Сил — дунёда  кенг тарқалган  юқумли касалликлардан  бири. Қадимдан бери маълум бўлган касаллик ҳали ҳам инсонлар учун хавф туғдирмоқда. 

Жамиятимизни айрим соғлом кишилари сил — уларнинг муаммоси эмас, деб ҳисобламаслиги керак, чунки ҳар биримиз ушбу касалликни белгиларини ва олдини олиш усулларини билмаса, бу дард инсонни ҳаётига зомин бўлади. Сил ҳар йили ер юзидаги аёлларнинг тахминан бир миллион нафарининг ёстиғини қуритмоқда. Сил — бу юқумли касаллик бўлиб, бемор инсон йўталганда сил таёқчалари бошқа инсон организмига тушади ва уни ривожланиши учун яхши муҳит бўлганда касаллик ривожланади.  Бунда касаллик биринчи навбатда ўпкани зарарлайди. Кам ҳолларда мия ва мия қобиғи сили; суяклар, бўғимлар, буйраклар, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам кузатилиши мумкин. Бугунги кунда аксарият сил беморларини даволаш мумкинлиги исботланган. Агар сил касаллигини аниқлаш ва даволаш тўғри ташкил этилса, катъий назорат остида ва тўхтатиб қўйилмасдан олиб борилса, беморлар албатта соғайиб кетади.

Сил бактериялари қандай юқади?

Сил таёқчалари ҳаво орқали тарқалади. Улар касалланган кишиларнинг ўпкасида ривожланади ва кўпаяди. Бунда яллиғланиш юз беради, кейинчалик тўқима зарарлана бошлайди, парчаланиш участкалари коваклар (каверналар) пайдо бўлади. Бу ерда миллионлаб бактериялар тўпланади. Бемор йўталганда, акса урганда, гаплашганда сил бактериялари ҳавога ажралиб чиқади. Сил бактериялари ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин. Агар очиқ (юқумли) шаклдаги сил билан касалланган бемор шамоллатилмаган хонада (квартира, иш жойи, касалхона палатаси, қамоқхона камераси, транспорт) узоқ вақт ўтказган бўлса, шу ердаги хавода айланиб юрган бактерияларнинг сони шунчалик кўпайиб кетадики, улар бошқа кишиларнинг нафас йўлларига осонликча ўтади. Бу — силни юқтиришнинг асосий йўли бўлиб, ҳаво — томчи усули деб аталади. Демак, ҳеч ким сил таёқчаларининг юқишидан ҳимояланган эмас, чунки ҳаво ҳамма учун умумийдир. Силни ҳар кандай ёшда ҳам юқтириш мумкин, айниқса болалар ва камқувват катталар учун бу касаллик катта хавф туғдиради. Бемор билан узоқ вакт ва тез-тез муносабатда бўлинса, касалликни юқтириш хавфи ортади.

Сил бактериялари юққандан кейин нима содир бўлади? 

Касаллик юққандан сўнг ўпка ва бошка аъзоларга тушган сил таёқчалари соғлом тўқималардан алоҳида ажралади, улар атрофида зич қобиқ (капсула) пайдо бўлади. Касаллик ташувчилар касаллик манбаи бўлмайди, яъни касалликни юқтириш — ҳали касал бўлиш дегани эмас. Сил бактерияларини юқтирганларнинг 90 — 95 фоизи ҳаёти давомида бирор марта сил билан касалланмайди. 5-10 фоизида эса уйқудаги сил бактериялари ўз вақти — соатини пойлаб ётади. Иммунитет пасайганда улар сил касаллигини келтириб чиқаради. Айрим ҳолларда, агар организмнинг ҳимоя кучи етарлича бўлса ҳамда бемор билан узоқ мулоқот қилинмаса, инсон ўпкасига тушган сил бактериялари организм ҳужайралари томонидан зарарсизлантирилади ва касаллик юқмайди.

Сил кандай ривожланади? 

Бугунги кунда сил билан касалланганларнинг 50% кеч аниқланади, улардан 10% ида эса касаллик ўтказиб юборилган, кўп ҳолларда  тузалмайдиган шаклга ўтган бўлади. Ўпка тўқимаси сил бактерияларининг кўпайиши учун қулай муҳит ҳисобланади, сил бактериялари у ерга тушганда яллиғланиш содир бўлади, бўртмачалар пайдо бўлади, улар йиринглайди ва йиринг нафас олиш йулларига тушади. Шу тариқа балғам пайдо бўлади. Кичик сил бўртмачалари касаллик зўрайганда бир — бирига қўшилиб, катта бўртмачаларни ҳосил қилади, яллиғланган катта участкалар пайдо бўлади, бу жараён ўпкадаги барча участкаларнинг зарарланиши ҳамда катта парчаланиш бўшлиқларининг юзага келишигача давом этиши мумкин.

Сил — секин ривожланадиган ва узоқ давом этадиган касаллик.

Аммо унинг ўткир ва тез зўраядиган шакллари ҳам мавжуд. Касаллик ўз вақтида аниқланса ҳамда тўғри даволанса, силнинг ривожланишини бошланғич даврдаёк тўхтатиб, ўпка ва бошқа аъзолардаги катта участкаларнинг парчаланишини олдини олиш мумкин. Силнинг белгилари Сил касаллигининг ривожланишида йўтал, қувватсизлик, кўп терлаш, кўкрак қафасида оғриқ, иштаҳанинг камайиши, озиб кетиш, тез чарчаш каби белгилар кузатилади. Силнинг бундай белгиларига кўпинча одамлар кўп эътибор қилмайди ва шифокорга мурожаат этмайди, ёки мустақил даволанишга уринади. Кейинчалик юқорида кўрсатилган барча белгилар зўраяди, уларга қонли балғам кўчиши ҳам қўшилиши мумкин. Йўтал — силга кўпроқ хос белгидир. Агар йўтал 2 ҳафтадан кўп чўзилса, у ҳолда дарҳол умумий профилдаги тиббий муассасага мурожаат этиш ва силга текшириш лозим.

Силнинг белгилари: йўтал, балғам кўчиши кўкрак қафасидаги оғриқ, қонли балғам кўчиши, қувватсизлик, тез чарчаш, кўп тер ажралиши, тана ҳароратининг кўтарилиши.

Қандай қилиб силга тез ва тўғри ташхис қўйиш мумкин? 

Балғамдан суртма олиб силга текширмасдан туриб силнинг аниқ ташхисини қўйиш мумкин эмас. Силни ташхислашнинг энг ишончли ва мураккаб бўлмаган усули балғамни сил бактерияларининг мавжудлигига микроскопик текширишдир. Тиббиёт ходими кузатувида эрталабки балғамни йиғиш керак. Балғамнинг 2 кун давомида йиғилган учта муайян миқдори текширилади. Силни рентген усулида ҳам ташхислаш мумкин — флюорография ва рентгенография. Аммо бу усуллар доим ҳам мутлақо тўғри чиқавермайди. Силни ташхислашнинг яна бир усули- туберкулин синама -Манту реакцияси. Мазкур усул зарарсиздир, аммо унинг аниқлик даражаси юқори эмас. Силнинг ўз вақтида аниқланиши муваффақиятли даволаниш гаровидир. Касаллик белгилари пайдо бўлиши биланоқ дарҳол умумий профилдаги тиббий муассаса — поликлиника, фельдшерлик пункти ёки касалхонага мурожаат қилинг.

Дилшодбек Ҳалилов, 

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси, КТМР Фтизиатрия бўлими мудири. 

 

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube