Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ЖССТнинг силга қарши кураш бўйича глобал конференциясида қатнашмоқда

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Москвада ўтказилаётган «Барқарор тараққиёт даврида силни тўхтатиш: кўп тармоқли ёндашув» мавзусида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг вазирликлар даражасидаги биринчи глобал конференциясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

16 ноябрь куни иш бошлаган тадбирда Россия президенти Владимир Путин сўзга чиқиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарихида биринчи бор ўтказилаётган ушбу халқаро анжуман ЖССТга аъзо давлатлар орасида Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида силга қарши самарали кураш тизимини ташкил этишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Анжуманда жаҳоннинг 120 дан зиёд давлатларининг соғлиқни сақлаш вазирлари, БМТнинг ривожланиш масалалари бўйича муассасаси ва ҳудудий органлари раҳбар ходимлари, сил касалликлари билан ишловчи нодавлат ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари, хайрия фондлари вакиллар иштирок этмоқда.

«Халқаро анжуманнинг биринчи кунида сўзга чиққан вакиллар силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолади», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

БМТнинг ОИВ/ОИТС масалалари бўйича қўшма дастури ижрочи директори Мишель Сидибе, БМТнинг сил касаллиги масаллари бўйича махсус элчиси Эрик Гусби сил касаллиги ва ОИВ инфекциясини даволаш, олдини олишда миллий тажриба бўйича Марказий Осиё минтақаси учун Ўзбекистонда халқаро анжуман ўтказиш таклифи билан чиқди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб, Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворсова билан учрашувлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

 

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube