Ривоят қилишларича, бир куни Луқмони Ҳаким кўчада кетаётса, олдинда бораётган бир қиз дам-бадам қон тупирармиш.

Ҳаким қорама-қора бораверибди. Қиз уйига кириб кетгач, дарвозани тақиллатибди. Бир мўйсафид чиқиб, табибни танибди ва уйга таклиф этибди. Гап орасида Луқмони Ҳаким “қизингиз бедаво дардга учраган, афсуски, муолажанинг иложи йўқ”, дебди. Унинг бу сўзларини эшик ортида эшитиб турган ҳалиги қизнинг юраги бирдан дук-дук уриб, қалтираб йиқилибди ва ҳушидан кетибди. Хуллас, шу бир оғиз сўз оқибатида қиз руҳий дардга гирифтор бўлиб, оламдан ўтибди.
…Кунларнинг бирида қизнинг отаси Луқмони Ҳакимни учратиб қолиб, дебди:
– Тақсир, қизим бедаво дардга чалинганини қандай билиб эдингиз?
– Қизингиз кўчада келатуриб, бот-бот қон туфлаганини кўрган эдим, – жавоб берибди Луқмони Ҳаким.
Буни эшитган чол ўз пешонасига урибди. Кейин сал ўзига келгач:
– Э, аттанг, қизим ўша куни шотут еб эди, сиз кўрган туфук шотут шарбати-ку! Эй аттанг!.. – дебди.
Шунда Луқмони Ҳаким чол олдида тиз чўкиб, узр сўрабди:
– Сиз менга ва биздан сўнгги авлодларга унутилмас сабоқ бердингиз. Бир сўз билан соппа-соғ одамни ўлдириш ёки беморни оёққа турғизиб юбориш мумкин экан! “Дардни билмасанг, яхшиси беморни тинч қўй” деганлари бежиз эмас экан…