“Ҳамма қизлар қатори менинг ҳам орзуимдаги “шаҳзодам” бўлган. Синфдошим Шаҳзодни пинҳона яхши кўрардим. У синфимизнинг “Современный” йигитларидан эди. Қимматбаҳо кийимларни дид билан кияр, одоби ҳам гўзал бу ўктам йигитнинг ошиғи олчи эди. Аксарият чиройли, бойвучча қизлар ҳам унга ёқишга ҳаракат қиларди. Мен уларнинг олдида ким бўлибман. Отам ҳам оддий корхона қаровули. Онам фабрикада фаррош. Рўзғор аравасини зўрға тортган ота-онам самимий кишилар эди. Камбағални отнинг устида ҳам ит қопади деганларидек, бир куни отам уйга таъби хира бўлиб қайтди. Отам бўйни бўш кишилар тоифасидан. Хуллас отамни ишдан бўшатишибди. Онам дадамнинг бошлиғига ҳар қанча кўз ёш тўкмасин, фойдаси бўлмади. Кенжа укамнинг аҳволи оғир. Ўтган йили содир бўлган автоҳалокат туфайли бир оёқсиз қолди. Отам айбланувчини жавобгарликка тортмади. Бу бир “фалокатда” деб қўйди. Ҳайдовчи ҳам виждонсиз одам экан, қутулганига шукур қилиб, бирор ёрдам ҳам бермасдан кетиворди.

Баъзан онам отамга жаҳл қилади:  –Сиз ишдан бўшасангиз, аҳволимиз нима кечади? Дилшоджоннинг дориларига қандай пул топамиз?

Силни табиб даволай оладими?

Ишидан айрилган отам ўйловга қолади. Тамакини бурқситиб ҳали у ерга ҳали бу ерга ўтади. Чора топса қани. Бир куни эрталаб уйғонсам, отам эски чинорга суянганча қотиб турибди. Ранги оқариб, кўзлари ола-кула бўлиб қолган. Ёнига яқинлашиб, қўлидан тутганимда бутун вужудимни муздек ҳарорат эгаллаб олди. Отам дарахтга суянганча жон берибди.

Бизни, қандай кунларга ташлаб кетдингиз, дадаси-и…

Дадамнинг азасида аям қоврилиб, куюниб йиғлади. Унинг додини бирор кимса эшитса қани? Худдики, атрофда одам зоти қуриб кетгандек. Онамга далда берадиганлар кам бўлди. Биз-бечора етимларнинг бошини силаганча дунёга дод солди.

-Синглим хафа бўлманг, қизингизни фабрикамга ишга оламан, дейди  секингина пичирлаб дадамнинг собиқ бошлиғи. Ордона қолсин ишинг, дедим бундан аччиқланиб, эшитилар –эшитилмас оҳангда. Онам ноиложликдан рози бўлди. Ўн беш ёшимда фабрикада тикувчи бўлиб ишга кирдим. Онамга рўзғор тебратишга кўмаклашдим.

Бу орада синфдошларим нуфузли университетларнинг талабаси бўлди. Айниқса, кеча таътилда қишлоққа келган Шаҳзодни танимабман. Аввалгидан ҳам кўркли бўлибди. Амалиётини бизнинг фабрикамизда ўтамоқчи эмиш. Буни эшитиб фабрикада унинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилардим. Кунлардан бир кун у мени ошхонада “тутиб” олди. Тўзғиган сочларимни рўмолим ичига яширдим.

-Яхшимисан, Насиба?

-Яхши, қандай бўлишим керак? Қизларга хос манманлик билан жавоб бердим.

-Ўзгариб кетибсан, деди у.

-Ўзгармаган одам қолмади, бир сендан бошқа, -зарда қилдим унга.

У кетди. Сояси ҳам кўринмади. Мен эса деворга суяниб аччиқ-аччиқ йиғладим. Қисматимга, тақдиримга куюндим.

Синфдош қизларнинг турмушга чиқишаётганликлари ҳақида эшитдим. Алам устида баъзи синфдошларимнинг тўйига бормадим. Кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Турмушга чиқмаган, уйланмаган синфдошларим қолмади. Мен –тузалмас дардга мубтало бўлган қизга ким ҳам уйланарди.

Бу орада укам Дилшоджонни ҳам бериб қўйдик.  (У ҳам сил касаллигидан вафот этди).

Стигмага йўл қўйманг!

Ёшим ўттизга яқинлашаяпти, ҳамон фабрикада ишлаб юрибман. Менга ачинганлар кўп бўлди. Ҳамкасбим, аммам, холам, янгам. “Насиба яхши қизда”, “Чаққонлигини, меҳнаткашлигини, айтмайсизми? Аммо менга совчи бўлишга бирор кишининг юраги дов бермади.  Рўзғорни зўрға тебратишимиз етмагандек, аҳволим кундан кунга оғирлашиб борарди. Устига устак кундан кун жиззаки ва бетга чопар бўлиб қолдим. Ҳаётнинг қизиғи қолмади. Яшашга бўлган иштиёқим сўнди. Чўрткесарлик қилиб, онамнинг ҳам кўнглини қолдирдим. Юрагинг сиқилиб, мазмунсиз ҳаёт саҳросида адашиб юраркансан. Ана шундай кунларнинг бирида тоғамнинг хотини “ёрдам қўлини чўзди”. Янгам онамдан мени хотини вафот этган эллик ёшлар чамасидаги бир одамга беришини сўрабди. Олдинига янгамдан хафа бўлдим. Аммо онамнинг: “қизим, бир кун бўлса ҳам бахтли яшашинг керакку” деб ёши катта бўлса ҳам тушунган эркак экан, фарзанд кўрсанг кўникиб қоласан” деган гапидан сўнг тўйга рози бўлдим. Энг ёмони, қуда томон куёвнинг ёшини ҳисобга олишимизни, оқ келинлик либоси унга тўғри келмаслигини айтганда қаттиқ эзилдим. Вақт ҳамма нарсага даво экан. Бунга ҳам рози бўлдим. Куёвникига кетдим…

Турмуш ўртоғим олийжаноб инсон экан. Мени тўғри тушунди. Фарзанд кўришимизга тўсқинлик қилмади. Ҳомиладор пайтимда ҳам кўнглимга қаради. Аммо бу пайтда касалим хуруж қилди. Сил касаллигига чалинганимни сир тутгандим. Бўйимга бўлгач, эримнинг катта қизи шифокорга олиб борди. Менга чақалоқни дунёга келтириш мумкин эмаслигини, аввалроқ бу ҳақда айтмаганим сабабини сўрашди. Мен эса турмуш ўртоғимга ялиниб ёлвордим. Нима бўлганда ҳам фарзандим туғилиши керак. Барча қийинчиликларни бўйнимга олиб чақалоғим дунёга келди. Ҳаммаси жойига тушди, деб ўйлагандим. Ёмон кунлар олдинда экан. Тасодифан Тошпўлат акам (яъни эрим) мендан аввал авто халокатга учраб вафот этди. Қайнопаларим, айниқса кенжа келин тишини қайраб юрган экан. Касалим ҳақида эшитиб қолган экан, қайнотаси вафот этгандан кейин мени эримнинг ҳовлисига бир кун ҳам сиғдирмади. Бир ёшли ўғлим, Шаҳзоджон (ўғлимга унинг исмини қўйганман) билан ота уйимга қайтдим.

“Ўғлим, сен менинг бу дунёда топган энг катта бойлигим бўлдик. Мен яшашни, ҳамма оналар қатори бошингни силаб катта қилишни орзу қилгандим. Илоҳим, умринг узоқ бўлсин, деб хаста онанг!…

“Бу мактубни сил касаллар деспансери яқинидан топиб олгандим”, — дея отам мактуб эгаси янглиғ сарғайиб кетган, 1952 йилда ёзилган икки парча қоғозни қўлимга тутқазди.

Ҳулкар ФАРМОН

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube