Мамлакатимизда сил касаллигига қарши кураш ва унинг олдини олиш давлат миқёсидаги вазифалардан бири саналади. Бошқа касалликлар қатори сил касаллигини ҳам даволашдан кўра олдини олиш осон.

Ушбу касаллик нафақат ўпка, балки инсон организмининг тирноқ билан сочидан ташқари барча аъзоларида, шу жумладан, буйракда ҳам учрайдиган касалликдир. Буйрак туберкулёзи одам организмида аста-секин ривожланиб боради. Шу сабабли беморларнинг аксарияти туберкулёзга чалиниб қолганини сезиши қийин бўлади. Узоқ вақт давомида бошқа касалликлар, хусусан, сурункали пиелонефрит, цистит, буйрак тоши, радикулитдан самарасиз даволанадилар. Касаллик тарқалиб, буйрак фаолияти сусайгандан сўнг асоратлар келиб чиқиши натижасида беморларга жарроҳлик муолажалари ўтказиш лозим бўлади. Буйрак туберкулёзи қанча кеч аниқланса, соғайиш шунча қийин кечади.

Буйрак туберкулёзи ҳам юқумли касалликлар сирасига киради. Касалликни сил микробактериялари келтириб чиқаради. Туберкулёз микробактериялари атрофга осон тарқалади. Бемор балғами, пешоби, ярадан чиқаётган йирингда кўп миқдорда учрайди, шу тариқа ташқи муҳитга тез ёйилади. Одамга нафас йўллари ва ҳазм қилиш аъзолари орқали юқиши мумкин.

Туберкулёз касаллиги насл сурмайди.

Буйрак сили сурункали касаллик бўлиб, клиник белгилари микроб юққандан бошлаб беш-ўн йилдан кейин намоён бўлади. Касаллик ривожланиши учун микробактерия юққан организмда ҳимоя воситаларини заифлаштирувчи биологик шароитлар мавжуд бўлиши керак. Буйрак сили белда ўтмас оғриқ, иштаҳа йўқолиши, дармонсизлик билан бошланади. Бемор кечалари терлайди, озади, бел соҳаси тез-тез ачишиб, пешоб пайдо бўлади. Касалликни вақтида, илк босқичида аниқлаш учун ўзида баъзи аломатларни сезган киши шифокорга мурожаат қилиши ва урологик текширувдан ўтиши лозим. Шундагина соғайиб кетиш имконияти кўп бўлади.

Ҳозирги вақтда барча шаҳар ва туман поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, касалхоналар замонавий микроскоп ва ультратовуш текшириш асбоблари билан жиҳозланган. Ультратовуш ускунаси инсон организмига ҳеч қандай зарар етказмайди. Фан-техника тараққиёти буйрак силини эрта аниқлаш билан бирга, самарали даволаш имкониятларини ҳам яратиб беради. Бироқ якуний натижа кўп жиҳатдан беморнинг ўзига, турмуш тарзи ва иродасига, шифокор кўрсатмаларига амал қилишига боғлиқ. Касаллик авж олган босқичда беморни албатта касалхонага ётқизиш, соғайиб чиққандан кейин махсус диспансерда даволанишини давом эттириш зарур.

Ҳозирги замон тиббиёти ўндан ортиқ буйрак туберкулёзига қарши таъсирчан дориларга эга бўлиб, касалликнинг клиник турига қараб бирга ишлатилади. Аммо дори-дармонларни фақат даволовчи шифокор маслаҳати билан ва назорати остидагина қабул қилиш лозимдир.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, беморга барча дори-дармонлар давлат ҳисобидан бепул берилади. Буйрак силини даволашда уч-тўрт хил дори бирга қабул қилиниши яхши натижа беради. Дорилар таъсири остида касаллик таёқчалари парчаланиб, тез фурсатда буйракларда пайдо бўлган яллиғланиш тўхтайди. Бемор бутунлай соғайиб кетиши учун саккиз-ўн ой вақт талаб қилинади. Аксинча, бемор дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилмаса, сил таёқчалари шароитга мослашиб, уларнинг таъсир кучини йўқотади.

Тиббиёт муассасалари шифокорлари буйрак сили касиллигининг белгиларини ўз вақтида фарқлаб, беморларни сил касаллигига қарши муассасаларга юборишса, касаллик тарқалиб, оғир асоратларга олиб келмайди ва соғайишига кафолат беради. Умумий тиббиёт муассасалари шифокорларининг фтизиатр ва фтизиоурологлар билан биргаликдаги режали тадбирларни олиб бориши, буйрак сили яъни нефротуберкулёзнинг камайишига замин яратади.

Хоразм вилояти силга қарши кураш диспансери бош шифокори

Мухиддин Зайиров билан суҳбат жараёнида тайёрланди.

Суҳбатдош Дилрабо КУРЯЗОВА

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube