Сил ижтимоий касаллик бўлиб, унинг келиб чиқиш сабаблари турмуш тарзи, теварак-атроф ва бошқа ташқи омилларга боғлиқ. Ҳукуматимиз аҳолини бундай хавфли касалликлардан муҳофаза қилиш ва тиббий хизматни яхшилашга қаратилган вазифаларнинг ташаббускори бўлиб келмоқда.

 Тўлқин АШУРОВ, вилоят сил касалликлари диспансери бош шифокори:

-“Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида ҳам тиббий хизмат сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техника базасини, жумладан, хайрия ташкилотлари ва ҳомийларнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига янада мустаҳкамлаш ва ундан самарали фойдаланиш устивор вазифалар қаторида белгиланган. Шу ўринда силга қарши курашда ДОТС дастури қўлланилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Бу дастурнинг асосий йўналиши ўпка силининг юқумли шакли билан касалланган беморларни лаборатория усули билан аниқлаш, уларни дори-дармонлари ўз вақтида олинишини кузатиш, даволаш ишларининг бориши ва натижаларини таҳлил қилишдан иборат.

Рустам ДЎСТМУРОДОВ, Ибн Сино номли сиҳатгоҳ бош шифокори:

Силга чалинган беморга тиббий хизмат бепул

– Абу Али ибн Сино бундан минг йиллар олдин нафас аьзолари, ўпка силининг келиб чиқиш сабаблари, даво чоралари ҳақида маълумотлар берган. Аллома “Тиб қонунлари” асарида дарддан фориғ бўлишда дори-дармонлар билан бирга бадантарбия машқлари, вақтида овқатланиш ва дам олиш муҳим омил эканлигини кўрсатиб ўтган. Касалликнинг фаол жараёнида диспансерда ётиб даволанаётган кишилар йўлланма билан сиҳатгоҳимизга келгач, замонавий тиббиёт асослари ва қўшимча даволаш муолажаларини қабул қилади. Тоғ ёнбағрида жойлашган сиҳатгоҳимизда зарур микроиқлим мавжуд. Ҳудудда 2 минг дан зиёд дов-дарахт мавжуд. 5 минг тупдан зиёд атиргул ва бошқа гуллар атрофга ўзига хос чирой бахш этиб турибди. Демоқчиманки, куз ва баҳор ойларида қўзғайдиган сил касаллиги билан оғриганларга табиий иқлим шароитида кислородга бой ҳаводан нафас олиш имконияти бор. 200 ўринга мўлжалланган сиҳатгоҳимизда ҳозир 135 нафар бемор даволанмоқда. Айни пайтда уларнинг таомномасини дармондориларга бой озуқалар ва турли хил гиёҳлардан тайёрланган дамламалар билан бойитишга эътибор қаратаяпмиз. Физиотерапия хоналарида 12 турдаги тиббий ускуна бўлиб, беморлар навбати билан улардан фойдаланадилар. Даволаш машқлари хонаси ҳам зарур спорт жиҳозлари билан таминланган. Айниқса, шифобахш доривор ўсимликлар, мусаффо табиат, кўнгилли дам беморларнинг тезроқ соғайиб, оиласи бағрига қайтишида муҳим омил бўлаётир.

 Шоҳиста СУЛТОНОВА, диспансернинг болалар бўлими мудири:

– Мамлакатимизда аҳолини силдан ҳимоя қилишнинг энг мақбул ва муҳим чораси бўлган эмлашга катта эътибор берилаётир. Бу ишга айниқса, чақалоқ дунёга келган дастлабки кунлариданоқ киришилиши катта аҳамият касб этади. 3-4 кунлик чақалоқ БЦЖ вакцинаси билан эмланиб, унинг организмида ушбу касалликка қарши ўзига хос иммунитет ҳосил қилинади.

Ҳаёт давом этиши учун берилаётган ёрдам ёки яна бир бор сил касаллиги хусусида

Қайта эмлаш бола 7-15 ёшга кирганда амалга оширилади. Бундан ташқари касалликни эрта аниқлаш учун ҳар йили 14 ёшгача бўлган болаларга туберкулин синамаси қўйилади. Хасталикка чалинган ёки унга мойиллиги бор болалар лаборатория текширувидан ўтказилиб, даволаш муассасаларига ётқизилади сўнг сиҳатгоҳларга йўлланади. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда силнинг олдини олиш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ғамхўрликнинг аниқ ва мақсадли намунасидир.

Сайфулла БЕКТОШЕВ, диспансер қошидаги ДОТС маркази раҳбари:

– Мазкур долзарб муаммо олдида бугун нафақат мутахассислар, балки аҳоли ҳам кенг тушунча ва тиббий саводхонликка эга. Айниқса, ДОТС дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши даволанаётган беморларни ҳар томонлама қулай ва сифатли тиббий хизмат туридан фойдаланишга ундаган бўлса, иккинчидан, уларнинг ўз соғлиқларига нисбатан масъулиятлироқ бўлишга даъват этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу дастурнинг вилоятда татбиқ қилиниши шу ердан бошлаб бошқарилади. Жумладан, врачлар ва ҳамшираларни ўқитиш, тренинглар ўтказиш ўз вақтида ташкиллаштирилмоқда Касалликни аниқлаш, даволаш жараёнларининг бориши, лабораториялар фаолияти кузатиб борилмоқда. Кузатиш, жамлаш ва бошқа юмушлар компьютер орқали бошқарилади. Айтиш керакки, вилоятдаги мавжуд шифохона, туманлардаги диспансерлар Бельгиянинг “Damein fond” ва Германиянинг “KFW bank” ташкилотлари томонидан бепул тиббий асбоб-анжомлар, лаборатория жиҳозлари, дори-дармонлар билан таьминланган. Воҳанинг энг олис бурчагидаги ҚВП ва бошқа тиббиёт муассасаларидан шифокорлар ДОТС дастури асосида ўқитилган. Дастур йўл-йўриқлари билан қуролланган тиббиёт ходимлари касалликни эрта аниқлаш ва даволаш ишларининг самарадорлиги учун ўз ишларига билим ва малака билан ёндашмоқдалар.

Нигора ХОЛИҚОВА, вилоят болалар сил касалликлари санаторийси бош шифокори:

Сил касаллигига чалинган шахсларнинг қонундаги мажбуриятлари қандай?

– Нафас аъзолари, ўпка сили ва силнинг бошқа тури билан оғриганларни табиатнинг ўзи даволайди, деган ҳикматли сўз бежиз эмас. Санаториямизга вилоятимизнинг турли бурчакларидан болалар келиб соғлиқларини тиклайдилар. Бу ерда болалар аввало қайта текширувдан ўтказилади. Сўнгра улар қўйилган ташхис бўйича даво муолажаларини оладилар. Шу билан бирга ўқувчилар сиҳатгоҳимиздаги мактабда таълим-тарбия оладилар. Тўгаракларда қатнашиб, ўзлари қизиққан касб-ҳунарлар билан машғул бўладилар. Табиат қўйнига саёҳат эса танага куч-қувват бағишлайди. Чунки, табиат мўъжизаларидан завқланиб, хуш таассуротларга эга бўлиш, болаларга кўтаринки кайфият бағишлайди. Бу ҳам касалликни бир қадар чекинишига олиб келади. Спорт майдончалари, ўйингоҳ, дам олиш хоналари, клубда ўтказиладиган тадбирлар болаларга руҳий озуқ бағишлаб, малҳам бўлувчи дориларнинг қувватини, самарасини янада оширади.

Жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган сил касаллиги дунё тажрибаси, тадқиқотлар натижаларидан маълумки, давосиз эмас. Аввало, инсоннинг ўзи соғлигига эътибор қилиши зарур. Тиббиёт фани эришган ютуқлар эса хасталикни бартараф этишга қодир. Ўзини, яқинлари, атрофдагиларни ўйлаган хаста киши албатта, касалликдан фориғ бўлиш учун ўзида куч топа олади.

Ҳа, сил касаллиги муассасаларида фаолият юритаётган шифокорлар ўз олдига бир мақсадни: беморлар қалбига йўл топиб уларнинг тузалиб кетишларига далда бўлишликни қўйишган. Зотан ҳазрат Навоийнинг шундай сўзлари ёдимизга келади: Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, каъба вайрон бўлса обод айлагай. Дарвоқе, сил касаллиги даволаниш муассасаларидан қайтар эканмиз у ердан тузалиб эсон,омон хурсандчилик кайфиятида оиласи бағрига шошилаётган кўплаб беморларга дуч келамиз.

Ҳа, мустақиллик бизга ана шундай улуғ, унутилмас онларни ҳадя қилди. Зеро, улар яшашдек олий неъматдан баҳраманд бўлиб тақдирнинг ҳар қандай синовли йўлидан омон ўтишди. Зотан, сабр бекати тарғиботчилари-оқ ниятли, оқ халатли шифокорлар бор экан, беморлар касаллик чегарасини забт этишади.

Ҳулкар ФАРМОН қизи,

Қашқадарё вилояти