Жияним қаттиқ шамоллаш натижасида анчадан буён йўталиб юрибди. Муолажалар унчалик кор қилмаяпти. Йўталиш қайси касалликларнинг белгиси ва қандай даволанади?

Саида Йўлдошбекова, Чилонзор тумани.

Давомийлигига кўра йўтални 3 тури тафовутланади: домий йўтал, ўқтин-ўқтин бўлиб турадиган йўтал ва хуружсимон йўтал. Аввало жиянингиздаги йўталнинг хусусиятларини аниқлаш керак.

Доимий йўтал асосан юқори нафас йўлларининг яллиғланишлари учун характерли бўлиб, у сурункали  бронхитларда, хиқилдоқ ёки кекирдакни сурункали касалликларида ва юрак касали бор беморларда ўпкада қоннинг димланиб қолиши каби холатларда кузатилади.

Бу йўталдан фарқли ўлароқ ўқтин-ўқтин бўладиган йўтал ё сутканинг фақат маълум бир пайтларида ёки гавданинг маълум вазиятларида вужудга келади. Бу холатларда ўпка бўшлиқларидан балғам бронхларга қўйилади ва уларнинг шиллиқ қаватларини қитиқланишлари натижасида йўтал рефлекси чақирилади. Дапкир-дапкир бўладиган хуружсимон йўтал кўкйўтал учун характерлидир. Бунда азобли йўталдан кейин хуштаксимон, узун ва жарангли чуқур нафас олиш кузатилади. У торайган овоз ёриғи орқали ҳавонинг ўтиши туфайли ҳосил бўлади.

Йўтал қуруқ ва нам бўлади. Қуруқ йўтал одатда ларингит, трахеит, бронхит, бронхиал астма кабиларда кузатилса, нам йўтал, яъни бронх йўлларининг шиллиқ қавати яллиғланиб, қийинлик билан кўчадиган балғам ҳосил бўлади. Балғам билан келадиганкасалликларга сурункали бронхит, ўткир зотилжам, ўпка сили, ўпка тўқимасининг йиринглаши каби касалликлар киради.

Бундай беморлар касаллик аломатларини сезган заҳоти мен тумов ёки грипп бўлиб қолдим деб ўйламасдан шифокорга учрашлари зарурдир.

Хайрулла Ражабов, фтизиатр шифокор

Манба: Шифо-инфо газетаси