Инсон ҳаёти давомида турли касалликлар билан оғриши табиий ҳол. Чунки тирик жон борки, бетоб бўлади, жони оғрийди ёки қандайдир дардга дуч келади.

Тиббиёт соҳасида касалликларнинг кўринишлари, гуруҳлари ҳамда номлари турлича. Хусусан, сил касаллиги нафақат инсоннинг ўпкасида, балки тирноқ ва сочдан бошқа ҳамма аъзоларда ўз аксини кўрсатиши мумкин. Оммавий ахборот воситалари оқали ўпка сили, унинг кўринишлари ҳамда даволаш тартиби ҳақида кўп маълумотлар ўқиймиз, кўрсатувлар кўрамиз ҳамда интернет сайтларидаги мақолаларга кўзимиз тушади. Лекин бугун биз сил касаллигининг кам кузатиладиган тури, яъни тери сили ҳақида сўз юритишни лозим топдик.

Бу мавзуда етарли маълумот олиш мақсадида Хоразм вилояти силга қарши кураш диспансери бош шифокори Муҳиддин Зайировга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

-Тери сили қандай касаллик?

-Тери сили — организмдаги умумий сил инфекциясининг бир шакли, аксарият иккиламчи сил кўринишида вужудга келади. Ҳозирги кунда кам учрайди. Яъни терида касалликни чақирувчи микроб сил таёқчаси (Кох бацилласи) бўлиб, терига тушгандан кейин ҳар хил турдаги аллергик ўзгаришларни юзага келтиради. Хасталик асосан бацилла тарқатувчи беморлар йўталганда, аксирганда, кўзини ишқалаганда, ярадан ажраладиган ажралмалар, пешобдан, генитал ажралмалардан юқиши мумкин.

-Биламизки, сил касаллигининг бир нечта турлари мавжуд. Тери сили ҳам ана шундай касалликлар гуруҳига киради. Тери сили касаллигининг ўзи ҳам турларга ажратиладими?

-Тиббиётда ушбу касалликнинг бир нечта турлари аниқланган ва улар қуйидагича таснифланади.

Бирламчи оддий тери сили. Тери силининг ушбу тури бошқаларига қараганда кўпроқ учрайди. Касалликнинг бошланиши кўпинча болалик ва ўсмирлик даврларида учраб, узоқ вақт давом этади. Одатда беморларнинг юз ва бурун терисига қисқа муддат ичида тошмалар дўмбоқча шаклида тошиб, чуқур бўлмаган аниқ чегарали, сарғиш-қизил тус рангли, атрофга ёйилиб қўшилиб кетадиган ва қийин битадиган яралар ҳосил бўлади. Ярани босиб кўрганда ранги ўзгариб, қизил-сариқ тусли (олма желесига ўхшаш) ажралма ажралади. Бундай кўринишдаги касаллик бирламчи оддий тери силидан дарак беради. Кейинги тур Скрофулодерма ёки коллекватив тери сили деб номланади. У кўпинча болалар ва ўсмирларда кузатилади. Жараён асосан бўйин, қулоқ атрофи оғиз бўшлиғида кўпроқ учрайди. Тери ва тери ости ёғ қатламида овал шаклида, оғриқсиз пушти рангли, зичлашган тугунлар ҳосил бўлиб, тугун устидаги тери ўзгармаган бўлади. Қисқа вақт ичида тугунлар катталашиб, тугун усти териси қизил кўкиш рангда ўзгариб, марказий қисми юмшайди. Касаллик узоқ вақт давом этиши натижасида терида тешиклар очилиб, ичида сарғиш тусдаги йиринг ёки қон аралаш йирингли оқма яра ҳосил бўлади, яралар оғримайди, секин-аста оқма яраси тугаб, яра ўзи бита бошлайди, чандиқланади, лекин шу ўчоқлар атрофида яна тугунлар ҳосил бўлиши кузатилади. Ҳосил бўлган чандиқ инсон терисида умрбод сақланиб қолиши ҳам мумкин. Сўгалсимон тери сили оддий тери силига нисбатан кам учраб, асосан эркаклар орасида кўп тарқалган касаллик саналади. Асосийси, силнинг бу тури қушхона ишчилари ва патанатомлар орасида кўпроқ учрайди. Ушбу тур қўл, бармоқлар ва оёқ кафтида ранги қизғиш-кўкимтир, юзаси дағал кўринишда, нўхатдек келадиган тугунчалар пайдо бўлиши билан кузатилади. Касаллик секин ривожланиб, 10 йилларгача давом этади ва атрофияли чандиқланиш билан якунланади. Шунингдек, мазкур касалликнинг тарқалувчи тери сили формаси асосан сил микроби гематоген тарқалиши натижасида келиб чиқади. Терининг барча қисмида ҳар хил тошмалар пайдо бўлиб, ярали ажралмасида ҳам сил таёқчаларини аниқлашнинг имкони бўлмайди. Тиббиётда тери силининг индуратив шакли ҳам аниқланган. Тери силининг ушбу тури кўпинча аёлларда 25-40 ёшлар орасида, асосан тарқалиши иккала болдир терисида учрайди. Тери ости ёғ қатламида тугунлар пайдо бўлиб, секин-асталик билан улар катталашиб, терини бўртиб чиқади, пайпаслаганда оғримайди. Тугунлар сўрилиб кетиб, ўрнига доғлар пайдо бўлиши ёки ярага айланиб чандиқланиш ҳолати кузатилса, тери силининг тугунчали некротик турида эса тошмалар тугунчали бўлиб, терининг турли соҳаларида тарқалиши ҳолатлари кузатилган. Касалликнинг бу турида теридаги тошмалар дастлаб қизғиш, кейинчалик кўкимтир-қизил тусга киради, вақт ўтиши билан тугунчалар марказида сарғиш некротик ўзгаришлар пайдо бўлиб, нозик атрофияли чандиқланиш билан тугайди.

-Сил касаллигининг ушбу турига қандай ташхис қўйилади?

-Терининг сил касаллиги билан шикастланганлигини аниқлаш учун, текширувлар комплекс турда олиб борилади. Тери сили ташхиси фақат махсус муассасаларда, мутахассис комплекс текширувлар, яъни шикояти, касаллик ривожланиши, клиник кўриниши, сил касаллигини аниқлашдаги синамалар натижалари, бошқа аъзоларда сил касаллиги аниқланиши, теридаги яралар ажралмаларидан сил микобактерияси аниқланиши ва ниҳоят гистологик текширувлар асосида олиб борилади.

Шунингдек, тери сили дифференциал диагностикасида теридаги тошмаларнинг кўриниши турли-туман (полиморф) бўлганлиги боис, тери бир қанча носпецифик яллиғланиши, аллергик дерматитлар, микотик ўзгаришлар, лимфоцитар яллиғланиш, меланодермалар, тери амилоидози ва саркоидози билан таққослаш лозим бўлади. Тери сили барвақт диагностикасида, барча тери касалликлари билан оғриган самарасиз ёки кам самарали даволанган беморларни комплекс текширувлардан ўтказиш катта аҳамиятга эгадир.

-Тери сили қандай даволанади?

-Ушбу касалликни даволашда шуни эсда тутиш лозимки, тери сили ҳам сил касаллигининг бир кўриниши бўлиб, бутун аъзо касаллиги ҳисобланади, шунинг учун ҳам умумий даволаниш тартиби талаб этилади. Силга қарши қўлланиладиган дориларни тери силида умуммаълум ҳамда локал (яъни суртмалар ҳолида) усулларда қўлланиши мақсадга мувофиқдир. Касалликни даволашда нафақат силга қарши дори-дармонлар, балки, даво комплекс физиотерапевтик усуллар ҳам талаб этилади.

Мазмунли суҳбат учун Муҳиддин Зайировга миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда шуни айтиш жоизки, сил касаллиги қулоққа чалинганда қанчалик бедаво дарддек туюлмасин, ушбу касалликнинг ўз вақтида аниқланиши ва комплекс даво чоралари қўлланилгандагина бу касаллик билан оғриган бемор бутунлай тузалиб кетиши ва ўз соғлини қайтадан тиклаб олиш имкониятига эгадир. Шундай экан, ўз соғлиғингизга, яқинларингиз саломатлигига, соғлом жамият ривожига беэътибор бўлманг, азиз юртдошим!

Суҳбатдош Дилрабо КУРЯЗОВА

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube