Жаҳонда илк бор лаборантлар учун “myTBHain” инновацион мобил иловаси яратилди. 

Сўнгги йилларда сил касаллигининг микобактериологик диагностикаси жадал суратда ривожланиб бормоқда. Соҳага янги тезкор текширув усулларининг кириб келиши диагностик намуналар таркибидаги сил қўзғатувчисини сифатли ва самарали аниқланишига олиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида бемор учун ўз вақтида тўғри даво муолажасининг қўлланилишини таъминламоқда.

Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар силнинг лаборатор диагностикасига Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тарафидан расман тавсия этилган, Германиянинг Hain Lifescience компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган сил қўзғатувчисини қисқа вақт мобайнида полимер занжир реакция (ПЗР) усули ёрдамида аниқлаш ва силга қарши дори воситаларига сезгирликни билиш имконини берувчи GenoType MTBDRplus ва GenoType MTBDRsl тест тизимларини жорий этмоқда.

“myTBHain” интерфаол мобил иловаси сил қўзғатувчисини Hain Lifescience (GenoType MTBDRplus ва GenoType MTBDRsl) молекуляр — генетик тест тизимлари ёрдамида аниқлайдиган лаборатория мутахассисларини ўқитиш ва амалий кўникмаларини мукаммаллаштириш, шунингдек юқори малакали лаборантларни тайёрлайдиган тренерлар учун мўлжалланган.

 “myTBHain” мобил иловасининг интерфейсида сил қўзғатувчиси бўлмиш Mycobacterium Tuberculosisнинг ДНК-матрицасини гибридизация усули ёрдамида аниқлайдиган махсус мембрани стриплари тўлиқ акс этади. Фойдаланувчига иловада, GenoType MTBDRplus ва GenoType MTBDRsl усулларида қўлланиладиган стрипларни уларга интеграция этилган шаблон билан биргаликда кўрсатилади. Фойдаланувчидан интерфейсда тақдим этилган тест вариантини визуал баҳолаш ва тўғри жавобни қайд этиш сўралади. Сўнг илова махсус алгоритм асосида танланган жавобни тўғри жавоб билан солиштиради ва фойдаланувчининг ўзини баҳолайди. Иловага лаборантнинг амалиёти пайтида кузатиладиган кўплаб стриплар интеграция қилинган. Ушбу илова ёрдамида доимий машқ қилиш лаборант томонидан натижани баҳолашда йўл қўйиладиган техник хатоликларни минимал ҳолатга келтиради, бу эса ўз навбатида реал амалиёт пайтида сохтамусбат ва сохтаманфий натижалар берилишининг олдини олади.

Илованинг қулай интерфейси, ундан турли ёшдаги лаборатория мутахассислари фойдаланишлари имкониятини кенгайтиради. Илова ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлайди, бу эса ундан фойдаланишнинг географик нуқтаи назардан имкониятларини янада оширади.

“myTBHain” интерфаол мобил иловасининг сил молекуляр-генетик диагностикасига тадбиқ этилиши сифатли лаборантларни тайёрлаш ва ўқитишдаги янги инновацион йўлни очиб беради.

Зухриддин НУРИТДИНОВ,

ZINNOLAB жамоаси раҳбари,

Иқболжон АБДУЖАББОРОВ.