Сил касаллиги бутун дунё бўйича глобал муаммо эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Шундай экан, ушбу касалликнинг олдини олиш ва даволаш бўйича республикамиз миқёсида касалликка қарашли бўлган тиббиёт муассасаларида фаолиятлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш кўп ҳолларда ўзимизга боғлиқ бўлади. Бунинг учун касаллик тўғрисида маълумотга эга бўлиш соғлигимизга бўлган эътиборни янада кучайтиради. Бугунги мавзумиз ҳам аҳоли кенг қатламига мўлжалланган бўлиб, сил касаллиги тўғрисида юртдошларимизни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтишни лозим топдик.

— Сил касаллиги авлоддан авлодга  ўтадими  ёки фақат юқумлими?

Наргиза БОБОЖОНОВА, Қўшкўпир тумани

— Бу хасталик авлоддан авлодга ўтмайди. У фақатгина ҳаво-томчи йўли орқали юқади.


— Сил касаллиги билан оғриган фуқароларга даволанишда қандай имтиёзлар бор?

Рохатой АВАЗОВА, Шовот тумани

— Сил касаллиги билан оғриган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланади. Даволаниш муолажалари якунлангандан сўнг саломатлигини мустаҳкамлаш учун махсус санаторийларга ҳам йўлланма берилади. Бундан ташқари, барча шаҳар ва туманларда жойлашган силга қарши диспансер ва оилавий поликлиникаларда сил касаллигини аниқлашда фойдаланиладиган тиббий текширувлар (балғамни текшириш, флюорография, фтизиатр маслаҳати) бепул.


— Сил касаллигига чалинмаслик ва унинг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш зарур? Нималарни кўпроқ истеъмол қилиш керак?

Умид МАТЁҚУБОВ, Гурлан тумани

— Соғлом турмуш тарзига риоя қилиб бориш, гўшт маҳсулотлари, мева-сабзавот ҳамда сут маҳсулотларидан кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.


— Ўпкамда тешик ва чандиқлар бор экан. Уни операциясиз, дори-дармонлар билан даволаса ҳам бўладими?

Шокир ЖУМАНИЁЗОВ, Хазорасп тумани

— Сил касаллиги билан оғриган беморлар икки йўл билан даволанади. Биринчиси — консерватив, яъни дорилар ёрдамида. Бунда беморларда сиз айтаётган тешиклар (бу нарса тиббиётда каверна деб аталади) ёпилиб кетса, жарроҳлик муолажасини ўтказишга эҳтиёж қолмайди. Агар даволанишдан сўнг каверна ёпилмаса, унда тўлиқ даволаниб кетишингиз ва касаллик қайталанишининг олдини олиш мақсадида жарроҳлик муолажасини бажариш мақсадга мувофиқ. Айрим ҳолларда беморларда ўпкадан қон кетиш ҳам қўшилиб келади. Бунда ҳам жарроҳлик амалиётини кечиктириб бўлмайди.


— Сил касаллигидан бутунлай фориғ бўлиш мумкинми ёки унинг қайталаниш хавфи сақланиб қоладими?

Озода ИСМОИЛОВА, Хонқа тумани

— Соғайиш мумкин, албатта. Аммо иммун ҳолат пасайганда, қандли диабет ёки ОИВ касалликлари кузатилганда, касалликнинг қайталаниш хавфи вужудга келиши мумкин. Шунинг учун муолажаларни ўз вақтида олиш ва қўшимча касалликларни ҳам назорат қилиб бориш тавсия қилинади.


— Отам 68 ёшда. Ўпкасида гангрена бор. Шифокорлар ўпкага нафас орқали тушган ёт жисм гангренани пайдо қилган, дейишди. Шундай бўлиши мумкинми?

Насиба МАШАРИПОВА, Хива шаҳри

— Организмга инфекция тушишининг жуда кўплаб йўллари бор. Шулардан бири — нафас олиш тизими. Ўпкада ҳосил бўлган гангренани нафас орқали тушган инфекция пайдо қилган бўлиши мумкин. Бироқ буни чуқур тиббий текширувдан сўнг аниқлаш керак.


— Қон аралаш балғам туфлаш ниманинг аломати бўлиши мумкин?

Садоқат АБДИЕВА , Урганч шаҳри

 — Ўпка ва нафас йўлларининг бир қанча касалликларида қон аралаш балғам туфлаш аломати кузатилади. Масалан, ўпка сили, ўсма, гематологик, қон-томир тизимининг айрим хасталиклари, ўпка яллиғланиши (зотилжам)да бу аломат ташқи белги сифатида қайд этилади. Қон кетиш сабабини кечиктирмай аниқлаш лозим. Бунинг учун фтизиатр қабулида бўлиш, балғам таҳлилини ўтказиш ва флюорография текшируви лозим.

Мазкур саволларга Хоразм вилояти силга қарши курашиш диспансери мутахассислари томонидан жавоб берилди.

Дилрабо КУРЯЗОВА тайёрлади