Йигитали янги кунни маҳалладошлари билан учрашишдан, айниқса ўзи яшайдиган қишлоқдаги қўни-қўшнилари, бошқа давлатларда ишлаб қайтган маҳалладошларининг ҳолидан хабар олиб чиқиш билан бошлайди. У асосан чет элдан қайтган меҳнат муҳожирлари билан мулоқотда бўлади. У 2 йилдан бери аутрич-ходим сифатида чет элда меҳнат фаолиятини юритиб, юртимизга қайтган фуқароларда сил касаллиги бор-йўқлигини аниқлаш учун меҳнат муҳожирларини тиббий кўрикка жалб қилиб келмоқда.

Йигиталининг аутричлик вазифасини масъулият билан амалга оширишидан асосий мақсади сил касаллигига чалинган беморларни эрта аниқлаш, уларни даволанишга таклиф қилиш, уларга психологик кўмак бериш ҳамда меҳнат муҳожирлари ўртасида ушбу касалликни олдини олишдан иборат. Касаллик билан оғриган беморлар ва уларнинг яқинларини бу касалликнинг давоси борлигига ишонтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш.  Табиб-табиб эмас, бошидан ўтказган-табиб деганларидек, Йигитали бу касалликни ўз бошидан ўтказганлардан. У беморлар қанчалик меҳр-мурувватга муҳтожлигини бутун вужуди билан ҳис қилади. У ҳаётга эркин нигоҳ билан боқади.

-Мусофирчиликдаги сарсон-саргардонлик кишининг иродасини букиб қўяркан, дейди Йигитали. — Мен қисқа муддат яъни беш ярим ой давомида Россияда ишлаб, шу ерда яшадим. Иш шароитим оғир эди. Аниқ ва узоқ муддатли ишим ҳам йўқ эди. Яшаш манзилим, домий рўйхатим йўқлиги, муҳожир бўлганлигим сабабли жуда қийин шароитда яшашга мажбур бўлдим. Айниқса бир ойлаб кун ертўлада, заҳ ва оғир шароитда яшаганлигим сабабли  аҳволим ёмонлашди. Дастлаб қисқа йўтал, ҳолсизлик, иситмамнинг кўтарилиши мени ҳавотирга сола бошлади. Дастлаб ишсиз қолишимдан қўрқиб, соғлигимга эътибор бермадим. Бир ой ичида йўталим кучайиб, иштаҳам йўқолди, тез-тез иситмалаб, мадорсизлана бошладим. Соғлиғим жуда ёмонлашгани сабабли уйга қайтишга мажбур бўлдим. Уйда ҳам анча вақт кўрпа-тўшакда ётдим. Токи қариндош синглим келиб, мендаги касаллик кўринишлари сил касаллигининг белгиларига ўхшашлиги ҳақида маълумот бермагунга қадар. У менга шифохонага бориб, тиббий кўрикдан ўтишим кераклигини тушунтирди. Шундан сўнг шифокорларнинг кўрсатмаси билан анализ топширдим ва менда сил касаллиги аниқланганлигини гувоҳи бўлдим.

Йигитали касалланганлигини билгач қаттиқ руҳий тушкунликка тушди. Сил касаллиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасада, у ҳақида қўштирноқ ичидаги ёмон гапларни кўп эшитган эди. У эрталабгача мижжа қоқмади. Унинг ҳаёлидан энди нима бўлади, оилам, турмуш ўртоғим қандай қарайди, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар нима дейди деган ҳар хил саволлар ўта бошлади.

Йигитали узоқ ўйлаб, турмуш ўртоғига касаллиги ҳақида маълум қилди. Эрининг касаллигини эшитган аёл бир лаҳза чуқур ўйга толди ва бироз сукунатдан кейин бирданига Йигиталининг кийимларини йиғиштира бошлади. Йигитали бу ҳолатдан ҳайратланди. Хотини нима қилаётганинин тушунмади. Эрининг кийимларини йиғиштириб бўлган аёл турмуш ўртоғига қараб “Ҳозирни ўзида касалхонада борамиз, сиз бугундан даволанишга ётишингиз ва бу касалликни енгиб ўтишингиз шарт!”, — деди.  Ўз аёлининг ҳам амалий ҳам руҳий кўмаги билан Йигитали 2 ойча даволаниш даврини тартиб билан ўтказди. У деярли ҳар куни ўзининг ҳолатини назорат қилар, дориларни мунтазам ичиш натижасида организмида содир бўлаётган ўзгаришларни ён дафтарчасига қайд қилиб борар эди. Шунингдек, у ҳар куни ўзини суратга олишни ҳам одат қилган эди. Маълум вақтдан кейин Йигитали юз-кўзидаги ўзгаришларни кўриб, иштаҳаси янаям яхшиланаётганини, кундан кунга ўзини соғлом ҳис қилаётганига амин бўлди. Даволанишнинг эллик еттинчи куни фтизиатор-шифокор Йигиталининг хонасига қириб, қувончли янгиликни эълон қилди. Яъни Йигиталининг охирги анализ-таҳлилларида касалликнинг ҳеч қандай кўринишлари чиқмаганлиги ва у бу касалликни бутунлай енгиб ўтганлигини айтди. Бу хабарни эшитган Йигиталининг кўзлари қувонч ёшларига тўлди…

У айни шу дамда янги келган беморларга қараб, бошқаларга ҳам ёрдам бера олиши мумкинлигини тушуниб етди, ва аутрич-ходим бўлиб фаолият юритишга аҳд қилди.

Бугунги кунда Йигитали бир неча беморларнинг тузалиб кетишига кўмак бера олган аутричлардан. У касалхонага кириб келган ҳам бир беморга бошидан ўтказган воқеаларни мисол келтиришда, соғлом муҳит шароитини яратишда мустаҳкам ирода ва сабр-тоқат зарурлиги ҳақида сўзлашдан чарчамайди.

Йигитали биз билан бўлган суҳбат сўнггида шундай дейди, — “Сил касаллигидан қутулиш учун инсон аввало ўзига ишониши керак. Шунда у бу касаллик қўрқинчли эмаслигига гувоҳ бўлади. Ана шу мақсадда ўз аутричлик фаолиятимни давом эттириш ва ҳар бир бемор қалбида ишонч туйғуларини уйғотиш менга завқ бағишлади”.

Аслида омадли кун ўзгалар қалбига ҳушнудлик ва қувонч бағишлашдан бошланади.

Бир сўз билан айтганда бу касалликнинг давоси бор.

Дилрабо КУРЯЗОВА,

журналист

Дўстларга улашинг: