Шарқнинг буюк табиби Абу Али ибн Сино ўз асарларидан бирида сил касаллига қуйидагича таъриф берган. “Сил – бу юқумли касаллик, уни соғлом одамлардан ажратиш керак, бу касаллик билан иқтисодий жиҳатдан ночор инсонлар кўпроқ касалланадилар”.

Ҳақиқатан ҳам сил касаллиги инсоният билан бирга яшаб, унинг соғлом ҳаёт кечиришига кўпроқ тўсиқ бўлиш эҳтимоли катта бўлган юқумли касалликлардан биридир. Лекин касаллик билан оғриган бемор учун ҳаёт тугаб қолмайди. Фақатгина аҳолимиз ўртасида ушбу касаллик тўғрида тиббий малака ва билим кўникмаларини янада оширишимиз, ўз вақтида соғилиғимизни назорат қилиб боришга одатланишимиз лозим. Бу борада USAID ташкилотининг Project HOPE лойиҳаси кўмагида вилоят ва туманлардаги фтизиатр ва пульмонолог шифокорларнинг малакасини оширишга қаратилаётган эътибор, ушбу касалликни даволашга ихтисослашган касалхоналарни техник таъминоти ҳамда юртдошларимизнинг сил касаллиги ҳақидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилиб келинаётган ўқув семинарлари, акция ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда мазкур жараёнда оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур амалий вазифаларни узвий давоми сифатида бу галги мақоламизда юртдошлариз томонидан йўлланган блиц-саволларга соха мутахассислари иштирокида аниқ жавоблар тайёрлашга ҳаракат қилдик.

-Сил қандай касаллик?

Шохида 22 ёш, Хива тумани.

-Сил бу юқумли касаллик бўлиб, уни сил бактериялари юзага келтиради. Касаллик тананинг барча аъзоларини, кўпроқ ўпкани зарарлайди. Сил касаллиги касал одамдан ҳаво томчи йўллари орқали йўталганда аксирганда юқади. Сил касаллигининг микобактериялари зах жойларда, қуёш нури тушмайдиган айниқса кам шамоллантириладиган хоналарда узоқ вақт сақланади.

-Сил фақат ўпкада учрайдиган касалликми?

Сурайё 37 ёш, Янгибозор тумани.

-Сил соч ва тирноқдан бошқа барча орган ва тўқималар: ўпка, бош мия, кўз, тери, суяк, бўғимлар ва лимфа безлари, ичак, буйрак, жинсий аъзоларда учрайдиган касаллик саналади.

-Айрим юртдошларимиз сил касаллигини яқинларига, қўни-қўшни ёки шифокорларга ошкор этишдан уялишади? Бу тўғри йўлми?

Зокир ака 53 ёш, Хазорасп тумани.

-Бундай хато фикрлаш, касалликни яшириш уни авж олишига, хасталикнинг асоратли, бедаво шакллари келиб чиқишига сабаб бўлади. Энг тўғри йўл, ўз вақтида тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар ҳамда ушбу касалликни даволашга ихтисослашган марказларга мурожаат қилиш лозим.

-Касалланиш хавфи кимларда юқори ва унинг давоси борми?

 -Дилдора 31 ёш, Урганч шаҳри.

Касалланиш асосан узоқ муддат сурункали касалликлар билан касалланиб юрган (қандли диабет, иммун танқислиги синдроми, ошқозон ичак яра касаллиги, сурункали юкори нафас йўллари касалликлари) шахслар, асоциал оилалардаги болалар, сил касаллиги билан мулоқотдагилар айниқса бир оилада яшовчи инсонларда кузатилади. Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш бепул.

-10 ёшли ўғлим сил касаллиги билан хасталаниб қолди ва даволанишни бошлади. Касалликни ҳолатини билиш учун шифокорлар тез-тез рентгендан ўтишни айтишди. Лекин қайнонам бу бола учун хавфли эканлигини айтди. Шу тўғрими?

-Гўзал 35 ёш, Шовот тумани.

-Флюорографик кўрик бу, профилактик мақсадида қилинадиган текширув бўлиб агар сил касаллигига гумон қилинса албатта чуқурроқ текширувларга мурожаат қилишимиз лозим. Ҳар бир текширув усули бир бирини ўрнини босмайди, балки алоҳида аҳамиятга эгадир. Касал бўлган беморни даволаниш жараёнида қанчалик тузалаётганини кузатиб бориш мақсадида белгиланган муддатларда рентген текширувидан ўтишлари лозим. Бу боланинг саломатлигига зарар етказмайди. Соғлом одам йилига 1 маротаба рентген кўрикдан ўтиб туриши сил касаллигини эрта аниқлаш учун ўта муҳимдир.

-Сил касаллигининг қандай белгилари бор?

Шаҳноза 23 ёш, Боғот тумани.

-2-3 ҳафтадан ортиқ йўтал, балғам ажралиши, баъзида асоратланган даврда қон аралаш балғам ажралиши, кўкрак қафасида оғриқ, иштаҳанинг йўқолиши, вазннинг сабабсиз камайиши, умумий ҳолсизлик,тез чарчаш,кўп терлаш, айниқса кечалари, бош оғриғи,  вақти-вақти билан пайдо бўлувчи иситма белгилари билан намоён бўлади.

-Сил касаллиги билан оғриган беморнинг соғайиб кетганини қандай билиши мумкин? 

Аминбой ота 63 ёш, Янгиариқ тумани.

-Беморнинг саломатлиги ҳолатини текшириш учун даволаниш курси бошлангандан 2 ойдан сўнг беморга хамма лаборатор текширувлари яъни унинг балғами текширилади, касалланган аъзо масалан ўпка тўқимаси рентгенограмма қилинади, умимий қон таҳлили ва керакли кушимча текширувлар кўрсатма асосида ва белгиланган муддатда қилиниб борилади. Бемор маълум муддатгача диспансер назоратида туриб керакли текширувлар қилиниб турилади ва охирида хамма текширувлар натижаси ижобий бўлса бемор соғлом ҳисобланиб диспансер назоратидан чиқарилади.

Саволларга олий тоифали фтизиатр-шифокор Зеваржон Джуманова жавоб берди.

Дилрабо КУРЯЗОВА тайёрлади.

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube