“Ҳаёт иккала нафас орасидаги лаҳзадир. Юзаки нафас олиб юришга ўрганганлар шундай яримта яшайдилар. Тўғри ва тўлиқ нафас олувчилар эса борлиқни ўзлиги билан тўлдиришга қодир”, деган эди йога таълимотининг асосчиси, қадимги ҳинд донишманди Свами Сватмарама. Нафас олиш биз инсонлар кам эътибор берадиган физиологик ҳолатлардан бири. Негаки бу жараён автоматик равишда, онгости иштирокисиз содир бўлади. Яримта яшаш, деган фикр остида дардман инсон назарда тутилган.

Тўғри-да, баъзилар тўғри нафас олмайдилар ёки буни қандай бажаришдан умуман бехабарлар. Шу ўринда савол туғилади: нафас олиш ўз-ўзидан амалга ошириладиган жараён бўлса, инсон қандай қилиб нотўғри нафас олиш мумкин? Тўғри нафас олиш нима ўзи?

Фото: atriumfitnes.ru

Тўғри нафас олиш ўпка касалликларидан сақлайди.

Инсоннинг бутун ҳаёти нафас олишдан иборат: инсон озиқсиз, сувсиз маълум вақт яшаши мумкин, аммо нафас олишдан тўхтаса, ҳаёт унинг танасини тарк этганлигини англатади. Олимларнинг фикрича, нафас олиш нафақат инсон саломатлигига, балки унинг умр давомийлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатар экан.

АҚШ олимларининг тадқиқотларига кўра, тўғри ва чуқур нафас оладиган инсонларда сил ва ўсма каби хасталикларнинг ривожланиш хавфи тўғри нафас олиш тартибларига амал қилмайдиганларга қараганда бир неча баробар кам экан.

Нафас етишмаслигини организм дарҳол “пайқайди”. Ўпка касалликларининг оғир шаклларида хусусан, ўпка силида баъзида марказий асаб тизими бузилиши оқибатида ҳаракатланишининг издан чиқиши кузатилади. Бу ҳолат кўпинча бош миянинг килородга тўйинмаслиги оқибатида юзага келади. Бош мия ва танани кислород билан таъминловчи восита эса нафас олиш тизимидир. Тўғри нафас олиш саломатлигингизга фақатгина ижодбий таъсир кўрсатади.

Тўғри нафас қандай бажарилади?

Янги туғилган чақалоқнинг нафас олишини ҳеч кузатиб кўрганимисиз? У жажжи қоринчаси билан тез-тез ва бир маромда нафас олади. Шифокорларнинг фикрича, нафас олишнинг айни шу техникаси саломатлик учун фойдалидир. Меъёрида тўғри нафас олиш пайтида қорин ҳудди шардек шишиши, нафас чиқариш вақтида эса пастга тушиши (пучайиши) керак. Бунда нафас олиш жараёни фақат бурун орқали амалга оширилиши керак. Мана шундай нафас олишни мутахассислар тўғри нафас олиш деб атайдилар.

Қолаверса, чуқур нафас олиш асаб тизимини фаоллаштириб, инсонга тетиклик бағишлайди. Чуқур ва секин нафас олиш тинчлантиради, асабий зўриқишларни камайтиради. Тана мушаклари бўшашади ва шунинг ҳисобига иммунитетни мустахкамловчи гормонлар фаолияти кучаяди. Юрак ва бош мияга қон билан бирга кислород етиб келиши яхшиланади.

Фото: yogaworld.ru

Тибет роҳиблари чуқур нафас олишлар ҳисобига диққатни жамлашга ишонадилар. Уларнинг фикрича, диққатни бир жойга жамлаш орқали инсон ўз нафас олиш маромини назорат қила олар экан. Бу эса танада бахт гормони бўлмиш серотонин ишлаб чиқарилишини қувватлайди. Цивилизациядан узоқда, тибет роҳибларининг шунчалик узоқ вақт ва бахтли яшашларининг сири шундадир балки.

Наргиза Утепова тайёрлади.