Шу йилнинг 24 сентябрда Ўзбекистон ва Тожикистон республикаларидан юборилган сил касаллиги бўйича мутахассислар Германиянинг Гаутинг  шаҳрида жойлашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг  Миллатлараро референс лабораториясида лаборатория биохавфсизлиги бўйича ўтказилган махсус тренингда қатнашдилар.

Бир ҳафта давом этган тренинг дастурида мутахассислар сил билан касалланган беморларга тез ва аниқ тестдан ўтказиш хизматларини кўрсатиш ҳамда лаборатория хизматчилари учун хавфсиз иш муҳитини ташкил қилиш учун муҳим бўлган малакаларни ўзлаштирдилар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Миллатлараро референс лабораторияси миллий силга қарши кураш дастурларига ЖССТнинг силга ташхис қўйишга оид тавсиялари ва сифатни назорат қилиш стандартларини амалга оширишда ёрдам беради ҳамда уларни баҳолайди. Сифатли лаборатория хизматлари силга қарши курашда муҳим роль ўйнайди, шунинг учун тренинг қатнашчилари ўрганган янги малакаларини нафақат ўзларининг лабораторияларида тадбиқ этади, балки Ўзбекистон ва Тожикистондаги минтақавий ва вилоят лабораторияларидаги ҳамкасабаларига ҳам ўргатадилар.

Германияда ўтган ушбу ўқув сафари USAIDнинг бутун Ўрта Осиёда силга қарши ташкилотлараро ҳамкорлик ва координацияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистондаги силга қарши кураш дастури доирасида ўтказаётган билим алмашинувига қаратилган кўплаб фаолиятга мисол бўлади. USAID Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлигини Миллий силга қарши дастурини бажаришда ва аҳоли, шу жумладан унинг ижтимоий заиф гуруҳлари орасида ташхис қўйиш, даволаш ва силнинг олдини олишнинг янада самарали ва мавжуд услубларини тадбиқ этишда қўллаб-қувватламоқда.

USAIDнинг силга қарши кураш учун беш йиллик дастурининг асосий мақсади сил касаллиги оқибатларини камайтириш ва силнинг кўплаб дориларга турғун шакллари ривожланишининг олдини олишдан иборат.  Дастур кенг кўламли тиббий масалаларни, жумладан  соғлиқни сақлаш соҳасини мустаҳкамлаш учун соғлиқни сақлаш  ходимларини ўқитиш, ташкилотлараро ҳамкорлик ва координацияни мустаҳкамлаш ҳамда кенг оммага силга ташхис қўйиш ва даволаниш имкониятларидан фойдаланишни янада осонлаштириш каби масалаларни ўз ичига олади.

Дўстларингиз билан бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Telegram
Share On Odnoklassniki
Share On Youtube