Сил касаллиги бутун дунёда ечимини кутаётган муаммолар сирасига киради. Касаллик аниқланганидан шу кунгача силга қарши курашнинг турли усуллари ва дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Сил таёқчаси аниқланган кун —24 март Бутунжаҳон силга қарши кураш куни этиб белгиланган. Бу кунда ҳар бир мамлакатда турли тадбирлар ўтказилади. Тадбирга таклифнома сифатида мойчечак гули тақдим этилади. Бутунжаҳон силга қарши кураш кунининг рамзи ҳам мойчечак гулидир.

Тарихга назар
Мойчечак гулининг рамзий маъноси тарихга бориб тақалади. 1882 йилда сил касаллигини қўзғатувчи бактерия аниқлангач, ундан юз йил ўтиб, сил касаллиги эпидемия даражасига етади. Европа давлатлари ва Россия аҳолиси сил касаллиги билан ёппасига оғрий бошладилар.

XIХ аср охири ХХ аср бошларига келиб бутун дунёда силга қарши чора-тадбирлар кенг кўламда амалга оширила бошланди. Европа ҳукумати силга қарши курашнинг энг самарали усули сифатида хайрия фонди ташкил этишни таклиф қилишди. Хайрия фондига Европанинг энг нуфузли ташкилотлари жалб қилинди. Лекин сил эпидемияси шу қадар кучайиб бораётган эдики, хайрия фондларида йиғилган маблағ харажатларни қопламай қўйди.
Ниҳоят 1900 йилда Швецарияда “Оқ мойчечак” лойиҳаси ишлаб чиқилди. 1901 йил 1 майда Женева кўчаларида биринчи марта оқ мойчечак тутган қизлар кўчалар бўйлаб намойиш ташкил этишади. Мойчечакларни эркин нафас рамзи сифатида аҳолига сотишади. Мойчечак гулини сотиш жараёнида “оилангизга соғлик тилаймиз”, “яқинларингизни силдан эҳтиёт қилинг”, “мойчечак — эркин нафас гарови” сингари сўзлар ҳам айтилган.

Улкан даромад манбаи
Оқ мойчечакннг силга қарши кураш рамзи сифатида сотилиши аҳоли эътиборини тортади ва силга қарши кураш ташкилотларига мисли кўрилмаган даромад келтиради.
Бу одат Швецариядан Норвегия, Исландия, Дания, Германия ва бошқа Европа мамлакатларига ҳам кўчади. Ҳатто Дания ва Норвегияда оқ мойчечак сотиш ҳуқуқи силга қарши жамиятларнинг монополиясига ҳам айланган.

1909 йилда Россиянинг Москва шаҳрида сил касалликларига қарши кураш бўйича биричи бепул поликлиника очилган. Поликлиникада шифокорлар бепул ишлашгани тарихдан маълум. “Оқ мойчечак” намойиши Россияда бутун мамлакат бўйлаб 1911 йилнинг 20 апрелида ўтказилади. Москвада минглаб плакатлар ва брошюралар аҳолига тарқатилади. Оқ мойчечак сотиш, у бўлмаганда қоғоздан ясалган мойчечак сотиш ҳам оммалашиб кетади. Бундай гуллар учун тўлов кун сайин ортиб боради.

Ташкил этилган тадбирларда иштирок этган қизларнинг бош кийимлари, сочларига оқ мойчечак тақилган, кўйлаклари эса мойчечак билан безатилган эди.

Нега айнан мойчечак?
Хўш, нега айнан мойчечак гули деб ўйлаётгандирсиз? Сил касаллигини даволашда асосан бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга бўлган антибиотиклардан фойдаланилади. Мойчечакнинг фойдали хусусиятлари кўплиги учун халқ табобатида «табиий антибиотик» деб ҳам аталади. Шу билан бирга, мойчечак гули Европада меҳр-муҳаббат ва хайр-саховат рамзи ҳамдир. Шунинг учун ҳам минглаб одамларга ёрдам сифатида ташкил этилган тадбирларнинг энг муносиб рамзи мойчечак гули деб топилган.

Силга қарши кураши Ўзбекистонда
Ўзбекистонда силга қарши курашувчи биринчи диспансер 1935 йилда Қашқадарё вилоятида ташкил этилган. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам Бутунжаҳон силга қарши кураш ташкилотига аъзо. 24 март куни мамлакатимизда ҳам силга қарши кураш тадбирлари ташкил этилиб, унга таклифнома сифатида оқ мойчечак гули ҳам берилади.
Сиз ҳам сил касаллигига қарши курашда ўз ҳиссангизни қўшмоқчи бўлсангиз, 24 март куни ташкил этилган тадбирларда оқ мойчечак харид қилишни унутманг!

Наргиза УТЕПОВА тайёрлади.