…Ҳаловат  аянинг ҳаловати бузилди. Кеча тушида эри қўлидан тутиб хира нур томон тортармиш…

Бир ҳовлида икки рўзғор. Қайнонасининг сил бўлганини эшитган келин рўзғорини бўлиб олди. Ҳаловат  опанинг қозони, кенжа ўғлининг ўчоғи бошқа- бошқа…

Кеча пешинда ойимнинг оқ товуғимизни Ҳаловат  аяникига бериб келишимни айтганлари менга ёқиб тушди. Негаки, ая уйига борганларни қуруқ қўймайди-да. Майиз, олма, анор дейсизми беради. Эчки сутидан қилган қурутларини айтмайсизми. Бай..бай… Товуқни қўлтиғимга қисиб катта кўчадан аянинг уйи томон ошиқдим.

Меҳрибон, ширинсўз қўли очиқ Ҳаловат аянинг касблари товуқ қилгич(тўғриси бу касбни номини тўлиқ билмайман. Ойим момогай дейдилар). Ҳозирги фолбинларга ҳам ҳайронсан киши. Қаерингиздир оғриса бўлди. Ё улоқ чиқаради, ё товуқ. Кеча синглимга ҳам фол очириб келишганди. Ичи кетиб ҳолсизланиб қолди. Ойим бўлса жудаям иримкаш. Қарангда энди, ойим дадамнинг “ҳой, бирор ёмонроқ нарса еб қўйгандир” дейишига ҳам қарамай югуриб Мастура фолбинникига чиқибди. Хуллас, синглимга ҳам оқ товуқ ўтказдик.

-Ким бор, Ҳаловат  ая, — аянинг дарвозасини ёпиб  чақирдим (аянинг қопадиган кучуги бор-да).

-Кел, болажоним,- дея мен томонга югуриб келган итини нари қўвиб дарвозани очди ая. Уйга киргач, ая сандал четига кўрпача тушаб “пирмиз”идан чой дамлади. Мачалкадек юмшоқ кўрпачага ўтириб бирам роҳатландимки, авра-астари ҳам яп-янги. Ҳаловат хола дастурхон ёзди. Уй тўридаги парда ортидаги “каталакча”дан косада сарёғ, катта пилакчадан асал, халтадан ёнғоқ олиб қўйди.

-Эрим раҳматлик қаттиқ қўл одам эди, -болам, суҳбатини бошлади ая. Боклаб асал турса ҳам бир қошиқ ишлатгани қўймасди. «Болаларидан яшириб нега бундай қиларкин» дея унинг бу қилиғидан аччиқланардим. -Аммо рўзғоримиз оқсоқланиб уйда ҳеч вақо қолмаганда ўша асаллар жонимизга оро кирарди. Шунда унинг қаттиққўллиги сабабини тушунгандим. Ўшандан буён мен ҳам рўзғорда унинг тутумини қилдим. Дўкондан шакар олиб келдимми, кераклигини олиб қолганини бир кунимга ярайди деб яшириб қўяман. Кенжам рўзғорида отасига ўхшамади. Қўлига пул тушди совуради. Хотини ҳам ўзгинаси. Кўпчилик орқамдан мени ҳам қаттиққўл кампир-да, ўз боласидан егуликларини яшириб қўяди дейишса керак. Бироқ тилладан тоғинг бўлса ҳам бир кун тугайди-да, болажоним. Гўргами Дўстмуроджоннинг рўзғорини ими-жимида пойлаб, кўзимнинг қири билан кузатиб юраман. Уни, ёғи қолмадими чиқариб бераман-да, «Болам менда ҳам охиргиси эди-да, фақат тез қайтарасан», деб шарт қўяман жовуттай. Гапларимни кўнглига олиб хафа бўлиб кетади бечорагинам. Бу шайтонлигим билан уни ҳам топганларини иқтисод қилишга ўргатмоқчи бўламан. Мендан аччиқланса ҳам айтаман «Рўзғор ғор, болам, қанча топсанг ҳам охири кўринмайди. Кези келганда бу ғордан оддий гўгут чўпини ҳам топа ололмайсан-да.»

Қор гуппа-гуппа ёғишига қарамай, Ҳаловат  ая овқат пишириб бўлгач, уйига кириб кетаётган келини ортидан ошхонага борди. Ўчоқ бошида тўкилиб ётган “хейли”(шевада кўп дегани) гуручларни териб кўзига суртди.

Буни кўрган келиннинг тепа сочи тикка бўлди.

-Дадаси, онангизнинг қилиғига қаранг, ошхонага юрганидан кўра уйида ўтирса бўлмайдими? Касалини бировларга ҳам юқтириб қўймасайди. Ўзини билиб уйида ўтирмайдими. Эшигини олдига косага овқат қўйиб келгандим. Олапарга берибди. У киши касал бўлса мендами айб. Ана духтирларнинг ўзи айтган, идиш товоғингизни алоҳида-алоҳида қилинг деб. Устига устак ёш боламиз бўлса, — дея дўқ қилди хотини эрига.

-Эй, қўй онамнинг беш куни борми ёки бир куни. Ахир хонаси ҳам идиш товоқлари ҳам алоҳида-ку?! Юқса ана қўшнимизнинг қизи Нодирага юқарди. Яхшиям шу қўшнимиз бор. Қизи Нодирадан ҳар куни овқат чиқартириб юборади.

Ҳаловат  ая тўкилган бир коса гуручни тозалаб ювди-да, парда орқасига олиб қўйди. Кейин оғзига талқон солиб сандалга узоқ ўтирди. Хаёлидан кўп очарчилик кунлари ўтди…

Шу пайт эшиги қаттиқ таққиллади.

-Ойи, уйдамисиз?- эшик ортидан ўғлининг овози эшитилди.

-Ҳа, ҳозир, Ҳаловат  ая желагини бошига кийиб ташқарига чиқди.

-Озгина гуручингиз йўқми, ойи? Элшоджоннинг иситмаси кўтарилибди. Ўзингиз айтардингиз-ку иситмаси чиқса гуручдан “шулла” қилинглар деб, — тиланиб гапирди ўғли.

-Берсам касалим юқиб қолмасмикан ўғлим. -жавоб берди ая.

-Эй, йўқ, бераверинг.

Ўғли кетгач, уларнинг уйи томондан эр-хотиннинг жанжаллашгани эшитилди.

-Боламга буни едирмайман. Ойингизнинг касали юқиб қолади. У кишини касалини била туриб буни кўтариб келаверасизми? Келин гуручларни дарвоза олдидаги ахлат идишга солди.

Абдувосит лом-лум демади. Қайтанга хотининг гапини маъқуллади.

-Тўғри айтасан, худо бир асрадия, болагинамга юқиб қолса борми?..

…биров-бировни танимайдиган даражада туман чор-атрофни қоплаб олди. Ҳаловат  ая уйини қулфлаб ҳожатхонага таёғини таққиллатганча инқиллаб-инқиллаб борди. Ичкарига киришга кучи етмади ҳам. Ярим йўлда чўнқайиб қолди. Кейин бирдан касали хуруж қилди. Кейин ўпкаси узулгудек қаттиқ –қаттиқ йўталди. Шу пайт оппоқ қор устини алвон лолалар безади. Кўзи тиниб, гуппос йиқилди.

Ҳаловат  аяни «ёғоч от»га миндириш қийин бўлди.  Мункайиб қотиб қолган гавдаси халақит қилди.

…ўлганига ярим кун бўлибди-ю мунофиқ боласи хабар олмабди-я… дея бошини силкитади маъракага келганлар.

Қишлоққа миш-миш тарқади. Ҳаловат  аянинг хазинаси бор эмиш. Шу сабаб уйи калитини ҳожатхоналарининг орқасига бекитиб қўйганмиш. Тириклигида ақалли бир коса овқат узатмаган аянинг катта, ўртанча ўғиллари ҳам бу хабарни эшитиб узоқдан югуриб келишди. Калитни топгач, аянинг уйини очишибди. Пилак-пилак асал, ёғ, сарёғ, қовурилган гўшт, халта- халта ёнғоқ, майиз, унни, тепа тоқчадаги икки миллион сўмни кўрган маҳалла оқсоқоли аянинг ишига лол колди. Аянинг маъракаси нима бўлибди, буларга ўнта марҳумнинг маракасини ҳам ўтказса бўлади-ку! Буни қаранг, маъракада ўғилларим сен менга бормасин, биров ёзилган дастурхонимга кулмасин деганда бечора.  Эҳ Ҳаловат ая, Ҳаловат ая. Эҳ, одамлар, одамлар…

Ҳулкар ФАРМОН