етаклаб, пойтахтга йўл олди. Мен эса хавотир билан аямнинг қўнғироғини кута бошладим. Ўзимнинг қўнғироқ қилишга юрагим бетламасди.

— Ҳозир шифохонадан чиқдик. Жиянинг буткул соғаяпти. Касалликдан ҳеч қандай асорат қолмабди. Мана ўзи ҳам сен билан гаплашмоқчи

Нафас олмай жиянимнинг бийрон сўзларига қулоқ тутаман.

— Амаки, кўзим тузалипти. Дўхтир энди мультфильм кўришим мумкинлигини айтди.

Шу биргина сўз менинг қарийиб бир ярим йиллик хавотирларимни тутундек тарқатиб юборди. Бутун оила бўлиб, шу митти болакайнинг тазалиб кетиши учун ўтган уйқусиз, ҳаловотсиз ўтган кунларимизнинг бари ортда қолганди. Албатта, силнинг ҳам давоси бор… Хонамда ўтирибману бу сўзни баралла айтиб юборганимни ҳам сезмай қолдим. Тилим ва дилимда айланган шу биргина сўз менга қанот бағишлагандек бўлди…

Шавкат АМИНОВ.

Дўстларга улашинг: